Қорақалпоғистон Республикасида жорий мавсумда зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, республика бўйича 10 та махсус отряд шакллантирилиб, улар замонавий техника ва воситалар билан таъминланди. Жумладан, 8 та ВП-1 русумли агрегат, 11 та ОВХ-600 пуркагичли трактор, 10 та юқори унумли УМО пуркагичли автомашина, 90 та моторли қўл аппарати ҳамда махсус сув ташувчи техникалар жалб этилган.
Зарарли чигирткаларнинг тарқалишини олдиндан аниқлаш ва кураш тадбирларини ўз вақтида ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати томонидан 2026 йил 16 мартдан бошлаб туманларга бириктирилган махсус отрядлар иштирокида кенг қамровли мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Кузатувлар давомида чигирткаларнинг тухум қўйган майдонлари аниқланиб, зарарланиш хавфи мавжуд ҳудудлар бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Маълумки, республика ҳудудида чигирткалар ривожланиши учун қулай бўлган 3 миллион гектардан ортиқ майдон мавжуд. Шу боис ҳар йили ўртача 80–90 минг гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирлари амалга оширилади. Жорий йилда эса 95 минг 750 гектардан ортиқ майдонда кимёвий кураш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Республика ҳудудида зарарли чигирткаларнинг ривожланиш ва тарқалиш муддатлари инобатга олинган ҳолда кимёвий ишлов бериш ишлари май ойидан бошланди. 2026 йил 15 июнь ҳолатига кўра, 50 минг гектардан ортиқ майдонда кимёвий кураш тадбирлари амалга оширилди. Ҳозирги кунда республика бўйича ҳар куни ўртача 1 минг 600 гектар майдонда кимёвий ишлов бериш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудлардан зарарли чигиртка тўдаларининг кириб келишининг олдини олиш мақсадида кучайтирилган мониторинг ва назорат тадбирлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Бу эса эҳтимолий хавфларни ўз вақтида аниқлаш ва тезкор чоралар кўриш имконини бермоқда.
Бугунги кунда олиб борилаётган тизимли мониторинг, замонавий техника ва воситалардан самарали фойдаланиш ҳамда кимёвий кураш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш натижасида қишлоқ хўжалиги экинларини зарарли чигирткалардан ишончли ҳимоя қилиш, ҳосилдорликни сақлаб қолиш ва аграр соҳада барқарорликни таъминлаш бўйича изчил ишлар давом эттирилмоқда.
Атабек Дауков,
Қорақалпоғистон Республикаси Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати бошлиғи ўринбосари.



