Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати доирасида талаба-ёшлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда эришилаётган ютуқлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда газета, телевидение, радио, ахборот агентликлари вакиллари, фотомухбирлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбирни филиал директори А.Есимбетов очиб берди ва олиб борди.
Очиқ мулоқот давомида филиал директори сўнгги йилларда таълим муассасасида талабаларнинг сифатли билим олиши, илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши, инновацион лойиҳаларда иштирок этиши ҳамда спорт ва ижодий фаолият билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади.
Шу билан бирга, мазкур имкониятлардан самарали фойдаланаётган талабалар республика ва халқаро миқёсдаги танловлар, фан олимпиадалари, илмий лойиҳалар ҳамда нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритаётгани қайд этилди.
Хусусан, филиалнинг 1-босқич магистратура талабаси «Рақамли авлод қизлари» республика танловида ғолибликни қўлга киритиб, қўлга киритган йўлланма асосида айни кунларда Хитой Халқ Республикасида ташкил этилган таълим саёҳатида иштирок этаётгани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, филиал талабалари томонидан илм-фан, инновация, спорт, маданий-маърифий ва жамоатчилик соҳаларида республика ҳамда халқаро миқёсда қўлга киритилган қатор ютуқлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, ушбу натижалар таълим муассасасида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан филиалда таълим сифати, халқаро ҳамкорлик, илмий фаолият, талабаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар юзасидан қатор саволлар ўртага ташланди. Барча саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилиб, фикр ва таклифлар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни жамоатчиликка тезкор, холис ва ҳаққоний етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, таълим муассасаси билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали фаолиятини холис, тезкор ва профессионал ёритиб келаётган газета, телевидение, радио, ахборот агентликлари ва фотомухбирлар филиал раҳбарияти томонидан ташаккурномалар билан тақдирланди.
Очиқ мулоқот якунлари таълим тизимида очиқлик ва шаффофлик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда филиалда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва талаба-ёшлар эришаётган ютуқларни кенг жамоатчиликка изчил етказишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.



