Рақобат — ҳалокат эмас, балки юқорига кўтарадиган чархпалак. Хўжайли туманидаги «Аббозбек строй» МЧЖ раҳбари Равшанбек Ражабов айнан шу қоидага амал қилиб, қийинчиликларга бош эгмай келаётган тадбиркорлардан.
Кир ювиш кукуни — бир қарашда оддий маҳсулотдек туюлиши мумкин. Аммо унинг ортида кимёвий формулаларнинг миллиграммгача бўлган аниқлиги, хомашё сифати ва технологик жараёнларнинг узлуксизлиги ётади. Мутахассислиги бўйича иқтисодчи бўлган асли хоразмлик Равшанбек учун бу нозик соҳадаги дастлабки қадамлар ҳақиқий синов бўлди. Кимё технологиясидаги кичик бир хато ҳам бутун бир масъулиятни яроқсиз ҳолга келтириши ҳеч гапмас.
«Соҳанинг тубига етиш учун роппа-роса уч йил кетди. Мутахассис топиш энг оғриқли масала эди. Бундай ишда билимсиз бир кун ҳам ишлаб бўлмайди. Шунга қарамай, кечалари ухламай, соҳани ўзим мустақил ўрганишга киришдим. Бусиз бўлмасди», — деб эслайди тадбиркор.
Бугунги кунда Равшанбекнинг ёнида Рустам Сапаримбетов, Ўралбай Ешанов ва Пирлепес Абдимуратов каби ишончли ҳамкорлар бор. Улар шунчаки ишчилар эмас, балки олти йиллик синовларда тобланган ва ҳар бир жараённи пухта эгаллаган ҳақиқий мутахассислардир.
Ўтган давр мобайнида жамоа турли қийинчиликларга дуч келди. Энг оғриқлиси — Тожикистонга жўнатилган дастлабки маҳсулотнинг сифат назоратида оқсагани бўлди. Жарималар, бекор бўлинган шартномалар ва тушкунлик… Аммо айнан шу аччиқ сабоқ жамоани янада тоблаб, масъулиятни икки баравар оширишга ундади. Ҳозирда маҳсулот харидорларга ўз вақтида ва юқори сифатда етказиб берилмоқда.
Инфратузилмадаги узилишлар, Хитой, Эрон ва Европадан хом ашё келтиришдаги логистик тўсиқлар ҳамда глобал бозордаги тебранишлар ишлаб чиқариш суръатига таъсир ўтказмай қолмайди. Бироқ жамоа ҳар бир муаммога муқобил ечим топмоқда. Тўхташ — уларнинг режасида йўқ. Бозор катта, иштиёқ ва интилиш эса ундан-да юқори.
— Қорақалпоғистонда имкониятлар чексиз: қазилма бойликлар, кенг бозор ва ўсиб бораётган талаб мавжуд. Лекин туман миқёсида рақобатбардош корхоналар бармоқ билан санарли. Салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти билим ва тажриба ошса ҳудудда ишлаб чиқариш имкониятлари янада кенгайишига ишонамиз, — дейди Равшанбек Ражабов.
Равшанбекнинг келгуси режалари аниқ: ходимлар малакасини муттасил ошириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва энг муҳими — ўз маҳсулотларининг жозибадор брендини яратиш. Тадбиркорнинг ишончи комил: сифатли бренд остида ишлаб чиқарилган маҳсулотлари билан халқаро бозорларни ҳам бемалол забт этиш мумкин.
Муваффақият формуласи эса оддий: ҳаракат, илм, тинимсиз изланиш ва юксак марра сари дадил қадамлар қўйишдир.
Фотима АБДУРАИМОВА.



