АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲИМОЯСИ: МУҲИМ ЎЗГАРИШЛАР ВА МАНФААТЛАР


Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бирига айланди. Жамиятда тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ушбу соҳада комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сон Фармони ана шундай эзгу ва ҳаёт-мамот даражасидаги муҳим мақсадларга хизмат қилади.  Мазкур ҳужжатнинг энг диққатга сазовор йўналишларидан бири — ёшларни оилавий ҳаётга онгли равишда тайёрлаш ва эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилганидир. Шу муносабат билан никоҳланувчиларни “маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” бепул махсус курслари билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилга бориб 100 фоизга етказиш белгиланди. Бу эса келажакда оилавий низоларнинг олдини олиш ва соғлом муҳитни барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлади.

Фармонда молиявий мустақиллик ва мустаҳкам оилани рағбатлантириш мақсадида 2027 йилдан эътиборан янги имтиёзлар тизими жорий этилмоқда. Хусусан, ҳар икки томон камида 21 ёшга тўлиб, биринчи маротаба оила қураётган ёшлар давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватланади. Ижтимоий реестрга киритилган шундай оилаларга ажратиладиган субсидия, ссуда ва грантлар миқдори 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади. Бундан ташқари, оилавий муносабатларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва никоҳ шартномасини тузишни рағбатлантириш мақсадида бундай шартнома тузган шахслар никоҳни қайд этишдаги давлат божидан озод қилинади.

Ҳужжатда ҳомиладор талаба-қизлар ва уч ёшгача фарзандини тарбия­лаётган талабаларга таълимни узлуксиз давом эттириш учун “иккинчи имконият” яратилмоқда. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб, маълум сабаб­ларга кўра курсдан қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган ушбу тоифадаги шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, Академик таътил даврида талабанинг хоҳишига кўра масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар мужассам этилади.

Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатларининг олдини олишда идоралараро масъулият ва тезкорлик янада кучайтирилмоқда. Эндиликда бундай ҳолатлар аниқланганда маҳалла органлари, ФҲДЁ, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зудлик билан ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериши шарт. Ушбу ҳолатларни яшириш ва хабар бермаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади, шу билан бирга аниқланган хотин-қизлар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши давлат томонидан тўлиқ кафолатланади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Фармон фақатгина ҳуқуқий ҳужжат бўлиб қолмай, балки жамиятда аёл ва бола қадрини юксалтиришга қаратилган муҳим ижтимоий кафолатдир. Унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалиётга изчил жорий этилиши эрта никоҳлар ва маиший зўравонлик ҳолатларининг кескин камайишига, ёш оилаларнинг молиявий барқарорлиги ортишига ҳамда хотин-қизларнинг таълим ва жамиятдаги ўрни янада мус­таҳкамланишига хизмат қилади.

А.ИСАКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ўринбосари.