Мен учун ҳам, маҳалламиз аҳли учун ҳам 2026 йилнинг 18 сентябрь — унутилмас кун бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан илк бор юзма-юз учрашиб, суҳбатлашдик. Кўп йиллардан буён давлатимиз раҳбарини телевидение орқали кўриб, юртимиздаги ўзгаришларни кузатиб келардик. Бугун эса у кишининг маҳалламизга келиб, одамлар билан суҳбатлашганига гувоҳ бўлдик.
Президентимизнинг халқ фаровонлиги, янги иш ўринлари яратиш ва инвестиция жалб этиш борасидаги ишларидан хабардормиз. Яқинда Корея Республикасига ташрифи чоғида ҳам мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим келишувларга эришилгани ҳақида сўз борди.
Учрашувда мен учун энг қувонарлиси — амалга оширилаётган ишлар натижасини ўз маҳалламиз мисолида кўриш бўлди. Дийқан арна маҳалласида кейинги икки йилда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида канал ва ариқлар бетонланиб, хонадонлар томорқаларини сув билан таъминлаш яхшиланди. Бу эса одамларга ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, даромад топиш имконини бермоқда.
Маҳалламизда 1000 дан зиёд оила, 3600 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Замонавий 60 ўринли боғча қурилди, футбол ва воркаут майдончалари барпо этилди. «Ақлли маҳалла» тизими жорий қилиниб, аҳоли мурожаатлари ва маҳалла инфратузилмаси билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш имконияти кенгайди.
«Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида асаларичилик ҳам ривожланмоқда. Ҳозир 20 дан зиёд хонадон асалари боқмоқда. Президентимиз маҳалладошимиз Бахтиёр Жубаев хонадонида бўлиб, асални қайта ишлаш цехи ва асалари қутиси тайёрлаш устахонаси билан танишди. Маҳалладошимизнинг шу меҳнати ортидан яхши даромад топиб, рўзғорини тебратаётгани, бошқа хонадонларга ҳам намуна бўлаётгани биз учун қувонарли.
Учрашувда «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Турсунбой Абдижабборовга камбағал оилаларни иш билан таъминлаш, уларни фаровон ҳаётга йўналтириш ишларига нуронийларни кенг жалб этиш вазифаси юклатилди.
Биз бу ишончни «лаббай» деб қабул қиламиз. Чунки маҳаллада қайси оиланинг қандай муаммоси борлигини, кимнинг қандай ҳунари ва имконияти борлигини яхши биламиз. Бор тажрибамиз ва ҳаётий кўникмаларимиз билан уларга кўмак беришга тайёрмиз.
Менинг меҳнат фаолиятим ҳам эл ризқи ва юрт ободлиги билан боғлиқ бўлган. Узоқ йиллар ирригация соҳасида меҳнат қилганман. Ҳаёт тажрибамдан биламан: сув ўз вақтида етказилса, ер ҳосил беради. Инсонга имконият берилса, у ҳам меҳнати билан оиласи фаровонлигини таъминлайди.
Бугун маҳалламизда бўлаётган ўзгаришларга қараб, шунга яна бир бор амин бўлдимки, катта ислоҳотларнинг самараси, аввало, одамларнинг кундалик ҳаётида кўринади. Бу эзгу ишларга биз, нуронийлар ҳам ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.
Муратбай Қалмуратов,
Дийқан арна маҳалласи нуронийси,
Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган ирригатор.



