Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва инфратузилмани замон талаблари асосида янгилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган Президент қарор ва фармонлари халқ ҳаётида муҳим ўзгаришларга замин яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда кейинги йилларга мўлжалланган дастурларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам ана шундай эзгу мақсадларни изчил давом этдиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу қарор Кегейли тумани аҳолиси томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Чунки қарор асосида туманда аҳоли учун долзарб бўлган қатор муаммоларни ҳал этишга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар белгиланган.
Аввало, ичимлик суви таъминоти соҳасидаги муаммоларга эътибор қаратилаётгани аҳамиятлидир. Узоқ йиллар давомида айрим маҳаллаларда тоза ичимлик суви етишмаслиги, эскирган тармоқлар сабаб сув босими пастлиги аҳолини қийнаб келаётган эди. Энди эса туман бўйича 234 километр сув тармоқларини тортиш, 6 та қудуқ қазиш ва 4 та ичимлик суви иншоотини қуриш ишлари амалга оширилади. Бу ишлар учун 56 миллиард 197 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Натижада, аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси янада яхшиланиб, сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич бартараф этилади.
Шунингдек, туман ҳудудида 67 километр ичимлик ва оқова сув тармоқларини тортиш ҳамда 7 та сув объектини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 27 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгилангани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Илгари оқова сув тизимининг етарли эмаслиги санитария ҳолатига салбий таъсир кўрсатган бўлса, эндиликда бу ишлар аҳоли саломатлиги ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳам асосий вазифалардан бири этиб белгиланган. Туман ҳудудидаги 20 километр автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 28 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Бу эса аҳолининг қатнови учун қулайлик яратиб, транспорт ҳаракатини хавфсиз ва тезкор қилишга хизмат қилади.
Айниқса, Нукус–Тахтакўпир халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг туман ҳудудидан ўтувчи 22 километр қисми таъмирланиши муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади. Мазкур ишлар учун 30 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Илгари ушбу йўлда ҳаракатланишда юзага келган ноқулайликлар, транспорт воситаларининг ортиқча вақт ва харажат сарфлаши каби муаммолар таъмир ишларидан кейин анча қисқаради.
Қишлоқ аҳолисининг энг кўп мурожаатларидан бири бўлган электр таъминотини яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар режалаштирилган. Бу мақсад учун 13 миллиард 173 миллион сўм маблағ ажратилиб, 53 километр электр тармоқлари тортилади ҳамда 12 та трансформатор пункти ўрнатилади. Бу ишлар натижасида электр кучланишининг пасайиши, узилишлар ва қувват етишмовчилиги каби муаммолар сезиларли даражада камаяди.
Сув хўжалиги соҳасида ҳам амалий ишлар давом эттирилмоқда. Аввал “Жилўан-жап” каналининг 1 километри бетонлаштирилган бўлса, энди ушбу қарор асосида каналнинг яна 14 километрини бетонлаш ишлари амалга оширилади. Бу ишлар учун 8 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Натижада, сувнинг исроф бўлиши камайиб, томорқа ерларига сув етказиб бериш имкониятлари кенгаяди. Бу эса қишлоқ аҳолисининг даромад манбаларини оширишга ҳам хизмат қилади.
Таълим ва спорт соҳаларида ҳам муҳим лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, 19-сонли мактаб биносини таъмирлаш, Халқобод ҳудудида янги мусиқа мактаби қуриш ва “Бахтли” МФЙ ҳудудидаги спорт мактаби филиали биносини таъмирлаш ишлари учун 14 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бу эса ёшларнинг билим олиши, санъат ва спорт билан шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратади.
Президент қарорида саноат соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Туманда қизилмия ўсимлиги илдизларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда тўқимачилик йўналишларини ривожлантириш бўйича янги имкониятлар яратилади. Бу эса янги иш ўринлари ташкил этилишига ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Нукус–Тахтакўпир автомобиль йўли бўйлаб камида 60 та хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш учун ер майдонларини аниқлаш ва аукцион савдоларига чиқариш ишлари амалга оширилади. Натижада янги тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлиб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ошади ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилади.
Энг муҳими, ушбу лойиҳаларнинг барчаси аҳолининг кўп йиллик муаммоларини ҳал этиш, турмуш фаровонлигини ошириш ва ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Албатта, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг назорати ва фаол иштироки муҳим ўрин тутади.
Бугун Кегейли туманида амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари “Инсон қадри учун” тамойили амалда ўз ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.
Байрам Искендеров,
Халқ депутатлари Кегейли тумани Кенгаши котибият мудири.



