ЭКОЛОГИК ХАЙРИЯ ҲАШАРИ уюшқоқлик билан ўтказилди


26 январь куни мамлакатимизда умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилди. “Юртимизни янада обод қилайлик!” шиори остида ўтказилган ҳашар давомида гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабрис­тонлар ободонлаштирилди, ариқлар, кўча ва йўлаклар тозаланди ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилди.

– Бундан икки кун олдин Ўзбекистон экологик партияси ва Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари фаоллари томонидан ҳашар йўли билан йиғилган саксовул уруғларини Муйноқ туманида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича ташкил этилган  штабга етказиб келган эдик, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Айсенем Бегимова. Бугунги умумхалқ ҳашари ҳам Оролбўйидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш борасидаги ташаббуслар ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Кун давомида кўплаб корхона-ташкилотлар ходимлари ўзларининг ташббуслари билан ободонлаштириш тадбирларида фаол иштирок қилаётганига гувоҳ бўлдим.

Умумхалқ ҳашари давомида республикамиз бўйича 2 минг 700 тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш объектларидаги чиқиндилар белгиланган ҳудудларга чиқариб ташланди. Шунингдек, минг километрдан ортиқ ариқ-зовурлар тозаланди. Шу билан бирга 310 та ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ёлғиз яшовчи оилалар холидан хабар олиниб, хонадонлари таъмирланди. Уюш­қоқлик билан ўтказилган экологик хайрия ҳашари доирасидаги ишларни бажариш учун 708 та махсус техникалар жалб қилинди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, умумхалқ экологик хайрия ҳашаридан тушган маблағлар  Оролбўйи ҳудудидаги экологик инқироз оқибатларини юмшатиш ва ижтимоий вазиятни барқарорлаштириш, Орол денгизининг қуриган ҳудудларида маҳаллий иқлим шароитларига чидамли кўчатларни экиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, шунингдек, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланиши кўзда тутилган.

Ғ.ОТАЖОНОВ.