Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида янги, замонавий типдаги 500 ўринли талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакили Тиркешбай Байжанов, «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Турсинбай Абдижаббаров, «OBIDJON AKMALXON HAMKOR» МЧЖ иш юритувчиси Марат Оразбаев, университет жамоаси, нуронийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда дастлаб Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердияр Жоллибеков сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.
Шундан сўнг, сўзга чиққанлар янги талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши университет ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири эканини таъкидлаб, бу маскан талаба-ёшларнинг таълим олиши ва ўз устида ишлаши учун янада қулай муҳит яратишини айтиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда олий таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида талабаларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб яшаш ва таълим олиш шароитларини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, университетда янги талабалар турар жойининг фойдаланишга топширилиши ҳам ёшлар учун яратилаётган имкониятларнинг яна бир амалий ифодасидир.
Замонавий талаблар асосида қурилган янги талабалар турар жойи 500 талабани ўз бағрига сиғдира олади. Бунда талабаларнинг яшаши, таълим олиши, дам олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун зарур шароитлар яратилган.
Янги маскан Қорақалпоқ давлат университетида таҳсил олаётган ёшлар учун муносиб яшаш шароитларини таъминлаш, таълим сифатини янада ошириш ва университет инфратузилмасини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Азамат АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоқ давлат университети Матбуот котиби.



