Президентимизнинг Қорақалпоғистонга, шу жумладан, «Турон» стадионига ташриф буюриши биз спортчиларни, мураббийларни, қолаверса шу ерда тарбияланаётган ёш футболчиларни бениҳоя хурсанд қилди. Аслида, Президентимизнинг ҳар битта ташрифи Қорақалпоғистон тарихида, шу ерда яшаб меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳаётида янги саҳифа очиб, улкан мақсадлар сари руҳлантиради.
Бугун нафақат спорт соҳасида, балки, юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам янгиланиш ва ўзгаришлар, ободлик ва бунёдкорлик ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Президентимиз ташриф доирасида «Турон» стадиони имкониятлари, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, футболчиларимиз билан учрашди. Ҳар бири билан алоҳида қўл бериб кўришди. Мен ўйлайманки, бу футболчиларимиз учун шунчаки учрашув эмас, балки, келажакдаги орзу ва мақсадларига, самарали фаолиятига очилган кенг йўл, имкониятдир.
Мулоқот давомида инфратузилма яратиб бердик, лекин, адолатли ва сифатли селекция асосий масала бўлиши керак, истеъдодлар маҳалла, қишлоқ ва мактабларда қолиб кетмаслиги керак, дея таъкидлади Президентимиз. Бу албатта, биз соҳа вакиллари-мураббийлар учун фаолиятимизни янада самарали ташкил этиш, ҳар битта ёшга алоҳида эътибор қаратишимиз ва бор имкониятларимизни ишга солиш зарурлигини билдиради.
Узоқ йиллик фаолиятим давомида Қорақалпоғистон футболи, “Арал” жамоасининг кеча ва бугуни ҳақида озми-кўпми хабардорман. Тўғри, ўтган йиллар давомида тизимда қийинчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар билан бирга зафарли онлар ҳам бўлди. Аммо, бугун Қорақалпоғистон футболи тубдан янгиланмоқда. Тизимнинг моддий-техник базаси яхшиланди.
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги, чексиз меҳри туфайли Мустақиллигимизнинг 35 йиллик шонли байрами арафасида «Турон» стадиони 118,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда бу ерда асосий футбол мадонига қўшимча 2 та футбол майдончаси, 196 ўринли ётоқхона, замонавий ўқув хоналари, ошхона, кутубхона, фитнес ва спорт заллари, аҳолига хизмат кўрсатиш жойлари, автомашиналар учун тураргоҳлар мавжуд. Натижада, стадион футболга ихтисослаштирилган спорт мажмуасига айлантирилди.
Стадионнинг жаҳон стандартларига мос келиши бу ерда тўп сураётган “Арал”, “ҚМУ-Жайхун”, “Арал академия” ҳамда “Aral women” қизлар жамоалари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Шуни ҳам мамнуният билан таъкидлашни истардимки, яқинда стадионга замонавий VAR технологияси ўрнатилди.
Бу футбол ўйинларини замонавий талаблар асосида ўтказишда ҳакамлар қарорларини видеоёзув орқали қайта кўриб чиқиш имконини беради.
Шунингдек, футболчиларимизга Президентимиз совғаси-замонавий автобус берилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан футболчиларимизга яратиб берилаётган бу каби имкониятлар бизга жуда катта куч-шижоат бағишлаб, масъулиятимизни янада оширади.
Келгусида футболчиларимиз орасидан Ўзбекистон, Жаҳон чемпионларини етиштириб, юртимиз байроғининг баландларда хирпирашига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Зеро, Президентимизнинг ташрифи, бугун «Турон» стадионидаги янгиланиш ва имкониятлар ана шундай улуғвор мақсадларга замин яратмоқда.
Дамир Искендеров,
Қорақалпоғистон футбол академияси директори.



