МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ТОТУВЛИК ИФОДАСИ


Мамлакатимизда ҳар йили 30 июль — Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланади. Эътиборлиси, ушбу сана юртимиздаги турли миллат вакилларининг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати,  ҳамжиҳатлиги ва тотувлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Хўжайли туманида 30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан «Дўстлик фестивали» доирасида Гала концерт дастури кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда миллий маданий марказларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, замонавий техник ускуналар билан таъминлаш, иш самарадорлигини ошириш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда.
Шунингдек, халқлар дўстлиги фестиваллари доирасида ўтказилаётган  давра суҳбатлари, ижодий мулоқотлар, китоб кўргазмалари ва шу каби маданий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
— Кўп миллатли халқимиз мамлакатимиздаги ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида Ватанимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Хўжайли туман бўлими раҳбари Абат Джиенбаев. — Бугунги кунда Хўжайли туманида 131700 нафар  аҳоли истиқомат қилади. Эътиборлиси, турли миллат вакиллари яшайдиган туманимизда одамларимизнинг яшаш шароитлари, урф-одатлари, бир-бирига бўлган меҳр-оқибатлари аллақачон дўстлик, тотувлик ришталари билан боғланиб кетган.
Сана муносабати билан ўтказилаётган ушбу байрам тадбири ҳам айнан халқимиз  кўнглидаги орзу-мақсадларни ифодалайди. Бу каби тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик, тотувлик ва бағрикенглик қадриятларини намоён этади.
Тантанали кечада дўстликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилди.
Дарҳақиқат, юртимиз бўйлаб ўтказилаётган Дўстлик фестиваллари албатта,  халқимизни янада бирлаштириб, тинчлик, осойишталик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик муҳитини мус­таҳкамлашга хизмат қилади.
Ф.Нуруллаева.