ЗИЁ МАСКАНИДАГИ ЗАМОНАВИЙ НАФАС


Инсоният яратган энг буюк кашфиётлардан бири, шубҳасиз, китобдир. Асрлар давомида билим ва маърифат хазинаси бўлиб келган кутубхоналар эса жамият­нинг маънавий устуни ҳисобланади. Бугунги шиддат билан ривожланаётган рақамли асрда ҳам кутубхоналар ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, аксинча, янгича қиёфа ва инновацион ёндашувлар билан ўз жозибадорлигини ошириб бормоқда.

Айнан мана шундай зиё масканларидан бири Амударё туманидаги  Ахборот-кутубхона марказидир. Бу ерга қадам қўйган ҳар бир китобхон сукунат ва билим дунёсининг бетакрор уйғунлигини ҳис этади.

Бу ерда абонемент ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишда барча қулайликлар яратилган. Жумладан, бугунги кунда марказ фондида 66119 дан ортиқ бадиий, илмий, оммабоп ва болалар  адабиётлари, шунингдек, бебаҳо маънавий манбалар сақланмоқда. Электрон  каталог, электрон китоблар базаси ва интернет тармоғи орқали фойдаланувчиларга зарур маълумотларни тез ва қулай топиш имкони яратилган.

Бундан ташқари, аҳоли ва ёшлар ўртасида мутолаа мадания­тини ошириш мақсадида «Энг фаол китобхон», «Китобхон оила» каби танловлар, адабий учрашувлар ҳамда янги нашрлар тақдимоти мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Кутубхоначилик — бу шунчаки китоб бериб-олиш жараёни эмас, балки ҳар бир китобхоннинг қалбига йўл топиш, уларга ахборот уммонида тўғри йўналиш кўрсатишдир.  Абонемент бўлимида ҳар бир китобхонни табассум билан кутиб олиш,  уларнинг ёши, қизиқиши ва эҳтиёжидан келиб чиқиб керакли адабиётни тавсия этиш кундалик ­қоидамга айланган.

Китоблар — ўтмишни келажак билан боғловчи мустаҳкам кўприкдир.

Шуни ишонч билан айта оламанки, бугунги кунда марказимиз нафақат анъанавий мутолаа маскани,  балки аҳолига замонавий ахборот хизмати кўрсатувчи муҳим маърифат ўчоғига айланган.

Маълумки, маърифатли жамиятда китобга бўлган ҳурмат ва эҳтиром  ҳеч қачон сўнмайди.

Соҳиба Бозорбоева,

Амударё тумани Ахборот- кутубхона маркази мутахассиси.