Сув хўжалигида бозор механизмлари: самарадорлик ва тараққиёт сари муҳим қадам


Беруний туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги “Сув хўжалиги соҳасида бозор механизмларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–99-сон Фармони мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондаги сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, тегиш­ли идоралар масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарни “Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи Р.Раҳимов очди ва бошқариб борди. Тадбирда “Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий этиш” давлат муассасаси директори Р.Шаропов, Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бош­қармаси бошлиғи С.Урунбаев, Қорақалпоғис­тон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймовлар сўзга чиқиб,  сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, соҳага бозор механизмларини жорий этишнинг аҳамияти ҳақида кенг тўхталиб ўтдилар.

Тадбирда Президент фармонида белгиланган устувор вазифалар атроф­лича муҳокама қилинди. Жумладан, сув етказиб бериш хизматларини иқтисодий самарадорлик ва бозор тамойиллари асосида ташкил этиш, сув хўжалиги объектларини бошқаришда давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш, сув ҳисобини юритиш ва бошқариш жараёнларини рақамлаштириш масалалари юзасидан тушунтириш­лар берилди.

— Мамлакатимизда кейинги йилларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув таъминоти тизимини модернизация қилиш ва соҳага замонавий бошқарув усулларини жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди, — дейди, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари ­Т.­Мадиреймов. — Айниқса, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чекланганлиги ва қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бораётгани мазкур соҳада мутлақо янги ёндашувларни талаб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбарининг ПФ–99-сон Фармони сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисоб­ланади.

Бугунги кунда сув ресурсларини бошқаришда самарадорликни ошириш, соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш ва замонавий бозор механизмларини жорий этиш нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Зеро, сув — мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминловчи стратегик ресурс ҳисобланади.

Семинарнинг амалий қисмида иштирокчилар Беруний ва Элликқалъа туманларида сув хўжалиги объектлари ҳудудларида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Хусусан, Қирғоқ ҳимояловчи дамбалар ва ўзан ростловчи иншоотлар бошқармаси раҳбари Э.Алимов соҳил бўйларида шартнома асосида олиб борилаётган ишлар, бошқарманинг ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш бўйича тажрибаси ҳамда соҳага бозор механизмларини татбиқ этиш орқали эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари Элликқалъа туманидаги «Ақчакўл» дам олиш маскани фаолияти билан ҳам танишиб, сув объектлари атрофида туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалий ишлар натижаларини кўздан кечирдилар.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган ПФ–99-сон Фармони асосида сув хўжалиги соҳасида бошқарув самарадорлиги янада ошиши, инфратузилманинг техник ҳолати яхшиланиши, хусусий сектор иштирокининг кенгайиши, янги иш ўринлари яратилиши ва энг муҳими, сув ресурсларидан фойдаланиш маданиятининг янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда.

Бу эса мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини замонавий, иқтисодий барқарор ва рақобатбардош тизимга айлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Ғ.Отажонов.