«Миллат фидойилари» кўрик-танловига!
БЎРОНЛАРДА СИНМАГАН МАРДЛИК
Инсон умрининг мазмуни йиллар сурони билан эмас, балки эл-юрт ва Ватан озодлиги, тинчлиги йўлида қолдирилган эзгу, пок излар ҳамда кўрсатилган фидойилик билан ўлчанади. Бўронларда синмаган мардлик ва тўфонларда эгилмаган ирода баъзан шовқин-суронсиз, сокин ва камтар бир ҳаёт шаклида орамизда яшайди. 1977 йилнинг 18 апрель тонгида Элликқалъа туманининг Қилчиноқ овулига ана шундай шарафли бир тақдир шарпаси, ўзгача бир тароват ва умид бахш этиб кириб келган эди. Амударёнинг саховатли баҳорги салқини уфуриб турган, саҳро бағридаги сокин ва меҳнаткаш овул аҳли учун бу кун шунчаки тақвимдаги оддий сана эмас, балки эл ва юртнинг фахрига айланажак Одилбек Султановнинг таваллуд топган муборак куни эди. Азалдан содда, танти ва камтар инсонларни бағрида камолга етказган Қилчиноқнинг чанг кўчаларида беғубор кулиб юрувчи митти Одилбек ёшлигиданоқ ҳамманинг севимлисига айланди. Ундаги самимият, катталарга бўлган чексиз ҳурмат ва кичикларга кўрсатадиган меҳрибонлиги сабаб овул кексалари уни кўрганда: «Бизнинг жасур, юрагида ўти бор ўғлон келяпти», деб қувонч билан дуога қўл очардилар.
Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Тўли Султанов оиласида камол топган Одилбекнинг қонида тўғрисўзлик, маърифат ва ватанпарварлик чуқур илдиз отганди. Ота хонадонидаги қатъий тартиб, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик муҳити унинг характерини пўлатдек тоблади. У уй ишларида ота-онасига суянч, жигарларига меҳрибон ва жонкуяр, оила дастурхони атрофида эса ҳамиша шукуҳ ва меҳр манбаи эди. Бердақ номидаги 2-сонли ўрта мактабга қадам қўйган илк кунлариданоқ ўқитувчилари ундаги енгилмас иродани, илмга ва адолатга бўлган интилишни пайқашди. Спорт майдончаларида, чидамлилик ва ҳалол беллашувларда тобланган бу чаққон, меҳнаткаш йигитнинг нигоҳларида қатъият ва олийжаноблик ҳукмрон эди.
Вақт оқими Одилбекни йигитликнинг энг масъулиятли синовига — Ватан олдидаги бурчини ўташ сари етаклади. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида кечган ҳарбий хизмат у учун ҳақиқий матонат ва мардлик мактабига айланди. Юқори жисмоний тайёргарлиги, туғма етакчилик қобилияти ва пўлатдек интизоми билан у командирлари ва сафдошларининг самимий ҳурматини қозонди. Тоғли ҳудудларнинг бирида, чегарада бурчини ўташ чоғида кутилмаган хавф юзага келиб, қўлининг панжа қисмидан ўқ тешиб ўтганида ҳам, Одилбек госпиталда даволана туриб, онасининг безовта бўлишини ва юраги қон йиғлашини истамай бир оғиз ҳам билдирмади. Хизматдан қайтганида онаизори қўлидаги жароҳат изини кўриб хавотирга тушганида эса: «Ўчоққа олов қалаётиб ўтин тегиб кетди-да, онажон, хавотир олманг», дея мийиғида жилмайиб қўяқолди. Бу унинг содда камтарлиги, сабр-матонати ва оиласига бўлган чексиз меҳрининг сукутдаги буюк исботи эди.
