МЕҲНАТ ВА САМАРАДОРЛИК


Юртимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг билим салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш,  бандлигини таъминлаш, айниқса, уларнинг тадбиркорлик борасидаги лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш  тизимли йўлга қўйилган.

Хўжайлилик Мавлуда Абдуллаева мана шундай имкониятлардан кенг фойдаланиб келаётган фаол ва интилувчан ёшлардан. У болалигиданоқ  оқ халат кийишни, шифокор бўлишни ният қилди. Бу борада тинмай ўқиди, изланди. Стоматология йўналишини танлаган Мавлуда бугун ўзининг хусусий “STOMA SMILE” клиникасига эга.

2019 йилда иш бошлаган мазкур клиника туман “Халқбанки”дан олган 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари эвазига 2026 йилда янги бинога кўчиб ўтди. Натижада, хизмат кўрсатиш турлари кенгайтирилиб, янги тиббий ускуналар харид қилинди, аҳолига қулай шароитлар яратилди. Ҳозирда бу ерда 10 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.

— Тиш шифокори яъни, стоматолог бўлишни болалигимдан орзу қилганман. Дадам Ешнияз Абдуллаев биринчи устозим бўлган. У кишининг ёнидан ҳеч ҳам қолмасдим. Айниқса, ишхонасига бирга келиб, ишларини кузатиб ўтирардим, ёрдамлашардим. Дадам жуда талаб­чан, зийрак инсон. У кишининг бой тажрибаси, меҳнатсеварлиги, одамлар билан мулоқоти, ишга бўлган масъулияти ва меҳрини кўриб менда ҳам шу касбга қизиқиш уйғонган. Мана шу болаликдаги оддий кузатиш­лар, хаваслар сабаб стоматология менинг ҳаётимга, севимли касбимга айланди. Қолаверса, юртимизда ёшларга қаратилаётган ­эътибор, яратилаётган имкониятлар, айниқса, тадбиркорликни ривож­лантириш борасидаги кенг кўламли ишлар сабаб фаолиятимни янада кенгайтирдим, — дейди  “STOMA SMILE” клиникаси раҳбари Мавлуда Абдуллаева.

Ёш шифокорнинг тинимсиз изланишлари, билим тажрибаси ва меҳнати бугунги кунда ўз самарасини бермоқда.

Бу ерда асосан, тишларни даволаш, профилактика қилиш, эстетик стоматология, ортопедия, ортодонтия, терапия каби замонавий хизмат турлари кўрсатилади.

Мавлуда беморларни айниқса, болажонларни ўзининг ширин сўзи, самимий суҳбати билан даволайди. Турли хил тиғли жисмларни кўриб, қўрқувдан йиғлаб турган болакайни ҳудди ўз боласидек эркалаб, меҳр кўрсатаётгани бу албатта шифокорнинг касбга садоқати, меҳр-муҳаббатининг яққол намунасидир.

— Тишларни соғлом парваришлаш, уларнинг жозибали кўриниши ва узоқ вақт хизмат қилиши учун болаликдан тўғри овқатланиш ҳамда тишлар гигиенасига амал қилишимиз лозим. Бунда тишларни тўғри ювиш, тўғри тиш пастасини танлаш, ҳар олти ойда шифокор кўригидан ўтиб туриш аҳамиятлидир. Кашандалик, ичкилик,  ёғли ва қовурилган таомлар эса тишлар саломатлигига хавф туғдиради, — дейди суҳбатдошимиз.

Бугун юртимизда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб келаётган зийрак, тадбирли, фаол ва шижоатли ёшлар жуда кўп. Уларнинг мақсади битта халқ манфаати йўлида беминнат хизмат қилишдир. Шу нуқтаи назардан Мавлуда Абдуллаеванинг ҳам  интилиш ва меҳнатлари келгусида  янги ютуқларга замин яратишига ишонамиз.

Феруза Нуруллаева.