Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгашида «Экологик фаол касаба уюшмаси жамоаси» республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда соҳа вакиллари, масъуллар иштирок этди.
Танловнинг асосий мақсади — корхона ва ташкилотларда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш, меҳнат жамоаларида экологик маданиятни юксалтириш ҳамда бу борада касаба уюшмаларининг ўрнини янада кучайтиришдан иборат. Шунингдек, тадбир «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини кенг татбиқ этиш ва «яшил иқтисодиёт»га ўтиш жараёнларида фаоллик кўрсатаётган жамоалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда уларни муносиб рағбатлантиришга қаратилган.
Кўрик-танлов доирасида касаба уюшмалари томонидан бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, корхона ва муассасалар ҳудудларида кўплаб мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари экилиб, касаба уюшмалари боғлари барпо этилди. Иш жойларида энергия ва сувни тежовчи тадбирлар белгиланди, зарарли омилларни камайтириш ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича жамоа шартномаларидаги вазифалар амалда ўз ифодасини топмоқда.
Тадбир якунида танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб бўлган жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ф.АБДУРАИМОВА.



