ЯНГИ БОҒЧА ҚУРИЛМОҚДА


Қорақалпоғистон Республикасида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болалар учун замонавий шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Нукус шаҳридаги “Қизил қум” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 17-мактабгача таълим ташкилотида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Умумий қиймати 7 миллиард 127 миллион сўм бўлган лойиҳа “DEK STROY NUKUS” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда. Айни пайт­да икки қаватли, 180 ўринга мўлжалланган янги бино қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда.

Қурилиш майдонида қарийб 60 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Бунда махсус техника ва замонавий қурилиш ускуналаридан самарали фойдаланилмоқда. Қурилиш ишларини белгиланган муддатда ва сифатли бажариш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Янги мактабгача таълим ташкилоти биносини мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Янги муассаса маҳаллада мактабгача таълим қамровини кенгайтириш ва болалар учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

муаллиф олган сурат.