Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида республикамиздаги саноат корхоналари ва тижорат банклари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Саноат корхоналарида энергия тежамкорлигини ошириш» лойиҳаси ва унинг шартлари, шунингдек, шу йўналишда бажарилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Давра суҳбатида ушбу лойиҳа бўйича тузилган гуруҳ раҳбари А.Алимбаев, лойиҳа координатори М.Ҳакимов ва бошқалар сўзга чиқиб, муҳокамага қўйилган масала бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири эканлигини, лойиҳани амалга оширишда тижорат банклар алоҳида ўрин тутишини таъкидладилар. Сабаби, энергияни тежаш корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархини камайтиришга, рақобатбардош бўлишига, маҳсулотни экспортга чиқаришга кенг имконият яратади.
Таъкидланганидек, Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2011-2015 йилларда «Саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш» лойиҳаси жорий қилинган ва 25 миллион доллар миқдорида (1-фаза) маблағ ажратилган. 2013 йил қўшимча 100 миллион долларлик (2-фаза) молиялаштириш амалга оширилган.
Натижада, 82 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда ва бу йилига 505,1 миллион кВт.с. электр энергиясини ва 187,3 миллион метр куб табиий газни иқтисод қилиш имкониятини яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан кичик ишлаб чиқариш корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча пул маблағларини ажратиш бўйича мунтазам равишда музокаралар олиб борилмоқда.
Натижада, Жаҳон банки директорлар Кенгаши томонидан 2018 йил 30 январда лойиҳа доирасида қўшимча 200 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши маъқулланди ва 2018 йил 2 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 785-сонли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, ушбу имкониятлардан фойдаланиб, кредит олиш истагида бўлган корхоналарга, яъни бир лойиҳага 10 миллион долларгача, бир соҳадаги лойиҳалар гуруҳига 30 миллион долларгача кредит маблағлари ажратилади. Бунда корхона ёки ташкилотнинг сўнгги икки йиллик молиявий ҳисоботига кўра фойда билан ишлаётган бўлиши керак. Амалга оширилаётган сублойиҳанинг энергия тежамкорлиги йиллик истеъмолининг 20 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Давра суҳбатида саноат корхоналарида амалга ошириладиган техник тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилиб, таклиф мулоҳазалар билдирилди.
Гуруҳ вакиллари Нукус шаҳрида ва туманларда жойлашган корхоналарда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
А.Жиемуратов,
ҚХА мухбири.



