Жадира онасининг «чиқиндихонага ташлаб юбор» деб берган пластик идишини (баклажка) қўлига олди-ю, иккиланиб қолди. «Ҳозир уни шу ерга улоқтирсам унинг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарари катта. Қолаверса, ёш болалар билмасдан ўйнаб кетишлари ҳам мумкин. Йўқ, яхшиси, бу идишга иккинчи ҳаёт бағишлайман!», — деди ишонч билан. Шундай қилиб Жадира ўз олдига аниқ мақсад қўйди. Изланди, интилди. Интернетдан фойдали маълумотлар олишга уринди. Устозларига ўз ғоя ва таклифлари ҳақида гапириб берди. Атрофдагиларнинг фикрлари билан қизиқди. Шу тариқа ўз лойиҳасини ишлаб чиқди. Мазкур лойиҳа асосан, пластик чиқиндидан тоза экологик маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
— Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббуслари ва инновацион ғояларини амалиётга тадбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани албатта, биз ёшларни жуда руҳлантирмоқда, — дейди суҳбатдошимиз Жадира Болегенова. — Менинг “Эко пуфик” стартап лойиҳам пластик чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан пуфиклар (кресло) ишлаб чиқаришга қаратилган. Яъни, чиқинди сифатида қаралаётган пластик материаллар ва газлама қолдиқларидан фойдаланиб янги маҳсулот яратиш кўзда тутилган. Ушбу эко пуфикларни ресторан, тиббиёт муассасалари, болалар боқчалари ҳамда хонадонларда қўлланиш мумкин. Биласизми, атрофга назар солсак, биз бир марта фойдаланиб бўлган баклажкаларни ахлатга ташлаймиз. Тўғри, уларни қайта ишлаб амалиётга тадбиқ этаётган тадбиркорларимиз йўқ эмас. Мен ҳам уйимизда шунчаки турган баклажкалардан янги маҳсулот яратишни мақсад қилдим. Бунинг учун уларни яхшилаб ювиб, қуритиб ичига мато бўлакларини зич қилиб жойлаймиз ва озгина ишлов берамиз. Қарабсизки, янги маҳсулот тайёр.
Дарҳақиқат, ушбу лойиҳанинг эътиборли жиҳати экологик муаммога тадбиркорлик асосда ёндашилган.
Ёш тадбиркорнинг ташаббуси Ўзбекистон Либерал демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланиб келинмоқда.
— Жадира жуда талабчан қиз, — дейди партиянинг Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Клара Худайбергенова. — У ЎзЛиДеП сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбарининг ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотида қатнашиб ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди ва ушбу ташаббус қўллаб-қувватланиб, унга иш фаолиятини эркин амалга ошириши учун планшет тақдим этилди. Қолаверса, у жорий йилда Нукус шаҳрида ташкил этилган “Креатив тадбиркор ёшлар” танловида қатнашиб, ғолиб бўлди. “TALABA EXPO-2026” касб кўргазмасида ҳам ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, янги иш ўрни учун шартнома тузишга эришди. Бизнинг мақсадимиз ёшларнинг янги ғояларини аниқлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, истиқболли ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. Қисқаси, Жадира каби иқтидорли, ташаббускор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Унинг лойиҳаси ҳам атроф-муҳитни асраш, чиқиндидан оқилона фойдаланиш, яъни, баклашка идишлари ҳамда мато бўлакларини фойдали маҳсулотга айлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли учун талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Жадира Болегенова бугунги кунда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши 4-босқич талабаси. У олийгоҳда ҳам жуда зийрак ва фаол талабалардан. Илмий раҳбари биология фанлари номзоди, доцент Сайёра Ешчанова билан биргаликда янги лойиҳа жумладан, бамия ўсимлигининг муҳим хусусиятлари ҳақида тадқиқот олиб бормоқда.
— Бамия кўп йиллик ўсимлик бўлиб, асосан чет давлатларда ўсади. Унинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Бамия сабзавотининг меваси таркибида шифобахш витамин ва минераллар мавжуд. Қурғоқчиликка чидамли, жой танламайди. Биз ҳам мазкур ўсимликнинг инсон организмига фойдали хусусиятларини ҳисобга олиб, уни қуритиб, қадоқлаб сотувга чиқариш масалаларини ўрганаяпмиз. Қуритилган, қовурилган ёки майдаланган уруғларидан кенг фойдаланиш мумкин. Шу боис, илмий раҳбарим билан мазкур бамия ўсимлигини бизнинг Қорақалпоғистон шароитида етиштириш, унинг аҳамияти хусусида иш олиб бормоқдамиз, — дейди Жадира Болегенова.
Ҳа, изланган имкон топади деган. Қаҳрамонимиз Ж.Болегенова ҳам ўзининг стартап лойиҳалари ҳамда илмий ишлари билан юрт равнақига ҳисса қўшиш ниятида.
Зеро, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар ҳам ана шу мақсадларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ф.Нуруллаева.



