ЖАСОРАТ ВА ФИДОЙИЛИК НАМУНАСИ


Мамлакатимизда ўқитувчилик касби азал-азалдан азиз ва мукаррамдир. Кегейлилик Хожамберген Қурбанов ҳам ана шундай ўз касбига садоқати ва меҳр-муҳаббати туфайли халқимиз олқишига сазовор бўлган фидойи устозлардан.

Хожамберген Қурбанов 1953 йилнинг 1 январида Кегейли туманидаги Ақтуба овул фуқаролар йиғинига қарашли “Есебай” овулида туғилган. Олти ёшлигида овулдаги ўрта мактабга қадам қўйган. Болалик даврлариданоқ ҳисоб-китобга жуда уста бўлган. Математика фанига бўлган қизиқиш уни Қорақалпоқ давлат педагогика инс­титути сари етаклади. 1975 йили олийгоҳнинг физика-математика факультети математика бўлимини тамомлаган Х.Қурбанов фаолия­тини тумандаги 18-сонли мактабда ўқитувчи сифатида бошлади.

— Мактабга эндигина ишга келган пайтларим кечагидек эсимда, — дейди суҳбатдошимиз. — Бугунги давр билан у пайтларни асло солиштириб бўлмайди. Бугун мамлакатимизда таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилинди. Соҳага замонавий технологиялар жорий этилди. Ўқитувчининг нуфузи юксалди. Таълим сифати оширилди. Тизимга қаратилаётган эътибор ҳар бир ўқитувчи-устоздан янгича ёндашувни, фикрлашни, замон билан ҳамнафас бўлишни талаб этмоқда. Биласизми, мактаблардаги шарт-шароитларни, имкониятларни кўриб жуда хурсанд бўламан. Аслида, бугунги кун ўқитувчиси ҳам устоз, ҳам ўқувчи бўлиши керак. Бу дегани ­муаллим бор билимини ёшларга ўргатиши билан бирга ўзи ҳам ҳудди ўқувчидек изланиши, ўқиб-ўрганиши, билимини бойитиб бориши лозим.

Дарҳақиқат, Хожамберген оға ўзи айтганидек, ўқиб-ўрганишни, изланишни канда қилмади. 1975-1988 йиллар оралиғида ўқитувчи, 1988-1997 йилларда эса мазкур мактаб директори сифатида фаолият юритди. Шунингдек, у тумандаги 1-сонли лицей директори, туман халқ таълими бўлимининг ўқув методик кабинети  раҳбари,  бўлим бошлиғи ўринбосари,  аниқ фанлар методисти каби бир қанча вазифаларда самарали меҳнат қилди. 2023 йилдан бугунги кунга қадар ўзига қадрдон бўлган 18-сонли мактабда фаолиятини давом эттириб келмоқда.

 

Шеъриятга ошно математик

 

Хожамберген оғани кўпчилик нафақат математик, балки шоир, адабиёт шайдоси сифатида ҳам жуда яхши билишади. Машҳур немис математиги Карл Вейерштрасснинг “Қалбида озгина бўлса-да шоирлик туйғуси бўлмаган математик, ҳеч қачон комил математик бўлолмайди” деган жумлалари ҳудди Хожамберген оғага айтилгандек. Ҳақиқатдан ҳам, математика фани ўқитувчисининг шеърият билан ошно бўлиши, қалам тебратиши камдан кам ҳолларда учрайди.

Хожамберген оға  бўш пайтларида китоб мутолаа қилишни, шеърлар ёзишни хуш кўради. Унинг қаламига мансуб кўпгина шеърларида она Ватан, туғилиб ўсган юрт, элимизнинг азиз ва фидойи инсонлари, уларнинг фидокорона меҳнатлари мадҳ этилади.

Туманда ўтказиладиган ҳар қандай маънавий-маданий тадбирларда Хожамберген оға моҳир ташкилотчи сифатида фаол қатнашади. Шеър­лари билан давраларга файз киритади. Унинг бу иқтидорини кўрган борки, устознинг ижодига, унинг инсонийлик ҳислатларига юксак баҳо беради.

 

Меҳнат, натижа, эътироф

 

Х.Қурбанов фаолияти давомида ёшларни математика фанига қизиқтириш, унинг имкониятлари ҳақида жуда кўплаб илмий мақолалар ёзди, методик қўлланмалар ишлаб чиқди. Бугунги кунда ушбу қўлланмалар республика миқёсида кенг жорий этилиб, амалиётда қўлланилмоқда. Унинг 30 дан ортиқ методик мақолалари чоп этилган.

— Ўқувчиларга таълим беришдан асло чарчамайман. Математикага қизиқиши баланд, иқтидорли ўқувчиларни фан олимпиадаларига, танловларга тайёрлайман. Респуб­лика, мамлакат миқёсидаги танловларда ғолиб бўлган ўқувчиларим кўп. Шогирдларим ҳам юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилмоқда. Мен бундан жуда хурсанд бўламан. Аслида ўқитувчининг нияти ҳам шу натижа ва яна натижа, — дейди Хожамберген оға суҳбатда.

Х.Қурбанов фаолияти давомида жуда кўплаб кўрик-танловларда иштирок этган. Жумладан, 1993 йилда “Йил ўқитувчиси” танловининг мамлакат босқичида учинчи ўринни эгаллади. “Энг яхши дарс ишланма”, “Асл нусха кўргазма воситалари”, “Энг яхши методик бирлашма”, “Энг яхши фан методисти”, “Ижодкор ўқитувчи”,  “Энг яхши таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳлари”, “Ўз касбининг моҳир устаси” каби бир қатор танловларнинг мамлакат босқичида  ғолиб бўлди.

Шунингдек, у таълим соҳасидаги хизматлари учун Қорақалпоғис­тон  ва Ўзбекистон Республикалари халқ таълими аълочиси кўкрак нишонлари билан тақдирланди. 1996 йилда эса “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Қорақалпоғистон, Ўзбекистон Респуб­ликаларида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими фахрий унвонларига эга. 2024 йилда Қорақалпоғис­тон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси ­Президиумининг қарорига кўра “Ардақли нуроний” кўкрак нишони билан тақдирланди.

 

Маърифат уруғи сочилган оила

 

Хожамберген оға турмуш ўртоғи Сапаргул Қалимбетова билан бугунги кунда 5 нафар фарзандни тарбиялаб камолга келтирди. Уларнинг барчасини ўқитди, олий маълумотли қилди. Эътиборлиси, фарзандларининг барчаси худди ўзи каби шарафли-ўқитувчилик касбини танлади. Бугунги кунда улар, ҳаттоки келинлари ҳам мактабда турли фанлардан дарс беради. Набираси Шимберген Хожамбергенов бу йил Президент мактабини битириб, ­Англиядаги нуфузли олийгоҳда гранд асосида таҳсил олмоқда. Турмуш ўртоғи Сапаргул опа ҳам узоқ йиллар бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Бу оилага нафақат туманда, балки республика миқёсида ҳам ҳавас билан қарашади. Чунки, ушбу хонадонни кўпчилик маърифат ва тарбия ўчоғи, педагоглар оиласи, дея эътироф этишади.

Дарҳақиқат, қарийб 51 йил давомида таълим соҳасида меҳнат қилиш бу чинакам жасорат ва фидойиликдир. Эътиборлиси, Хожамберген оға  бугун ҳам ёш авлодга билим, таълим-тарбия беришдан чарчамайди.

Феруза Нуруллаева.