Бугун мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий, сиёсий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Бу йил 8 март –Халқаро хотин-қизлар куни арафасида республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан 18 нафар фаол хотин-қизлар илк бор мазкур мукофот билан тақдирланди.
Улар орасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қораўзак туман Кенгаши раиси Райхон Қармисова ҳам бор.
— Мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳар бир соҳада ўз самарасини бермоқда, — дейди Райхон Қармисова. — Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган ушбу мукофотга юртимизнинг фаол аёллари қаторида мен ҳам сазовор бўлганимдан жуда хурсандман. Биласизми, қадр топиб яшаш инсонга жуда катта куч-қувват бағишлайди, илҳомлантиради, касбга нисбатан масъулият ҳиссини оширади.
Бугун кўпгина жойларда муаммо бўлаётган бандлик, ичимлик суви, йўлларни асвальтлаш ва таъмирлаш, олис қишлоқ жойларида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш каби масалаларнинг самарали ечим топишида ЎзХДП Қораўзак туман Кенгаши ва депутатларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Зеро, партиямизнинг асосий мақсади ҳам аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ҳозирги кунда халқ депутатлари туман Кенгашидаги 8 нафар депутатларимиз, шунингдек, партиямиз қошида ташкил этилган фаоллар ҳамда тарғиботчилар гуруҳи жойларда бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганмоқдалар. Мурожаатларнинг тез ва ижобий ечим топишига ўз ҳиссасини қўшмоқдалар. Жумладан, ажрашиш арафасида турган 3 нафар ёш оиланинг мустаҳкамлиги сақлаб қолинди. Шунингдек, ногиронлиги бор шахсларга аравачалар берилди. Бундан ташқари туман Хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномаси асосида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар учун 7 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилди.
Маълумки, бу йил мамлакатимизда сайловлар ўтказилади. Мазкур сиёсий жараёнга йил бошиданоқ алоҳида эътибор қаратганмиз. Ўйлаймизки, мамлакатимизнинг буюк келажаги ва тараққиёти ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди.
Мана шундай шукуҳли дамларда юртимиз хотин-қизлари янада қадрланиб, эъзоз топмоқда.



