КЕЛАЖАК ЖУРНАЛИСТЛАРИНИ ТАРБИЯЛАЁТГАН ФИДОЙИ УСТОЗ


Байрам арафасида Қорақалпоқ давлат университети Масс-медиа ва оммавий коммуникациялар кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Зияда Қожиқбаева билан устоз-шогирдлик анъаналари, бугунги ёшларнинг изланишлари ва замонавий журналистика таълимининг ўзига хос сирлари ҳақида суҳбатлашдик.

Моҳир педагог нафақат талабаларга назарий билим беради, балки у “Ёш журналистлар” клуби орқали йигит-қизларни ҳақиқий ижодий муҳитга олиб кириб, келажак соҳа эгаларини камолга етказаётган жонкуяр устоздир.

— Зияда опа, ҳаётингизни ­айнан бўлажак журналистларга дарс ­бериш, уларни касбга ­тайёрлашдек масъулиятли вазифага бағиш­лашингизга нима туртки бўлган?

— Болалигимдан китоб дунёсига ошно бўлиб ўсдим. Сўз сеҳри ва матбуотнинг жамият ҳаётидаги ўрни мени ҳамиша ўзига жалб қиларди. Вақт ўтиб англадимки, журналистика — ижтимоий муаммоларни дадил кўтариб чиқадиган, одамларнинг дарду қувончига шерик бўладиган ва ҳақиқатни холис етказадиган ўта шарафли соҳа. Бундай қудратли майдонга қадам қўяётган ёшларга тўғри йўналиш бериш, уларнинг қалбида касбий масъулият ва садоқат туйғусини шакллантириш — олий бахт. Шу боис, ўз илмий ва педагогик фаолиятимни айнан бўлажак журналистларга сабоқ беришга бағиш­ладим ва бу танловдан асло афсусланмайман.

— Бугунги замон талабасига таълим беришнинг юки ва масъулияти бўлакча. Дарс жараёнида кўпроқ қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратасиз?

— Менинг асосий тамойилим — назария ва амалиёт уйғунлигидир. Бугунги талаба фақатгина дарсликдаги қоидалар билан чекланиб қолмаслиги керак. У олийгоҳ остонасидаёқ интервью олиш, мақола ёзиш, ахборотни саралаш ва чуқур таҳлил қилиш кўникмаларини пухта эгаллаши шарт. Бундан ташқари, замонавий журналист медиамакондаги тезкорликни таъминлаш учун рақамли технологиялар, мультимедиа воситалари ва ижтимоий тармоқлар билан ишлашни мукаммал билмоғи лозим.

— Янги авлод, яъни бугунги креа­тив ёшлар билан тил топишиш, уларни ижодга йўналтириш осон кечяптими?

— Ёшлар билан ишлаш доимий изланишни талаб этади. Бугунги авлод жуда синчков, янгиликка чанқоқ ва ўзига хос фикрлайди. Уларни ­муайян қолипга солиб бўлмайди. Шу боис, ҳар бир талабанинг ички салоҳиятини вақтида пайқаб, уларга индивидуал ёндашишга ҳаракат қиламан. Мен уларни эркин фикрлашга, ўз мустақил позициясига эга бўлишга ундайман.

— Шогирдларингизнинг ютуқлари ҳақида гапирганда, қайси жиҳатларни алоҳида фахр билан тилга оласиз?

— Қувонарлиси шундаки, кўплаб талабаларимиз республика ва халқаро миқёсдаги ижодий танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Бугун уларнинг аксарияти маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситаларида, етакчи интернет нашрларида фаол меҳнат қиляпти.

Хусусан, шогирдларимдан Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Айшолпан Ўразимбетова яқинда PhD докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Шунингдек, Президент стипендияси соҳиби бўлган Гулжаҳон Сейтназарова ҳам илмий ишини ҳимоя қилиб, бугун биз билан бир кафедрада фаолият юритмоқда. Албатта, шогирднинг ютуғи — устознинг бахти ва меҳнатининг энг олий мевасидир.

— Сизнингча, бугунги шиддатли давр журналисти учун энг муҳим бўлган фазилатлар нималардан иборат?

— Энг аввало — касбий ҳалоллик ва юксак масъулият. Журналист ҳар бир сўзи, узатаётган ҳар бир ахбороти учун жамият олдида жавобгардир. Воқеаларни холис ёритиш, фактларга таяниш, доимий равишда ўз устида ишлаш ва билимни янгилаб бориш зарур. Булардан ташқари, журналистнинг қалбида инсонпарварлик ва эмпатия бўлиши керак, акс ҳолда у ёзган материал ўқувчи юрагига етиб бормайди.

— Университет қошида ташкил этилган “Ёш журналистлар” клубининг фаолияти ва эришаётган натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Ушбу клуб Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда уч йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Жорий йилнинг ўзида ижод йўналишида 4 та тўплам нашр эттирдик. Семинар ишларимиз якуни сифатида Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодига бағишланган публицистик тўпламимиз АҚШнинг онлайн нашри томонидан ўзбек тилида чоп этилди. Эндиликда ушбу тўплам интернет орқали бутун дунёда мутолаа қилинмоқда.

“Ренессанс ижодкорлари” тўплами орқали эса юртимизнинг барча вилоятларидаги иқтидорларни қамраб олишга эришдик. Муаллифлик китоблари ва ижодий тўпламларни нашр қилишда бизга “MY BEE” ўқув-методик нашриёти яқиндан ёрдам берди.

Клубимиз аъзолари мамлакат миқёсидаги назм, наср ва рассомлик танловларда фаол қатнашиб келмоқда. Улар орасида Алишер Навоий ва Ибрайим Юсупов номидаги давлат стипендиялари соҳиблари бор. Яқиндагина 4-босқич талабамиз, умидли ижодкор Гулойим Қуанишбаеванинг навбатдаги китоби нашр этилди ва устоз-шогирдлар даврасида кенг тақдимотини ўтказдик.

Бу тўгарак биз учун шунчаки машғулот майдони эмас, балки ҳақиқий маҳорат мактабидир. Бу ерда иқтидорли ёшлар билан анъанавий матбуот сирларидан тортиб, замонавий интернет журналистикаси, репортаж, анонс ва интервью тайёрлаш техникасини чуқур ўрганамиз. Энг муҳими, талабаларнинг илк ижодий маҳсуллари матбуотда чоп этилишига кўмаклашамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, менга оқ-қорани танитган, ушбу шарафли йўлда шамчироқ бўлган устозларим — марҳум Камол Мамбетов ва Кенгесбой Алламбергенов, шу билан бирга ҳамиша маслакдошим бўлиб келаётган профессор Малика Жумамуратоваларга чексиз миннатдорлик билдираман. Улар бошлаган эзгу ва масъулиятли йўлни муносиб давом эттириш — олий мақсадимдир.

Хулоса ўрнида Журналистика соҳасининг келажаги ва унинг профессионал мақомини сақлаб қолишда Зияда Қожиқбаева каби фидойи устозларнинг хизмати беқиёс. Уларнинг бой тажрибаси, касбига бўлган чексиз садоқати келажакда миллий матбуотимиз нуфузини янада юксалтирадиган малакали кадрларни вояга етказишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Суҳбатдош:

Фотима АБДУРАИМОВА.