Олий маълумотли Одилбек Султанов қалб амрига ва инсонийлик даъватига қулоқ тутиб, 1999 йилда Элликқалъа тумани ички ишлар бўлими патруль-пост хизмати ротасида, 2002 йилда эса Беруний тумани Ички ишлар бўлими қўриқлаш бўлимида ўз фаолиятини давом эттирди. Кичик сафдорликдан тортиб тажрибали ва эл ҳурматини қозонган ходим даражасигача бўлган машаққатли йўлда у қасамёдига ва инсонийлик тамойилларига ҳамиша содиқ қолди. Жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда фидойилик ҳамда беқиёс журъат кўрсатди. Тинчликни қўриқлаган ва одамларга ёрдам қўлини чўзган ҳар бир куни у учун чексиз ифтихор манбаи эди; у нафақат ўз хизмат бурчини бенуқсон бажарди, балки неча-неча сафдошлари ва муҳтож бегоналарга донорлик қилиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолди.
2002 йилда Одилбекнинг ҳаётида энг гўзал ва бахтли саҳифа очилди — у ота-она розилиги ва дуоси билан Муҳтарам билан турмуш қурди. «Гарчи 10 йил бирга яшаган бўлсак-да, асрга татигулик умр кечирдик. У кишининг меҳри ва оиласига бўлган садоқати дунёдаги энг олий туйғу эди», дея эслайди кейинчалик садоқатли ёр, матонатли она Муҳтарам. Болажон ва меҳрибон Одилбек тўнғич ўғли Бобур туғилганида хурсандчилиги ичига сиғмай кетганди, аммо ўша бахтли куни ҳам у эл тинчлигини қўриқлашдек масъулиятли хизмат навбатчилигида эди.
2012 йилнинг баҳори юртда кенг нишонланадиган анъанавий маданият фестивали тайёргарликлари ва баҳорги қутлуғ юмушлар билан келди. 3 май куни Одилбек онаизорини бағрига босиб: «Онажон, энди уч кунгача уйга келмайман. Хавотирланиб ўтирманг. Мабодо телефон қилмасам, безовта бўлиб ўзингиз ҳам қўнғироқ қилманг, чунки биз борган жойда алоқа яхши эмас, ишларимиз кўп. Ишим тугаганидан ўзим албатта телефон қиламан, хўпми?», деди-да, эртаси тонг отмасдан хизматга отланди. Бироқ кутилмаганда алоқа узилди. Она юраги бежиз оғримас экан — нимадир содир бўлганини туйган онанинг кўнгли ғашланди. 6 май куни қўшниси Гулчеҳра опа Одилбекнинг қўнғироқ қилиб туша олмаганини, кечга яна боғланишини айтганини тайинлаб кетган бўлса-да, ўша оқшом ва эртаси куни ҳам оғир ва безовта сукунат ҳукм сурди. Муҳтарам тандирга нон ёпар, онанинг эса юраги сиқилиб, чексиз хавотир ва бошдаги қаттиқ, чидаб бўлмас оғриқдан безовта бўларди — она қалби аллақачон суюкли, мард ўғлининг бошига тушган мудҳиш кулфатни сезган эди.
Сержант Одилбек Султанов жамоат тартибини ва хавфсизликни сақлаш бўйича махсус нарядда ўз хизматини ўтаётган эди. Оломон гавжумлиги ичида тўсатдан катта тезликда ҳаракатланиб келаётган автоулов пайдо бўлди. Қасамёдига, халқига ва олийжаноб бурчига сўнгги нафасигача содиқ қолган Одилбек бир сония ҳам иккиланмай, ўз ҳаётини хавф остига қўйди — у бегуноҳ фуқароларни, аёллар ва болаларни оғир, ҳалокатли зарбадан ҳимоя қилиш жараёнида мазкур машина томонидан уриб юборилди ва оғир жароҳат олди.
