Бугунги кунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, сўз эркинлигини таъминлаш, давлат органлари фаолияти очиқлигини кенгайтириш, жамиятимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкор ва холис ёритиш, аҳолини ишончли ахборот билан таъминлаш, медиа соҳасини янада ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли чора тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мана шундай қизғин ижодий жараёнда Қорақалпоғистон радиоканалининг ҳам ўрни алоҳида бўлаётгани албатта, биз журналистларни янада илҳомлантирмоқда.
Қорақалпоғистон радиоканалида фаолият юритаётганимга 20 йилдан ошди. Бу давр мобайнида жуда кўплаб эшиттиришлар тайёрлашга эришдим. «Ҳазрати деҳқон», «Давр нафаси», «Халқ билан суҳбат», «Қишлоқ ҳаёти», «Илм – жамият тараққиёти асоси», «Илмдан саноатга», «Илм ва жамият», «Фавқулодда ҳолат» каби эшиттиришлар шулар жумласидандир. Ушбу эшиттиришларни тайёрлаш жараёнида республикамизнинг деярли барча туманларида, энг чекка овулларида бўлиб, икки-уч кунлаб тунаб қолган пайтларимиз жуда кўп бўлган. Журналистика мана шуниси билан аҳамиятли. Чунки, иш жараёнини ўз кўзимиз билан кўриб, воқеа жойидан суҳбатлар, очерклар, репортажлар тайёрлаймиз.
Таъкидлаш жоизки, журналист ҳар бир соҳадан хабардор бўлмоғи лозим. Фаолиятим давомида эшиттиришлар тайёрлаш баробарида соҳаларни ҳам мукаммал ўрганишга киришдим. Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг, расмий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолда, уларнинг тегишли соҳалар ва ҳудудлар кесимида ижросига алоҳида эътибор қаратамиз. Ҳукумат қарорларининг бажарилмаётган қисмларини эшиттиришларимиз орқали танқид остига олиб, тегишли ходимларнинг иш фаолиятидаги камчиликларини тузатишга ҳаракат қилаяпмиз.
Бугун радиодаги фаолиятимни сарҳисоб қилар эканман, албатта ўз ўзимга ҳақли савол бераман. “Бугун тингловчилар учун нима бера олдик?”, “Улар мазкур эшиттиришлардан қониқаяптими?”, “Уларга юртимиздаги янгиликларни, хабарларни ўз вақтида етказиб бераоляпмизми?”. Албатта, Қорақалпоғистон радиоканалининг 107,8 радио тўлқини орқали эфирга узатилаётган ҳар битта эшиттиришларда шу ерда фаолият юритаётган ижодкорларнинг, журналистларнинг, техник ходимларнинг беминнат меҳнати, изланишлари кўз олдимда намоён бўлади.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон радиосида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётидаги муҳим янгиликлар, ҳар бир соҳадаги ўзгаришлар, кенг қамровли ислоҳотлар билан бир қаторда маданий, кўнгилочар эшиттиришлар ҳам бериб борилмоқда. Айниқса, жонли эфир вақтида одамларимиз билан ғойибона суҳбатлашсангиз уларнинг орзу мақсадлари, келажак режалари, халқимизнинг фаровон турмуши йўлида олиб борилаётган янгиланишлардан, ислоҳотлардан мамнун эканлигига яна бир бор амин бўласиз. Айтингчи, журналист учун бундан ортиқ куч, илҳом борми?! Биз ғояни ҳам, илҳомни ҳам мана шу оддий халқ ичидан оламиз.
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “Ватан фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланганимдан жуда хурсандман. Бу эътироф албатта, бутун Қорақалпоғистон радиоканалида фаолият юритаётган журналист ижодкорларнинг ютуғи деб биламан.
Бу каби эътибор ҳар бир ижодкорга янгича руҳ, шижоат билан ишлашда янада катта куч бағишлайди, масъулиятимизни оширади.
Музаффар Тореев,
Қорақалпоғистон радиоканали “Ижтимоий – сиёсий ва иқтисодий дастурлар”
Бош муҳарририяти катта муҳаррири,
“Ватан фидойиси” кўкрак нишони соҳиби.



