Радионинг кўринмас қаҳрамони: Дилбар Аманлепесова ва ўттиз йиллик эфирга садоқат


Ҳар куни тонгдан эфирга чиқадиган дастурлар ортида кимлардир тинмай меҳнат қилади. Матн ёзади, овоз монтаж қилади, суҳбатдош топади, саволлар тайёр­лайди ва буларнинг барчаси тинг­ловчи эътиборидан четда қолади. Дилбар Аманлепесова ана шундай «кўринмас» қаҳрамонлардан бири. Аммо унинг заҳмати ва ижоди Қорақалпоғистон радиоси эфирида ўттиз йилдан бери янг­раб, тингловчилар билан ҳамнафас бўлиб келмоқда. Бир пайтлар оддий мухбир сифатида ўз фаолиятини бошлаган ижодкор бугунги кунда Қорақалпоғистон радиоканалининг Ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий дастурлар бўлими бошлиғи лавозимида самарали меҳнат қилмоқда. Унинг учун ­радио шунчаки иш жойи эмас, балки ҳаёт мазмунидир.

Дилбар опанинг журналистик йўли жуда эрта бошланган. Унинг дастлабки мақолалари ҳали учинчи синфда ўқиётганидаёқ «Жеткиншек» газетасида чоп этилган. Мактаб йилларида эса «Хўжайли ҳақиқати» газетасида мунтазам босилиб турган. Тақдир уни кутилмаганда радио оламига етаклади. Ижодкорнинг таъкидлашича, дастлаб у радиода маериал тайёрлашни ҳам билмас эди, аммо газетада тўплаган катта тажрибаси янги соҳага тез мослашишига ёрдам берган.

Ҳар бир эшиттириш ортида кучли билим, ижод ва машаққатли меҳнат ётади. Дилбар Аманлепесова раҳбарлигида ва бевосита иштирокида «Инсон ва қонун», «Аёл ва жамият», «Аҳамиятли суҳбат», «Давр нафаси», «Ибрат», «Тадбиркор элга таянч» каби бир қанча эшиттиришлар яратилган. Хусусан, 90 йиллик тарихга эга «Деҳқон» эшиттируви ҳар куни бир соат давомида тингловчиларга етиб боради. Эфирнинг жонли ва таъсирли чиқиши ижодкорнинг қишлоқ хўжалиги муҳитини чуқур англаши маҳсулидир. Шунинг­дек, унинг муаллифлигидаги «Дўст билан обод уйинг» эшиттируви кўпмиллатли халқимиз қалбидан чуқур жой олган.

Журналистлик меҳнати фақат эфир билан чегараланиб қолмаган. Сўнгги йилларда Дилбар опа нафақат радиода, балки Қорақалпоғистон телеканалида ҳужжатли фильмларни яратишда ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Хусусан, «Адабиёт чинори», «Ибрат», «Ота орзу қилган йўл» номли ҳужжатли фильмлар кенг жамоатчилик томонидан юксак эътироф этилган. Ижодкорнинг кўп йиллик самарали меҳнати муносиб баҳоланиб, 2006–2009 йилларда Қорақалпоғис­тон Респуб­ликаси бўйича ўтказилган танловларда фахрли ўринларни эгаллади. Шунингдек, 2024 йилда «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ҳақиқий журналистика — бу шунчаки техника билан ишлаш ёки эфир вақтини тўлдириш эмас. Бу — халқнинг юрагига йўл топиш орқали ўз касбига садоқат билан хизмат қилишдир.

Дилбар Аманлепесованинг ҳар бир эшиттируви мухлисларига ишончли манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

 Сабрина Қалабаева,

Қорақалпоқ давлат университети Ўзбек филологияси факультети 3-босқич талабаси.