ОРЗУДАН ТАДБИРКОРЛИККА: ТАЛАБАЛИКНИ БИЗНЕС БИЛАН УЙҒУНЛАШТИРГАН ЁШ ТАДБИРКОР


Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз бизнесини йўлга қўйиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ушбу шароитлардан самарали фойдаланиб, таълим ва тадбиркорликни муваффақиятли уйғунлаштираётган ёшлар қаторида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Мактабгача ва бошланғич таълим факультетининг «Махсус педагогика: логопедия» йўналиши 3-босқич талабаси Зебинисо Таирова ҳам бор.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази томонидан ўтказилган “Энг фаол йил талабаси – 2025” республика танловининг финал босқичида Зебинисо Таирова “Йилнинг энг фаол тадбиркор талабаси” номинациясида муваффақиятли иштирок этиб, ўзининг ташаб­бускорлиги, меҳнатсеварлиги ва тадбиркорлик салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Чунки талабалик даври кўпчилик учун фақат билим олиш жараёни бўлса, Зебинисо бу даврни жамиятга наф келтирувчи ташаббусларни амалга ошириш имконияти сифатида қабул қилди.

У Хўжайли туманида Зебинисо оилавий хусусий мактабгача таълим ташкилотини таъсис этиб, бир неча йилдан буён ушбу муассаса фаолиятини самарали бошқариб келмоқда. Муассасада тарбияланувчилар учун замонавий таълим-тарбия муҳити яратилган бўлиб, уларнинг илк билим ва кўникмаларни эгаллашига алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумки, мактабгача таълим инсон камолотининг илк пойдевори ҳисобланади. Зеро, ҳар қандай буюк мақсадлар ва юксак натижалар болаликда қўйилган мустаҳкам асос­ларга таянади. Зебинисо Таирова ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда ўз фаолиятини ёш авлод тарбияси билан боғлади.

Тадбиркорлик ва талабаликни бир вақтнинг ўзида олиб бориш осон эмас. Бир томондан дарс машғулотлари, амалий ишлар ва мус­тақил таълим, иккинчи томондан эса муассасани бошқариш, тарбия­вий жараёнларни ташкил этиш ва ота-оналар билан ҳамкорлик қилиш катта ­масъулият талаб этади. Бироқ қаҳрамонимиз ўз меҳнатсеварлиги ва интизоми туфайли бу вазифаларнинг барчасини муваффақиятли уддалаб келмоқда.

Айниқса, унинг логопедия йўналишида таҳсил олаётгани мактабгача таълим соҳасидаги ­фаолияти билан уйғунлашиб кетгани эътиборга молик. У келажакда нутқида нуқсони бўлган болалар билан ишлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига ҳисса қўшиш мақсадида назарий билимларини амалиёт билан бойитиб бормоқда.

– Келажакда бошлаган фаолиятимни янада кенгайтиришни ният қилганман, – дей­ди Зебинисо. – Шунингдек, логопедия соҳасида чуқур билим ва тажриба тўплаб, нутқида нуқсони бўлган болалар учун махсус ривожлантирувчи марказлар очиш, уларнинг жамиятга мослашуви ва таълим олишига кўмаклашиш асосий мақсадларимдан бири ҳисобланади.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир болага берилган эътибор келажакда жамият тараққиётига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, мақсад сари интилиш, меҳнатдан қочмаслик ва ўз устида мунтазам ишлаш инсонни юксак марраларга олиб чиқади.

Зебинисо Таированинг танловдаги муваффақиятли иштироки ушбу “орзудан тадбиркорликка” йўлидаги муҳим қадам бўлиб, унинг келгусида янада улкан зафарларга эришиши учун мустаҳкам замин яратиши шубҳасиз.

Азиза АБДУЛЛАЕВА,

Қорақалпоқ давлат университети Ўзбек филологияси йўналиши 3-босқич талабаси.