Ярим тунда онаизорнинг юрагини тирнаб, суяк-суягидан ўтиб кетадиган оғриқ билан ўғлининг шифохонада экани ҳақида совуқ хабар келди. Жонлантириш бўлимида ётган ўғлини кўрган онанинг дунёси қоронғулашди. Оғир жароҳатлар, шифокорларнинг туну кун қилган жонбозликлари, онанинг оҳ-у нолалари ва дуоларига қарамай, орадан оғриқли кунлар ўтиб, мард ходим, фидойи ўғлон вафот этди. Шу куни Қилчиноқ овули ва бутун Элликқалъа тумани чуқур қайғуга ботди, қайсики хонадон бўлмасин Одилбекнинг матонатига таҳсинлар айтди.
Бугун орадан йиллар ўтиб, отасининг изидан боришни, унинг номини ва шарафини муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилган қизи Севинчой Тошкент давлат юридика университетида таҳсил олмоқда. Ўғиллари Бобур ва Нодирбеклар эса оталарининг тафти, ўгитлари ва пок хотираси билан улғаймоқда. «Атиги 6 ёшда эдим, — дея кўз ёш ва чексиз соғинч билан эслайди қизи Севинчой. — Яхши ўқиганим учун ҳеч кимга билдирмай дафтарим ичига рағбат сифатида миттигина гул солиб қўярди. Буни дадам қилганини билардим ва ўзимда йўқ севинардим. Ҳожатбарор, бағрикенг, меҳмондўст инсон эди. Ҳар момақалдироқ чақнаганда, шитирлаб ёмғир ёғганда отамни ва унинг иссиқ тафтини эслайман. Бир куни акам Бобур билан ташқарида қолганимизда, кучли ёмғирдан қўрқиб турганимизда, бизни эгнидаги костюми ичига тиқиб пана қилганди. Овулда ёши катта одамни учратса, албатта машинасини тўхтатиб, миндириб, уйигача олиб бориб қўярди. Хотирамда отам мислсиз меҳрибон, пўлатдек иродали ва жонкуяр инсон бўлиб қолган».
Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг фарзандлари келажаги ва оиласининг муқаддас бурчини ўйлаб бошқа турмуш қурмаган, садоқат тимсолига айланган Муҳтарам эса уйқуси ўчган, юраги сиқилган пайтларда ўғли Бобуржоннинг тепасига бориб, сочларини силар, суюкли эрининг дийдорини ўғлида кўриб, уйғотиб юбормай деб секингина пешонасидан ўпиб қўяди. Йигирмадан ошган Бобур онасининг хаёлидан нималар ўтаётганини тушунарди, аммо онасига сездирмасликка ҳаракат қилиб, доим кўнглига қарарди.
Мардлар ҳеч қачон ўлмайди, уларнинг хотираси ва кўрсатган қаҳрамонлиги эл қалбида абадий яшайди. Одилбек Толиевич Султанов кўрсатган фидойилик ва жасорат давлатимиз томонидан юксак қадрланди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг «Хотира майдони»да унинг номи зар ҳарфлар билан ўйиб ёзилди. «Миллий гвардия тарихи музейи»да қаҳрамонлиги ва ибратли ҳаётига бағишланган махсус блок яратилиб, босиб ўтган шарафли йўли келажак авлод учун тарбия ва матонат масканига айлантирилди.
Бугун Қилчиноқ овули бўйлаб, саҳро бағридан эсган майин ва сокин шабада гўё Одилбекнинг самимий, беғубор кулгусини ёдга солаётгандай бўлади. Инсон ҳаёти умрнинг йиллар сони билан эмас, балки ортидан қолдирган ибратли ҳаёти ва бошқалар тақдирида қолдирган ёруғ изи билан ўлчанади. Одилбек Султанов атиги 35 баҳорни қарши олган бўлса-да, унинг жасорати бир умрлик маъно касб этди. Бир лаҳзалик жасорат уни оддий хизматчидан халқ хотирасида мангу яшайдиган қаҳрамон даражасига кўтарди. Унинг номи бугун фақат хотира майдонидаги зарҳал ҳарфларда эмас, она қалбидаги армонда, фарзандлари юрагидаги фахрда, сафдошларининг хотирасида ва элнинг дуоларида яшамоқда.
Фотима АБДУРАИМОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.



