Ватан ҳимоячилари улуғланди


Шу йил 13 январь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, офицер ва сержантлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда  уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирни Нукус шаҳри ҳокими П.Турешев бошқариб борди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.

Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари ­М.Ерниязов маъруза қилиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин қутлади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёев ўзининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида «Армия ва халқ бир тану бир жон!» деган чуқур мазмунли ғояга алоҳида эътибор қаратди. Чиндан ҳам, бугунги кунда барча давлат ҳокимияти  ва бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари ушбу мақсад атрофида жипслашмоқда. Шунинг учун ҳам, байрам табригининг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ҳамда аҳамиятига алоҳида тўхтаб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли Нукус горнизонида аскарлар билан учрашиб, бу ерда олиб борилаётган ишларнинг бориши билан яқиндан танишди. Шу билан бирга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Нукус шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Хавфсиз шаҳар» дастурини амалга ошириш вазифасини белгилаб берди.

Президентимизнинг махсус Фармони билан жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилиб, унинг ­доирасида амалга ошириладиган тадбирларнинг «Йўл харитаси ишлаб чиқилди. Ўтган йилнинг ўзида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида 36 миллиард сўмдан зиёд маблағ ҳисобига қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, керакли жиҳозлар билан таъминланган бўлса, ҳарбий маъмурий сектор фаолиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 31 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди. Округ ҳудудидаги 20 та кўп қаватли турар жойларда ва 11 та объектда йирик таъмирлаш, аскарларнинг саф тортиб юриш майдончаси ва ички йўлларни бетонлаш ишлари олиб борилди. Ўтган йили ҳарбий хизматчилар учун шаҳар ва туманларимизда беш қаватли, жами 240 квартирали 8 та турар жойда қурилиш ишлари олиб борилди. Бундай хайрли ишлар 2019-2020 йилларда ҳам давом этиб, ҳарбийлар, миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари учун 240 квартирали 8та турар жой қуриш режалаштирилмоқда.

Байрам арафасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фав­қулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи Президентимиз Фармони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида давлат мукофотлари билан тақдирланди. Тадбирда ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар номидан “Жасорат” медали соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм батареяси командири С.Даулетназаров, аскар оналари номидан Г.Худайбергенова, муддатли ҳарбий хизматдаги аскар А.Усанбаев сўзга чиқиб, ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдирди.

Қорақалпоғистон халқ ­шоири Х.Даулетназаров ­Ватан ҳимоячиларига бағишланган шеърини ўқиб берди.

Тантанали йиғилиш республика санъат усталари байрам концерти билан якунланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котибининг ўринбосари Б.Шоёқубов қатнашди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги

шарҳловчиси.