БУ ЮКСАК ИШОНЧ МЕН УЧУН ЯНАДА КАТТА МАСЪУЛИЯТДИР


Ҳар бир ёшнинг ҳаётида унутилмас кунлар бўлади. Мен учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан «Мард ўғлон» давлат мукофотига муносиб деб топилганим ана шундай бахтли ва масъулиятли воқеалардан бири бўлди. Бу юксак эътирофни аввало мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор ва ишончнинг яна бир ёрқин ифодаси, деб биламан.

Ёшлар куни арафасида бундай мукофотга сазовор бўлиш менга чексиз ғурур бағишлади. Шу фурсатдан фойдаланиб, Президентимизга биз ёшларга яратиб бераётган кенг имкониятлар, доимий ғамхўрлик ва юксак ишончи учун самимий миннатдорлигимни билдираман.

Бугун Янги Ўзбекистонда ёшлар учун барча соҳаларда улкан имкониятлар яратилмоқда. Ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, спорт ва маданият соҳаларида ўз иқтидорини намоён этиши учун мустаҳкам тизим шакллантирилди. Бу эътибор ҳар бир ёшни янада фаол, ташаббускор ва Ватан тақдирига дахлдор бўлиб яшашга ундайди.

Мен 2022 йилдан буён Тўрткўл тумани Уллубоғ овул фуқаролар йиғинида ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Ўтган йиллар давомида маҳалламиз ёшларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спортга, китобхонликка ва тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан манзилли ишлашни ўзим учун энг устувор вазифа деб билдим.

Бу меҳнатларимиз муайян натижалар берди. Маҳалла ёшлари иштирокида «Беш ташаббус олимпиадаси» дои­расида республика миқёсида юқори натижаларга эришилди. Футбол бўйича ДХХ раиси кубоги мусобақаларида бир неча бор ғолиблик ва совринли ўринлар қўлга киритилди. «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» республика танловида биринчи ўринни эгаллаш ҳамда мамлакат бўйича ТОП–100 энг яхши ёшлар етакчилари қаторидан ўрин олиш мен учун катта рағбат бўлди. Энг муҳими, бу ютуқлар ортида юзлаб ёшларнинг орзу-интилишлари, ишонч ва ҳаракати мужассам.

Мен ҳар бир ютуғимни устозларим, ҳамкасбларим, маҳалла фаоллари ва мен билан елкама-елка меҳнат қилаётган ёшлар билан боғлайман. Чунки ҳар қандай натижа бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишонч самарасидир.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти мен учун фақатгина юксак эътироф эмас, балки янада катта масъулиятдир. Бу ишончни оқлаш учун келгусида ҳам ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни спорт ва тадбиркорликка кенг жалб этиш, «Ёшлар дафтари» билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, ҳуқуқбузарлик ва турли салбий иллатларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятимни янги босқичга олиб чиқишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Мен ишонаманки, Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир ёшнинг муқаддас бурчидир. Бизга билдирилган юксак ишончни ҳалол меҳнат, ватанпарварлик ва аниқ амалий ишлар билан оқлашга доимо тайёрмиз.

Ёшларга ишонган давлатнинг келажаги албатта буюк бўлади. Ана шу ишончга муносиб бўлиш эса мен учун энг олий мақсаддир.

 Нодирбек Алимбаев Турғун ўғли,

«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби.