Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг ўз истеъдодини намоён этиши, спортда юксак марраларга эришиши билан бирга, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ана шундай истеъдодли, интилувчан ва фаол ёшларимиздан бири — бадиий гимнастика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Жаҳон кубоги совриндори, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали 2-курс талабаси Самира Ахмедовадир.
Самира болалигидан спортга меҳр қўйди. У олти ёшидан бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланиб, олдига қўйган мақсадлари сари интилди. Тинимсиз машғулотлар, ирода, сабр-тоқат ва ўз устида доимий ишлаш натижасида ёш спортчи бугунги кунда улкан ютуқларга эришди.
Самиранинг спортдаги муваффақиятлари, аввало, унинг меҳнатсеварлиги ва қатъиятидан далолат беради. У халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига сазовор бўлди. Жаҳон кубоги совриндори ҳамда бугунги кунда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Самира Ахмедованинг ҳаёти фақат спорт билан чекланиб қолмайди. У Ўзбекистон Экологик партиясининг фаол аъзоси сифатида экологик-маърифий тадбирлар ва акцияларда ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Айниқса, у ёшлар орасида табиатга меҳр-муҳаббат, экологик маданият ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилган ташаббусларда жуда фаол.
Самира “20 сентябрь — Бутунжаҳон тозалик куни”, “30 март — Чиқиндисиз дунё учун халқаро куни”, “5 май — Сайғоқларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан ташкил этилган экологик акцияларда фаол иштирок этди.
Шунингдек, ёшларни табиатни асрашга чорловчи “Табиат учун бирлашайлик!” шиори остидаги тадбирларда ҳам ўзининг фаол фуқаролик позициясини намоён этди.
Спорт ва саломатлик масалаларига бағишланган тадбирлар ҳам унинг эътиборидан четда эмас.
Ёш спортчининг бундай фаолияти муносиб эътироф этилиб, у Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда бир қатор миннатдорчилик хатлари билан тақдирланган.
Аслида, ҳақиқий муваффақият фақат медаль ва совринлар билан ўлчанмайди. Инсоннинг жамият олдидаги масъулияти, эл-юртга фойда келтиришга интилиши, табиат ва келажак авлод тақдирига бефарқ бўлмаслиги ҳам катта фазилатдир. Самира Ахмедова ана шу жиҳатлари билан тенгдошлари орасида алоҳида ажралиб туради.
У спорт майдонларида Юртимиз байроғини баланд кўтаришга интилар экан, жамоат ҳаётида ҳам фаол бўлиб, экологик ғояларни ёшлар орасида тарғиб этмоқда. Бу эса спортчи ёшларнинг нафақат жисмонан чиниққан, балки маънавий баркамол, ижтимоий масъулиятли бўлиши лозимлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Бугун Самира каби ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг катта умиди ва ишончидир. Уларнинг ютуқлари ёш авлодга куч-ғайрат, қатъият ва ишонч бағишлайди. Чунки катта мақсад сари интилган, ўз устида тинимсиз ишлайдиган ва жамият ҳаётига бефарқ бўлмаган ёшлар келажак тараққиётининг мустаҳкам таянчидир.
Спортдаги ғалабалар ва табиатни асраш йўлидаги эзгу ташаббуслар — Самира Ахмедованинг бугунги фаолиятини бирлаштириб турган икки муҳим йўналишдир. Ишонамизки, бу иқтидорли ёш спортчи келгусида ҳам юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилиб, жамият ва экология йўлидаги фаолиятини давом эттиради.
Ўз мухбиримиздан.



