АСРЛАРГА ТЕНГЛАШГАН ГАЗЕТА


Бугунги давр шиддат билан илдамлаб бормоқда. Маънан ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ёшлар ҳаёти, ижоди ва фаолияти ҳақида кенг сўз этувчи  ижтимоий-сиёсий нашр — «Қарақалпақстан жаслары» газетаси ана шундай мақсадлар йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Бу йил ўзининг 95 йиллик тўйини нишонлаётган мазкур газета ҳақида билганларимизни ўқувчиларимиз билан бўлишишга қарор қилдик.

1931 йил 13 февралдан бошлаб мунтазам равишда чоп этилиб келинаётган ушбу газета дастлаб «Қарақалпақстан комсомоллари» деган ном билан нашр этилган. Кейинчалик кўп сонли мухлисларнинг талаб ва таклифларига кўра ўша йилнинг охирги ойларида номи ўзгартирилган.

Давр билан ҳамнафас одимлаб келаётган газета бугунги кунга қадар қанчадан-қанча машаққатли йўлларни заҳматкаш ва фидойи ходимлар, журналистлар билан биргаликда босиб ўтди. Бу борада газетанинг дастлабки муҳаррири Избосар Фозиловнинг хизматлари  таҳсинга сазовор. Иккинчи жаҳон урушидан кейин 1941 йил 20 августда ўша даврдаги Марказий Қўмитанинг қарори билан газетанинг нашрдан чиқиши вақтинча тўхтатилган. Сўнгра 1959 йил 12 июлдан яна чоп этила бошлаган.

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Исмоил Султоновнинг қорақалпоқ матбуоти тарихидаги ўрни беқиёс бўлган. У газетанинг 50 йиллик юбилейида  «Бугунгидек ёдимда» деган мақола эълон қилиб бир қанча маълумотлар ёзиб қолдирган. Мақола мазмуни шундай, 1930 йилнинг сўнгги ойларида нашриёт ходимлари орасида «Янги йилдан бошлаб комсомол газетаси чиқар экан» — деган гап тарқала бошлади. Мен ўша пайт­ларда ҳарф териш цехида ўқиб, эндигина иш бошлаган эдим. Машина деганнинг ном-нишони йўқ эди. Газетанинг илк сонини неча кунлаб вёрстка қилиб «Қарақалпақстан комсомоллари» деган ном билан нашрдан чиқардик — деб эслайди.

Исмоил Султонов дастлаб саҳифаловчи, кейинчалик бўлим бошлиғи ва масъул котиб сифатида самарали меҳнат қилган.

Газетага дастлабки йилларда  К.Жайтаўов, Н.Жапақов, С.Қурбанов, М.Қалимбетовлар муҳаррирлик қилган бўлса, кейинчалик Р.Давлетмуратов, К.Реймов, Ч.Пахратдинова, Д.Уббиниязова, Ж.Тажетдинов, Д.Бекбаўлиев, И.Қосназаров, П.Палимов, С.Жаниев ва бугунги кунда эса Арухан Тўрекеева раҳбарлик қилиб келмоқда.

Мана шундай фидойи инсонларнинг тажрибалари туфайли нашримиз кундан-кунга ривож­ланиб, ҳозирга қадар чиқишда давом этмоқда. Таҳририятда ­фаолият юритаётган мухбирлардан фақатгина сифатли мақола, ишончли маълумотлар ва аниқ фактга асосланган материаллар талаб этилади. Бугунги кунда газетада ижтимоий-сиёсий мазмундаги шунингдек, бир-биридан қизиқарли турли жанрдаги мақола ва ҳикоялар, публицистик материаллар билан бир қаторда фаол, ташаббускор ёшлар фаолияти ва ижоди, уларнинг  ютуқлари эътироф этилган мақолалар бериб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугун интернет, рақамли технологиялар, сунъий интеллект каби «сеҳрли олам»да яшаяпмиз. Бир пайтлар тиражи 10 мингдан зиёд бўлган, одамлар севиб интиқлик билан ўқийдиган газетанинг ўқувчилари сони, афсуски, илгаригидек кўпчиликни ташкил этмайди.

Шундай бўлсада, ижодда қалами чархланган, наср, шеърият деса ғайрат сандиғини титкилаб кетадиган, ёзишдан чарчамайдиган, адабиётга, газета-журналларга жонидили билан иштиёқманд ўқувчиларимиз кўп.

Уларнинг ишончини оқлаш мақсадида таҳририят жамоаси томонидан бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Газета ходимларининг қалбида ҳам фаолиятида ҳам бир шиор бор. Маънавий хазинамиз бўлган газеталар ёшлар тарбиясига озгина бўлса ҳам ўз ҳиссасини қўша олса биз бундан хурсанд бўламиз.

Бугун “Қарақалпақстан жаслары” газетаси ўз ўқувчиларига маънавий озиқ бера оладиган нашр ҳисобланади. Қарийб, бир асрга тенгдош мазкур газета юртимиз ёшларини ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр. Асрларга сирдош бўлган газетамизнинг келажаги порлоқ бўлсин.

Наргиза НУРИЕВА,

журналист.