ҚАЛБЛАРДА ЧИРОҚ ЁҚҚАН МУАЛЛИМА


Инсон иродасининг чексизлиги ҳақида сўз кетганда, кўз олдимизда тақдир синовларини мардона енгган, ҳаётини эзгу ва хайрли ишлар билан безаган сиймолар гавдаланади. Амударё туманидаги 64-умумий ўрта таълим мактабининг давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Нодира Раҳимова ана шундай ирода соҳибасидир. Фидойи педагог жорий йилда «Йил ўқитувчиси» танлови ғолиби бўлди.

Унинг муваффақиятга элтувчи ҳаёт йўли осон кечмади. Нодира 6-синфда ўқиётган вақтида онасидан айрилди. Отаси Кенжабой ака фарзандларига тиргак бўлиб, уларни катта ҳаётга тайёрлади. Чексиз сабр ва матонат соҳиби бўлган ота фарзандларини ҳеч қачон таслим бўлмасликка, мақсад сари дадил қадам ташлашга ундаб ҳаракат қилди. Уддасидан чиқди ҳам.

Нодира мактаб-интернатни битиргач, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олди, ­кейинчалик магистратура босқичини ҳам муваффақиятли якунлади.

– Биринчи марта университетга борган куним кечагидек эсимда, – эслайди Нодира Раҳимова. – Ўшанда отам қўлимдан етаклаб, хонага киритиб кетганди. Маъруза вақтида беҳосдан дафтарим пастга тушиб кетди. Ноқулай аҳволда қолдим. Ўрнимдан туриб, уни излаб топмоқчи бўлдим, аммо мустақил ҳаракатланишдан чўчидим. Шу пайт кимдир меҳр билан қўлимдан ушлаб, дафтарни тутқазди. Кейин билсам, ёнимда ўтирган Ўғилой исмли талаба экан. Маъруза тугаб, даҳлизга чиққанимизда отам кўнгли ўксиб: «Қизим, балки бу ердан кетармиз? Балки ўзинг сингари инсонлар билан ўқиганинг маъқулдир?» деди. Отамга қараб: «Дадажон, мен соғломлар муҳитига мослашишим керак. Мана, кўрасиз, буни албатта уддалайман! Атрофимизда яхши инсонлар кўп, менга ёрдам беришади», дедим. Айт­ганимдек бўлди – олий ўқув юртини битиргунга қадар Ўғилой ва Нилуфар менга чин дилдан ғамхўрлик қилишди.

Тақдир Нодирани хўжайлилик Қидирбой билан учраштирди. Бугунги кунда уларнинг оиласида уч нафар фарзанд камол топмоқда. Тўнғич ўғли Абдулҳолиқ Балимбетов тасвирий санъатга жуда қизиқади. Бу истеъдод унга отасидан ўтган ва у ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синфида ўқийди. Қидирбой расман рассом бўлмаса-да, бу санъат унинг жону дилидир.

Ҳа, интилганга толе ёр. Фидойилик ва илмга чанқоқлик Нодирани янги марралар сари етаклади. Магистратурада таҳсил олиш давомида фалсафа фанлари доктори, профессор Иброҳим Каримов раҳбарлигида «Иймон ва маслак» мавзусида илмий тадқиқотлар олиб борди, бир нечта илмий мақолалар чоп этди.

Ўқитувчиликни улуғ вазифа деб билувчи Нодира ҳар бир дарсни қизиқарли ва мазмунли ташкил этишга ҳаракат қилади. Тинимсиз изланади, замонавий методлардан унумли фойдаланади.

Унинг ҳаёт фалсафаси жуда оддий, аммо теран: инсон имконият кутиб яшамаслиги, аксинча уни ўзи яратиши шарт.

У ҳақиқатан ҳам ўз имкониятини ўзи яратди. Меҳнатлари бесамар кетмади – бугун у элда азиз. Нодира Раҳимова шунингдек, инклюзив таълимнинг энг фаол тарғиботчиларидан биридир. Унинг таъкидлашича, инклюзив таълим – бу шунчаки ногиронлиги бўлган болаларни умумтаълимга жалб этиш эмас, балки ҳар бир ўқувчининг индивидуал эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда сифатли таълим олиш ҳуқуқини таъминлашдир.

Қаҳрамонимиз муваффақиятлари замирида отаси билан бирга устозларининг ўрни беқиёслигини таъкидлаб, интернатдаги бошланғич синф ўқитувчиси Ҳалима Аҳмедованинг хизматларини алоҳида тилга олади. У таҳсил олган ихтисослаштирилган мактаб-интернати республикадаги энг намунали масканлардан бири эди. Бу ердаги самимий муҳит, устозларнинг хушмуомалалиги ва чексиз меҳри бўлғуси педагог қалбида ўчмас из қолдирди. Жўра ака Ҳасанов, Зулайҳо Ҳасанова, Замира Эргашева каби фидойи мураббийлар Нодиранинг камол топишида катта суянч бўлишди. Кейинчалик мактабдаги устозлари Олмагул Холимбетова ва Ҳулкар Ярашеваларнинг дарсларни жонли ва самимий ўтиши у учун алоҳида мактаб вазифасини ўтади. География фани ўқитувчиси Мақсуда Абдуллаеванинг: «Педагогнинг дарсни шунчаки ўтишга ҳаққи йўқ!» деган ўгити эса бугун ҳам унинг қулоғи остида жаранглайди. Бу сўзлар оддий насиҳат эмас, балки унинг бутун ҳаётий маслагига айланди. Иш фаолиятидаги яқин кўмакчиси Муқаддас Тўрабоева эса ҳар қадамда унга елкадош бўлиб келмоқда.

Бугун Нодира Раҳимова ўз ўқувчиларига фақат ҳуқуқшунослик асосларини эмас, балки ҳаётнинг энг олий қонунини – матонат, меҳр ва инсонийликни ўргатмоқда. Унинг ҳаёт йўли зулматни нурга, тўсиқларни эса имкониятга айлантира олган кучли ирода намунасидир.

Фотима АБДУРАИМОВА.