Инсон ҳаётида шундай даврлар бўладики, улар ортда қолгач, вақтнинг қанчалик тез ўтганини эмас, балки шу муддат ичида қанчалар ўзгарганимизни англаймиз. Айниқса, талаба учун кеча ва бугун ўртасидаги фарқни фақат йиллар билан ўлчаб бўлмайди. Бу фарқ – орттирилган билим, шаклланган тажриба, янгиланган қарашлар ва олдинда турган эзгу мақсадларда намоён бўлади.
Тиббиёт соҳаси ҳам ана шундай узлуксиз изланиш ва янгиланишлар йўлидан бормоқда. Илгари шифокор учун асосий мезон чуқур билим ва касбий маҳорат билан белгиланган бўлса, бугунги давр мутахассисдан замонавий технологияларни ўзлаштириш, илмий ахборотларни таҳлил қилиш, амалий кўникмаларни мунтазам такомиллаштириш ва тез ўзгараётган тиббий ёндашувларга мослаша олишни ҳам талаб этмоқда.
Шу маънода, тиббий таълимдаги ўзгаришлар – шунчаки ўқув дастурлари ёки таълим технологияларининг янгиланиши эмас. Бу, аввало, эртанги шифокорнинг касбий қиёфасини шакллантириш жараёнидир. Бугун талаба аудиторияда олган билимини амалиёт билан боғлаш, замонавий лаборатория ва симуляция технологияларидан фойдаланиш, илмий изланишларга қўшилиш ҳамда ўз касбий йўналишини эрта белгилаш имкониятига эга.
Бўлажак шифокорнинг касбий маҳорати, энг аввало, амалиётда шаклланади. Шу мақсадда Қорақалпоғистон тиббиёт институти талабалари учун республика бўйлаб 40 дан ортиқ клиник база билан ҳамкорликда амалий машғулот ва амалиётларда иштирок этиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, институтда 4 та замонавий лаборатория ва 1 та симуляция маркази мавжуд бўлиб, улар талабаларга тиббий жараёнларни реал шароитга яқин муҳитда ўрганиш имконини бермоқда.
1-босқичдаги тасаввуримда институт, аввало, маъруза ва амалий машғулотлар ўтказиладиган таълим маскани эди. Бугун эса унинг имкониятлари қанчалик кенгайганини гувоҳи бўляпман. Талаба илмий-тадқиқот ишларида иштирок этиши, конференция ва олимпиадаларда ўзини синаб кўриши, замонавий ахборот манбалари билан ишлаши ҳамда рақамли технологияларни ўзлаштириши учун барча шароитлар мавжуд.
2026 йил сентябрь ойида эълон қилинган янги ёндашувларга кўра, «Даволаш иши» таълим йўналишини «5+1» модели асосидаги олти йиллик «Умумий тиббиёт» таълим дастурига трансформация қилиш режалаштирилган. Бундай ўзгаришлар замирида ягона ва муҳим мақсад – билимли, мустаҳкам амалий кўникмага эга ва замонавий тиббиёт талабларига тўлиқ жавоб берадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш вазифаси мужассам.
Бугун 4-босқич талабаси сифатида ортимга назар ташлар эканман, талабалик йилларидаги ўзгаришларни нафақат таълим жараёнида, балки ўз билим ва қарашларимда ҳам теран ҳис этаман. Илгари мен учун асосий мақсад фанларни ўзлаштириш бўлган бўлса, бугун келажакда қандай мутахассис бўлишим, қайси йўналишда изланиш олиб боришим ва эгаллаган билимларимни амалиётда қандай қўллашим ҳақида кўпроқ ўйлайман.
Зеро, бугун яратилган таълим имкониятларидан самарали фойдаланиш – эртанги тиббиёт тараққиётига қўшиладиган шахсий ҳиссамнинг энг муҳим пойдеворидир.
Диёрбек Одилов,
Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг Тиббий-биологик иш таълим йўналиши 4-босқич талабаси.



