Президентимизнинг жорий йил 18–19 сентябрь кунлари Қорақалпоғистонга қилган ташрифи ҳудуд ривожида янги босқични бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Ташриф доирасида масъул раҳбарлардан тортиб, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар битта қорақалпоғистонлик учун, ҳудуднинг бугунги тараққиёти, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Ҳақиқатан ҳам, бугун Қорақалпоғистонда турли йўналишларда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, шаҳар ва овуллардаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари Оролбўйи аҳолиснинг бирлашиб, тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечиришига замин яратмоқда.
Маҳалла ва овулларда аҳоли учун қулай инфратузилманинг яратилаётганлиги, Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳаллалар сонининг ортиб бораётганлиги, ёшларнинг сифатли таълим олишига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик кўнгилларга шодлик, ҳаётдан розилик, шукроналик туйғуларини олиб кирмоқда.
Ташриф доирасида қиймати 592 миллион доллар бўлган 11 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, хорижий ҳамкорлар иштирокидаги 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳани амалга оширишга старт берилгани Қорақалпоғистоннинг жадал тараққиётига ташланган қадам бўлди.
Асосийси, ушбу лойиҳалар ҳисобига 8 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Аҳоли фаровонлигини ошириш ва инвесторлар учун қулай, жозибадор инвестицион муҳит яратишда, энергетика соҳасидаги лойиҳаларнинг аҳамияти катта.
Қўнғирот туманида қуввати 1,5 минг мегаватт бўлган шамол электр станциясини барпо этиш, янги электр тармоқлари ва подстанциялар қуриш режалари ҳудуднинг энергетик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
2030 йилгача «яшил» энергия улушини 76 фоизга етказиш мақсади белгилаб олинганлиги, ҳудуднинг ички ва табиий имкониятларидан самарали фойдаланишга ундайди.
Муҳтарам Президентимизнинг аҳоли вакиллари, жамоатчилик фаоллари билан ўтказилган мулоқотида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллаларда муносиб яшаш шароитларини яратиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Тиббиёт соҳасида Нукус тиббиёт илмий академияси, Болалар клиникаси, Онкология маркази ва янги кўп тармоқли шифохонани бирлаштирган Университет тиббий кластерини ташкил этиш режаси Қорақалпоғистонда замонавий тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган муҳим вазифалардан биридир.
Ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати — инсон капиталига, хусусан, таълим ва малакали кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилганидир.
Бугунги меҳнат бозорида замонавий касб ва кўникмаларга эга мутахассисларга талаб тобора ортиб бораётган бир шароитда таълимни иш берувчилар эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш бўйича ҳам вазифалар белгилаб олинди. Бу ўз навбатида ишсизликнинг олдини олишга, аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим йўналиш — Қорақалпоғистоннинг бой тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда уни ёш авлодга етказишдир.
Келгуси йили буюк қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича билдирилган ташаббус миллий адабиёт, маданият ва маънавий меросга эътиборнинг амалий ифодасидир.
Партиямиз фаоллари ва депутатлари ҳар бир маҳалла ҳамда хонадонга кириб, муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва истиқболли режаларни халқимизга самимий мулоқотлар орқали етказишни ўз бурчи деб билади. Зеро, юртимизда олиб борилаётган барча янгиланишларнинг бош мақсади бўлган «инсон қадри» ғоясининг мазмун-моҳиятини ҳар бир юртдошимиз қалбига сидқидилдан сингдириш бугун биздан юксак масъулият талаб этмоқда.
Раўаж Отарбаев,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари.



