Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартибида жорий этилган янгиликлар фуқаролар учун қатор қулайликларни яратмоқда. Хусусан, «A1» кичик тоифасидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш тартиби соддалаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб «A1» кичик тоифаси учун номзодларга мажбурий ўқув курсини ўташ талаби бекор қилинди. Энди фуқаролар ўз хоҳишига кўра махсус ўқув курсларида, жумладан, онлайн ёки офлайн шаклда тайёрланиши ёхуд мустақил равишда билим ва кўникмаларини ошириши мумкин.
Шунингдек, «A1» кичик тоифаси бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув курсини тамомлаганлик ҳақидаги ҳужжатни тақдим этиш талаб этилмайди.
«A», «B», «C» ёки «D» тоифаларидан бирига эга бўлган шахслар эса «A1» кичик тоифасига кирувчи транспорт воситаларини қўшимча имтиҳон топширмасдан бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.
«A1» кичик тоифасини олиш учун имтиҳон топширувчилар назарий ва амалий синовлардан ўтади. Назарий имтиҳонда 20 та электрон, жумладан, анимацияли тест саволи берилади. Уларнинг камида 16 тасига тўғри жавоб берган номзод имтиҳондан ўтган ҳисобланиб, амалий синовга қўйилади.
Назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга «A1» кичик тоифасига кирувчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини тасдиқловчи маълумот акс эттирилган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.
Янги тартибнинг жорий этилиши фуқаролар учун ортиқча ҳужжатбозлик ва бюрократик жараёнларни қисқартириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш имкониятини янада қулайлаштиришга хизмат қилади.
Р. БЕРДАНОВ,
Нукус шаҳар Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази
етакчи мутахассиси



