«АЁЛ ТАҚДИРИ — САҲНА ОРҚАЛИ МУЛОҚОТ»: ИЖТИМОИЙ МУАММОЛАР ЕЧИМИДА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ


 Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган «Ўзбекистондаги ННТларнинг институционал ва дастурий салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда ННТлар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларни янада яхшилаш» лойиҳаси доирасида Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими томонидан «Аёл тақдири — саҳна орқали мулоқот» лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий маркази, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий  бўлими раҳбари Гулсара Жоллибекова лойиҳанинг мақсад ва вазифалари хусусида батафсил маълумот берди.
Давра суҳбатининг асосий мақсади — лойиҳа моҳиятини кенг жамоатчиликка таништириш, ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда очиқ ва муқобил мулоқот майдонини яратишдан иборат.
Лойиҳанинг эътиборли жиҳати шундаки, унда ижтимоий муаммолар анъанавий семинар ёки маърузалар орқали эмас, балки форум-театр ва интерактив усуллар ёрдамида таҳлил қилинади. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг тажрибали актёрлари томонидан ҳаётда учрайдиган реал ва мураккаб вазиятлар саҳналаштирилиб, томошабинлар жараённинг фаол иштирокчисига айланади. Саҳна асарлари оралиғида «Агар сиз шу вазиятга тушиб қолганингизда қандай йўл тутган бўлардингиз?» деган савол атрофида жонли муҳокамалар ўтказилиб, ҳар бир иштирокчига ўз фикрини билдириш, муаммони турли ракурсдан баҳолаш ва ечим таклиф этиш имконияти берилади.
Қорақалпоғистонда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳамон долзарб ижтимоий масала бўлиб қолмоқда. Масалан, 2026 йилнинг I чорагида Беруний туманида 63 нафар, Тўрткўл туманида 43 нафар ва Амударё туманида 68 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Бу рақамлар зўравонликнинг олдини олиш, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатади. Мазкур вазифаларни амалга оширишда юқорида қайд этилган ҳамкор ташкилотлар яқиндан кўмаклашади.
Оилавий зўравонлик ва хотин-қизлар ҳуқуқлари бузилиши каби нозик масалаларни айблаш ёки қоралаш орқали эмас, балки ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан таҳлил қилиш лойиҳанинг бош ғоясидир. Ташаббус доирасида фуқароларга тажрибали юрист ва психологлар томонидан бепул ҳуқуқий ҳамда психологик маслаҳатлар бериб борилади.
Учта ҳудудда 600 га яқин фуқарони қамраб олишни мақсад қилган ушбу лойиҳа аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, жамоатчилик назоратини ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир якунида ҳамкор ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, саҳна орқали бошланган мулоқот жамиятда очиқ диалог ва амалий ҳуқуқий ёрдамга йўл очди.
 Фотима АБДУРАИМОВА.