ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ КУРАШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ


Хўжайли туманида Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги остида Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази ва Марта ташкилоти (Латвия) ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Қадамма қадам – эркин ва хавфсиз ҳаёт!” лойиҳаси доирасида ўқув семинари ўтказилди.

Ўқув семинарида Қонликўл, Тахиатош ҳамда Хўжайли туманидаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларидаги ижтимоий ходимлар, хотин-қизлар масалалари ­бўйича инспекторлар, психологлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — оилавий зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш, жабрланган хотин-қизларни зарур хизматларга йўналтириш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган самарали механизмларни кучайтириш, қолаверса,  иштирокчиларнинг мазкур муаммога қарши касбий салоҳиятини оширишдан иборат.

— Таъкидлаш жоизки, оилавий зўравонлик долзарб ижтимоий муаммолардан биридир, — дейди Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон  Республикаси ҳудудий бўлими директори Гулсара Жоллибекова. — Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, ушбу муаммо бугунги кунда кўплаб оилаларда учрамоқда. Зўравонликка дуч келган хотин-қизлар ўз ҳуқуқлари, мавжуд ҳимоя механизмлари ва ёрдам олиш имкониятлари ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Айрим ҳолларда эса қўрқув, яқинларининг босими ва жамиятда ҳали ҳам учраб турадиган “оиладаги муаммо бу — оиланинг шахсий иши” қабилидаги қарашлар уларнинг ёрдам сўраб мурожаат қилишига тўсқинлик қилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли билан бевосита ишлайдиган мутахассисларнинг зўравонлик ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш ва жабрланганларни тегишли хизматларга самарали йўналтириш бўйича амалий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш зарур.

Лойиҳа доирасида “МАРТА” ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган “Хавфсиз ва эркин ҳаёт” ўқув-услубий қўлланмаси қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, нашр этилди. Эътиборлиси, ушбу қўлланма худудимизнинг ижтимоий- маданий хусусиятларига мослаштирилиб, мутахассислар ва аҳоли учун тушунарли ва қулай баён этилган. Ўқув семинарида иштирокчиларга ушбу қўлланмалар тарқатилди.

Тадбир доирасида “Зўравонликсиз оила” акцияси ҳам ўтказилди.

— Лойиҳанинг муҳим жиҳати олинган билим ва кўникмаларни мутахассисларнинг кундалик фаолиятига татбиқ этишдан иборат. Шу мақсадда оилавий зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, жабрланган хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни зарур хизматларга йўналтириш бўйича ягона амалий алгоритмни ишлаб чиқиш ва маҳаллий амалиётга жорий этиш назарда тутилган. Бундай ёндашув мутахассисларга хавфли ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда жабр­ланган шахсларга зарур ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдамни кўрсатиш имконини беради.

Оилавий зўравонликнинг самарали профилактикаси, аввало, аҳоли билан бевосита ишлайдиган мутахассиснинг вазиятни ўз вақтида англай олиши, хавф даражасини тўғри баҳолаши ва жабрланган шахсни қаерга ва қандай тарзда хавфсиз йўналтиришни билиши лозим. Шунинг учун бизнинг вазифамиз фақат маълумот бериш эмас, балки мутахассислар кундалик фаолиятида қўллай оладиган аниқ ва амалий механизмни шакллантиришдир,  — дейди  «Ҳунар ва ҳаёт» нодавлат-нотижорат ташкилоти раҳбари, гендер эксперт, хотин-қизлар маслаҳат гуруҳи мутахассиси Васила Норбекова.

Дарҳақиқат, бу каби тадбирлар мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш, маҳалла даражасида зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизлар учун янада хавфсиз муҳит яратиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда жамиятда ўзаро ишонч ва ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Мазкур ўқув семинарлари Қорақалпоғистондаги еттита ҳудудда ўтказилиши белгиланган.

Феруза Нуруллаева

тайёрлади.