Шу йил 1 январдан бошлаб хорижга чиқадиган мамлакатимиз фуқаролари учун янги намунадаги биометрик паспорт жорий этилди. Ушбу паспортни олиш тартиби қандай ва бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб этилади? Шу ва ўзимизни қизиқтирган бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Баҳром Уббиниязов билан суҳбатлашдик.
— Аввало Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ҳақида тўхталсангиз?
— Мамлакатимиз фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январдаги қарори билан белгилаб қўйилган. Ушбу қарорга мувофиқ, фуқароларимиз визасиз белгилаб қўйилган МДҲ давлатларидан ташқари масалан Туркия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатларга чиқадиган бўлса, унда чет элга чиқиш рухсат ёзуви стикер расмийлаштириб чиқар эди. Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони мамлакатимиз фуқароларининг чет элга чиқиш тартибини, фуқароларни давлат чегаралари орқали ўтказиш пунктларида паспорт назоратини имкон даражасида соддалаштириш, уларга қулай шароит яратиш, ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтириш, уни тайёрлаш муддатини қисқартиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштиришда бюрократик тўсиқларни ва коррупция каби иллатларни бартараф этишдан иборат. Ушбу Фармон асосида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб чет элга чиқиш рухсат ёзуви стикери бекор қилиниб, унинг ўрнига янги намунадаги биометрик паспорт ҳужжатлаштириб берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиши учун бериладиган биометрик паспорт-чет элларга чиқиш ва мамлакатимизга кириш, шунингдек чет элда туриш вақтида эгасининг шахсини, унинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини тасдиқловчи, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон хабар ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат ҳисобланади. Паспорт 48 бетдан иборат бўлиб, қуюқ қизил рангда.
— Хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш тартиби тўғрисида айтсангиз?
— Хорижга чиқадиганларга бериладиган янги намунадаги биометрик паспортни расмийлаштириш учун маълумотларни тўплаш пунктига қуйидаги ҳужжатлар топширилади: белгиланган шаклда ариза-анкета, биометрик паспорт ёки ID карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, хорижга чиқиш учун илгари берилган биометрик паспорт (агар бор бўлса), ҳарбий гувоҳнома ёки чақирув участкасига қайд этиш гувоҳномасининг кўчирма нусхаси ёки мудофаа ишлари бўйича бўлимининг маълумотномаси-ҳарбий хизматга бурчлилар учун, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция, ёш ўсмирларнинг чет элга чиқиши учун ота-оналар, ҳомийларнинг нотариал тасдиқланган розилиги ва уни бирга олиб чиқувчи шахснинг нотариал тасдиқланган бурчи. Ушбу ҳужжатлар топширилгач, янги биометрик паспорт 10 кун ичида тайёрлаб берилади.
Паспорт олиш учун 16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун энг кам иш ҳақининг 80 фоизи (бугунги кунда 162 минг 184 сўм), 16 ёшдан юқори бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун энг кам иш ҳақининг 120 фоизи (бугунги кунда 243 минг 276 сўм), фуқаролиги бўлмаган шахслар учун энг кам иш ҳақининг 100 фоизи (бугунги кунда 202 минг 730 сўм) миқдорида давлат божи тўланади. 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, ҳомийларнинг ёш ўсмир шахс эркин тарзда чет элга чиқишига нотариал томонидан тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда четга кузатувчисиз чиқиши мумкин.
Хорижга чиқиш учун биометрик паспорт бир ёшгача бўлганларга 2 йил муддатга, бир ёшдан 16 ёшгачаларга 5 йил муддатга, 16 ёшдан юқориларга 10 йил муддатга берилади. Амал қилиш муддати тугаган паспортлар маълумот тўплаш пунктига топширилади.
Мамлакатимиз фуқаролари 2021 йилнинг 1 январигача визасиз режим ўрнатилган давлатлар (Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Молдова, Тожикистон Республикалари, Россия Федерацияси, Украина ва Грузия) га 2011 йилги кўринишдаги амалдаги биометрик паспорт билан чиқишлари мумкин.
Ёш ўсмирнинг хорижга чиқиши учун биометрик паспортни расмийлаштириш пайтида қуйидаги ҳолатда ота-оналардан бирининг розилиги талаб этилмайди: ота-онасидан бири вафот этганда (вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳномадан кўчирма нусха тақдим этилади), фуқаролик ҳолати актларини ёзиш органи томонидан берилган ёлғиз она эканлиги хусусида маълумотномаси бўлган ҳолда, агар боланинг ота-онасидан бири чет эл фуқароси бўлса, ота-онасидан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлса (суд қароридан кўчирма нусха тақдим этилади), ота-онасидан бири суд томонидан бедарак йўқолган, деб топилган бўлса (суд қароридан кўчирма нусха тақдим этилади), агар ота-онасидан бири Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан рўйхатдан чиқарилган ёки чет элда доимий яшаётган бўлса.
Ушбу масалалар бўйича ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида чиққан ҳар қандай келишмовчиликлар суд тартибида ҳал этилади. Ота-онасидан бири фарзандининг чет элга чиқишига рози бўлмаган ҳолатда, унинг чет элга чиқиш ҳуқуқини чеклаш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
— Биометрик паспортга қандай белгилар киритилади, уни расмийлаштириш ва бериш тартиби қай тарзда амалга оширилади?
— Паспорт эгасининг чет элда доимий яшаш учун рўйхатдан ўчирилганлиги, чет элда яшаётган фуқаронинг вақтинча рўйхатдан ўтганлиги, давлат чегарасидан ўтганлиги, консул рўйхатига олинганлиги ёки рўйхатдан чиқарилганлиги, никоҳдан ўтганлиги ва никоҳнинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги, чет элларга кириш учун рухсат берилганлиги (виза), бирга олиб кетувчи шахслар тўғрисида (ёш ўсмирлар учун), илгари олинган рўйхатларнинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Паспортда эгасининг имзоси бўлиши шарт. Паспорт эгасининг қон гуруҳи ва резус-аниқлик тўғрисидаги белгилар унинг розилиги билан амалга оширилади.
Биометрик паспорт қуйидаги ҳолатларда расмийлаштирилади: чет элларга чиққанда, консул рўйхатига олинган, илгари чет элга чиқиш учун биометрик паспорт билан ҳужжатлаштирилмаган фуқаролар чет элда бўлганда, фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ўзгарганда, ёзувларда ноаниқликлар ёки хато аниқланганда, маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган бетлардан фойдаланиб бўлинганда, паспорт яроқсиз ҳолатга келганда, йўқотилганда, ашёвий далил сифатида олиб қўйилганда.
— Чет элларга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини бузган фуқароларга қандай жавобгарлик белгиланган?
— Чет элларга чиқувчиларга бериладиган янги намунадаги биометрик паспортнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг уни ўз вақтида топширмаса, паспортни била туриб яроқсиз ҳолга келтирса, эътиборсиз сақлаб, уни йўқотса, йўқотилганлиги тўғрисидаги ариза бериб қўйилган ёки бошқа шахсга тегишли бўлган паспортдан фойдаланса, уни яширса, йўқотса, шунингдек, ноқонуний тарзда олиб қўйилса ёки уни гаров сифатида берган паспорт эгаларига жавобгарлик белгиланган.
Фуқароларимиз янги намунадаги биометрик паспорт олиш тартиби бўйича тўлиқ маълумотни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси, унинг шаҳар ва туман бўлимларидан олишлари мумкин.
Суҳбатлашган: Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги
шарҳловчиси.



