Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳа ва ташаббусларини амалга ошириш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Қораўзаклик Бибинур Базарбаева ҳам ана шундай иқтидорли ёшлардан. У бу йил Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалини муваффақиятли тугатди. Талабалик даврида ўқиш ва жамоат ишларидаги фаоллиги сабаб Тўлепберген Қайипбергенов номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлди. Муддатидан олдин имтиҳонларсиз ўқиш имкониятини қўлга киритган Бибинур жорий ўқув йилидан бошлаб мазкур олийгоҳнинг магистратура босқичида ўқишини давом эттирмоқда.
— Қорақалпоқ адабиётининг йирик намояндаси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергеновдек улуғ инсон номидаги стипендия соҳиби бўлиш мен учун катта шараф. Бугун юртимизда у кишининг асарларини ўқимаган инсон бўлмаса керак. Мен ҳам донишманд ёзувчимизнинг ибратли ҳаёт ва ижод йўлидан илҳомланиб яхши ўқишга, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан, — дейди Бибинур Базарбаева.
Дарҳақиқат, Бибинур олийгоҳда аъло баҳоларга ўқиди. Мамлакатимиз миқёсида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этди, қатор кўрик-танловларда ғолиб бўлди. Унинг бир қанча илмий мақолалари Ҳиндистон, Дания, Қозоғистон каби дунёнинг етакчи мамлакатлари илмий журналларида ёритилди.
Бибинур фақат ўқиш билан чекланиб қолмай IT соҳасига ҳам қизиқди. Пойтахтимиздаги Ёшлар технопаркида ташкил этилган Innox biznes_inkubator ҳамда UNI StartUp дастурларини муваффақиятли тугатиб сертификатга эга бўлди.
— Маълумки, бугунги кунда ушбу соҳага талаб анча юқори. Яъни бу билан шуғулланувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари биз ёшларни доимо қўллаб-қувватлаб, мана шундай замонавий касбларга ўқитиш зарурлигини таъкидлайди. Чунки, бугун замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ана шундай глобал ахборот майдонида биз ўзимизга керакли бўлган маълумотларни олишимиз, муносиб кўрган ишда ишлашимиз ва албатта жамиятга фойдамиз тегиши лозим деб ўйлайман, — дейди Бибинур Базарбаева.
Бибинурнинг ютуқлари жуда кўп. Жумладан, у “Истиқболли лойиҳалар ёшлар нигоҳида” танловида ўзининг «GROUND WATER – WS» лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Нукус шаҳрида ўтказилган “IDEATHON” AI ни соҳаларда қўллаш бўйича инновацион лойиҳалар танловида ғолиб бўлди. 2025 йили Қозоғистон Республикасида Ўрта Осиё талабалари ўртасида ўтказилган халқаро инновациялар танловида сертификат билан тақдирланди.
Оролни муҳофаза қилиш халқаро фонди Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан ташкил этилган “Чиқиндидан янги маҳсулот” инновацион ғоялар танловида сертификатга эга бўлди. Бундан ташқари у, Тошкент шаҳрида ўтказилган “InnoWeek-2025”, “TALABA-EXPO-2026” касб кўргазмасида ҳам ўз лойиҳаси билан фаол иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Бибинур яқинда “AQUA LOOP” стартап лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу лойиҳа сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Яъни, ушбу қурилма орқали душ ва қўл ювишдан ҳосил бўладиган сув йиғилиб, махсус фильтрлар орқали тозаланади ҳамда уни техник мақсадларда хусусан ҳожатхона бачогида қайта фойдаланиш мумкин.
— Қурилмада сув уч босқичда тозаланади, — дейди Бибинур Базарбаева. — Биринчи босқичда механик фильтр яъни соч, ип каби йирик заррачалар ушлаб қолинади. Иккинчи босқичда биологик фильтр органик моддаларни парчалайди. Учинчи босқичда эса кимёвий фильтр сувдаги ҳид ва рангни камайтириб, якуний тозалаш жараёнини амалга оширади. Шундан сўнг тозаланган сув гравитация кучи асосида ҳожатхона бачогига йўналтирилади. Эътиборлиси, қурилма гравитация кучидан фойдаланган ҳолда ишлайди, яъни қўшимча электр энергияси талаб этмайди. Шу боис, уни мавжуд муҳандислик инфратузилмасига интеграция қилиш назарда тутилган.
Ушбу қурилма асосан, кўп қаватли уйлар, меҳмонхоналар, ижтимоий объектлар каби сув истеъмоли юқори бўлган жойларда қўлланилади. Келажакда мазкур қурилмани янада такомиллаштириб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда сув тежамкорлигига эришишни мақсад қилганман.
Дарҳақиқат, ёш тадбиркорнинг бу каби лойиҳаси сув танқислиги ортиб бораётган Оролбўйида сувдан мақсадли фойдаланиш, сув тежамкорлигига эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Мухтасар айтганда, юртимизда Бибинур каби иқтидорли, ташаббускор ёшлар жуда кўп. Уларнинг стартап лойиҳалари, ташаббус ва ғоялари ҳам Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишдек эзгу мақсадларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Феруза Нуруллаева.



