Мамлакатимизда фаол, билимли ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, лойиҳа ва ташаббусларини амалга ошириш, уларнинг эркин билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун қулай шароитларни яратиш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда.
Мақоламиз қаҳрамони Ҳурлиман Қалибаева ҳам мана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиб келаётган иқтидорли ёшлардан. Эътиборлиси, у эндиликда янги ўқув йилини тенгдошлари билан мактабда эмас, балки АҚШнинг нуфузли олий таълим муассасасида талаба сифатида давом эттиради.
Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 9-синф битирувчиси Ҳурлиман Қалибаева АҚШдаги Mary Baldwin University қошидаги Program for the Exceptionally Gifted (PEG) дастурига қабул қилиниб, Malone Scholarship стипендиясининг соҳибаси бўлди.
250 000 АҚШ доллари миқдоридаги грант Ҳурлиманнинг университетдаги 4 йиллик таълими, яшаш харажатлари, овқатланиши ҳамда Study Abroad дастури билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплайди. Эътиборлиси, ушбу стипендия бутун дунё бўйлаб ҳар тўрт йилда бир маротаба фақатгина бир нафар иқтидорли ўқувчига берилади.
— Ҳурлиманнинг бу ютуғи барчамизни қувонтирди, — дейди синф раҳбари Айсара Бердиева. — Тил билиши унга имкониятлар эшигини очди. Ҳурлиман жуда талабчан, интилувчан қиз. Инглиз, рус тилига меҳри бўлак. Тил ўрганишга бўлган иштиёқи сабаб доимо изланишда. У 7-синфидан бошлаб хорижий давлатларнинг нуфузли олийгоҳларига ўз ҳужжатларини топшириб келади. Унинг бу орзу-мақсадлари амалга ошиб, муддатидан олдин талаба бўлишга эришди. Бугун юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар, яратилган шарт-шароитлар Ҳурлиманга ҳам катта куч, мотивация бермоқда. АҚШнинг нуфузли университетида таълим олиш, муддатидан олдин талаба бўлиш бу ўз ўзидан бўлмайди. Бунинг орқасида қанча тинимсиз меҳнат, ўқиш, изланиш, ҳаракат бор. Мактабимизда иқтидорли ўқувчиларимиз жуда кўп. Ўйлайманки, келгусида ҳам ўқувчиларимизга бор билимимизни бераолсак, тил ўрганиш, билимларини оширишга қизиқтирсак Ҳурлиман каби ўқувчиларимиз сафи янада кўпаяди.
Албатта, юртимизда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бугунги кунда Ҳурлиманнинг хорижий давлатлар тажрибаси асосида бизнес маркетинг ва психологияси мутахассислиги йўналишида таълим олиши келажакда ўз самарасини беради.
— Мазкур университет 1842 йили ташкил топган бўлиб, бу ерда 40 дан ортиқ йўналишларда талабалар таҳсил олишади, — дейди Ҳурлиман Қалибаева. — Эътиборлиси, бу ерда 13-16 ёшли қизлар учун бакалавриат йўналишида ўқиш имконияти бор. Мен асосан, бизнес маркетинг ва психология йўналишига урғу бердим. Келажакда ўқишни муваффақиятли тугатиб, юртимизда ушбу соҳада ўқув марказлари, мактаблар очиш ниятидаман. Икки йил олдин, яъни, 7-синфни битирган чоғимда Америкадаги 20 дан ортиқ олий таълим муассасаларига ҳужжат топширдим. Лекин ёшим тўғри келмаганлиги боис, рад жавобини олардим. Аммо, 2025 йилнинг феврал ойида 80 минг долларга яқин грант ютиб олдим. Сўнгра ҳужжатларимни тўлдириб, 2026 йили 100 фоизли грант соҳиби бўлдим. Бу ерда ўқиш ўзига яраша масъулиятли. Хусусан, халқаро имтиҳонлардан юқори балл олиш, профессор-ўқитувчилар билан ўз йўналишимизда ҳар хил лойиҳалар, илмий ишлар устида ишлаш, янги ғояларни амалиётга тадбиқ этиш талаб этилади. Ҳозирда мамлакатимизнинг нуфузли компаниясида ўқувчиларга инглиз тили бўйича, яъни халқаро имтиҳонларга ҳужжат топшириш йўналишида фаолият юритиб келмоқдаман. Икки нафар ўқувчим Италия ва Япониядаги университетнинг 100 фоизли грант ғолиби бўлиб, ўқиш учун жўнаб кетди. 6 нафари Вьетнам давлатига ўз тажрибасини ошириш учун бормоқда. Эътиборлиси, ўқувчиларим Топ 100 таликдаги олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари билан илмий ишлар олиб бормоқда.
Албатта, Ҳурлиманнинг бу каби ютуқлари замирида оиладаги муҳит, айниқса, ота-онасининг қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутмоқда.
— Ҳурлиман болалигидан жуда интилувчан қиз эди, — дейди онаси Зиёра Жуманиязова. — Ундаги чет тилига бўлган қизиқишни кўриб, зарур имкониятларни яратиб беришга ҳаракат қилдик. Ҳурлиман оиламизда катта фарзанд. У мана шу олган билимлари, ўз одоби, хулқи, эришаётган натижалари билан ҳам укаларига намуна бўлмоқда. У ўзи билан қолмай дугоналарига, синфдошларига ҳам билганларини ўргатишни канда қилмайди. Ҳозирда ўқувчилари чет давлатларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Бу отаона учун катта ифтихор. Биз бундан албатта фахрланамиз.
Ҳа, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор сабаб Ҳурлиман каби иқтидорли ва билимли ёшлар сафи ортиб бораверади.
Ф.АБДУРАИМОВА.



