Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Ватан тараққиёти, илм-фан ва таълим соҳасига муносиб ҳисса қўшган инсонларни хотирлаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёд этиш алоҳида аҳамиятга эга.
Тенгел Ситмурaтов ана шундай фидойи устозлардан бири эди. У 1955 йил 22 сентябрда Қўнғирот туманининг Қўнғирот овул фуқаролар йиғинига қарашли Қангли овулида таваллуд топган. Ёшлигидан зукко, талабчан ва изланувчан бўлиб вояга етган Тенгелда ҳисоб-китоб ишларига, хусусан, бухгалтерия соҳасига қизиқиш эрта шаклланган.
Қишлоқдаги ўрта мактабни тамомлагач, 1973 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтига «Қишлоқ хўжалигида бухгалтерия ҳисоби» мутахассислиги бўйича ўқишга кирди. Олийгоҳни аъло баҳолар билан тамомлаган ёш мутахассиснинг кейинги меҳнат фаолияти таълим соҳаси билан боғланди.
1977 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг йўлланмаси асосида Нукус давлат университетининг «Ҳисоблаш математикаси» кафедрасига «Бухгалтерия ҳисоби» фани ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилинди. 1977 йилдан «Агрономия» кафедрасида, 1980 йилдан эса «Бухгалтерия ҳисоби» кафедрасида фаолиятини давом эттирди.
Шу тариқа унинг меҳнат фаолияти таълим ва илм билан узвий боғланди. Тенгел Ситмурaтов ўз касбига садоқат билан ёндашиб, бухгалтерия ҳисоби соҳасида етук мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Илмий изланишлар ҳам унинг ҳаётида муҳим ўрин тутди. 1987 йилда Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институтида «Солиқ хўжаликларида машина-трактор паркининг самарадорлигини ошириш» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Илмий-педагогик фаолиятининг самараси сифатида унга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси қарори билан доцент илмий унвони берилди. Меҳнати «Мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллиги» эсдалик нишони, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан муносиб тақдирланган.
2003 йилда «Истеъдод» жамғармаси орқали Малайзияда билим ва тажрибасини ошириб қайтди. Бу сафар унинг касбий билимларини янада бойитиш ва илғор тажрибалар билан танишишида муҳим аҳамият касб этди.
Тенгел Ситмурaтов университетда бир қатор масъулиятли лавозимларда ҳам фаолият юритди. 1993 йил 28 мартдан «Бухгалтерия ҳисоби» кафедраси мудири, 1994 йилда «Сиртқи ва кечки» таълим бўйича проректор, 1996 йилдан иқтисодий масалалар ва ишбилармонлик бўйича проректор, 2001 йилда «Молия» факультети декани лавозимларида ишлади.
2005 йил сентябр ойида яна «Бухгалтерия ҳисоби» кафедраси мудири этиб тайинланди. 2008 йилдан «Бизнес ва бошқарув» факультети декани, 2011 йилдан бошлаб эса «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» кафедраси доценти сифатида меҳнат қилди.
Унинг илм-фанга қўшган ҳиссаси салмоқли. Тенгел Ситмурaтов 70 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи бўлиб, бухгалтерия ҳисоби йўналишлари бўйича 20 дан ортиқ дарслик, ўқув қўлланма ва услубий-методик ишларни тайёрлашда ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган. Ўз муаллифлигидаги монографияси ва бир қатор ўқув-услубий қўлланмалари ҳам соҳа мутахассислари, тадқиқотчилар ва талабалар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилди.
Бироқ устознинг энг катта мероси — унинг шогирдларидир. У дарс жараёнида талабалар билан эркин мулоқот қилар, ҳар бирининг билим даражаси ва қизиқишини инобатга олган ҳолда ёндашарди. Мураккаб ҳисоб-китобларни оддий ва ҳаётий мисоллар орқали тушунтирар, назарий билимни амалиёт билан боғлашга алоҳида эътибор берарди. Шунинг учун ҳам унинг маърузалари ва амалий машғулотлари талабалар хотирасида узоқ йиллар сақланиб қолган.
Талабаларнинг корхона ва муассасаларда ўтадиган диплом олди битирув амалиётларини назорат қилиш, уларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашларига кўмаклашишни ҳам устоз муҳим вазифа деб билган. Бухгалтер ва аудитор кадрларни тайёрлашда билимни содда, тушунарли тилда етказишга интилган.
Тенгел Ситмурaтовнинг оиласи ҳам унинг ҳаёт йўлининг муҳим қисмидир. Турмуш ўртоғи Урхия Уснатдиновна билан бирга тўрт нафар ўғилни тарбиялаб вояга етказди. Фарзандларидан икки нафари илмий даражага эга бўлиб, олий таълим муассасаларида доцент лавозимида педагогик фаолият юритмоқда.
Бугун устознинг ўзи орамизда йўқ. Аммо унинг номи, илмий ишлари, дарслик ва қўлланмалари, энг муҳими, шогирдлари ва фарзандлари орқали эзгу ишлари давом этмоқда. Зеро, ҳақиқий устознинг умри унинг шогирдлари билан боқий.
Тенгел Ситмурaтов мазмунли умри давомида юртимиз тараққиёти, ёш авлод таълим-тарбияси, иқтисодий соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ва илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди. Унинг ҳаёт йўли касбга садоқат, илмга интилиш ва устозлик масъулиятини шараф билан адо этишнинг ибратли намунаси бўлиб қолади.
З.ТАЖЕКЕЕВ,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» кафедраси бошлиғи,
мазкур кафедра профессорлари
С.БАЙЖАНОВ,
К.ИСМАЙЛОВ.



