РАВОН ЙЎЛЛАР — БЎЗАТОВ КЎРКИ


Сўнгги йилларда халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун Президентимизнинг тегиш­ли Фармон ва қарорлари асосида кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, республикамиз ҳудудларида қишлоқ аҳолисини ичимлик суви, электр энергияси билан барқарор таъминлаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Бўзатов туманида ҳам қурилиш объектларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги 49-сонли қарори асосида, Бўзатов туманини ривожлантириш дастури учун ажратилган маблағ ҳисобидан 95В038 автомобиль йўлининг 18,3 километр оралиғини асфальтлаш ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур автомобиль йўли Бўзатов туманини Чимбой тумани, «Еркиндарё» овул фуқаролар йиғинига қарашли «Макка» овул ва «Кокшийел» элатини туман маркази билан боғлайдиган  муҳим объект ҳисобланади.

Тажрибали йўл қурувчилари томонидан 18 млрд 870 млн сўм маблағ ҳисобидан амалга оширилган бу ишнинг тўлиқ якунланиши натижасида, халқимиз учун кенг қулайликлар яратилди. Йўлнинг фойдаланишга топширилиши ҳудудларда транспорт қатновини яхшилаш, аҳоли учун қулайликларни ошириш ҳамда  алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, шу куни «Кок-суў» овул фуқаролар йиғини ҳудудида Фарғона вилояти ҳокимлигининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қурилган маҳалла идорасининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

Унда туман ҳокими Б.Уббиниязов сўзга чиқиб, ҳудуд аҳолисини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллик байрами билан самимий табриклаб, халқимизга шундай қулай ва кенг имкониятларни яратиб бергани учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди.

Албатта, фойдаланишга топширилаётган ушбу янги объектлар халқимиз учун қулай шароит яратиб, ҳудуд инфратузилмасининг янада яхшиланиши ва фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатининг янада ошишига хизмат қилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.