Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ўзи таълим олган Кегейли тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 1-сонли умумтаълим мактабига икки юздан ортиқ номдаги 500 дан зиёд китоб совға қилди.
“Ўзим ўқиган мактабимга менинг китоб совғам” мавзусида ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, шу йил 19 март куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор мажлисидаги ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш билан бир қаторда улар орасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Туман Халқ таълими бўлимига қарашли 1-сонли умумтаълим мактаби 1928 йили ўз фаолиятини бошлаган. Мактаб 1992 йили 417 ўринга мўлжалланиб, янгидан қурилган бўлса, 2005 йилда йирик таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бугунги кунда бу ерда 747 нафар ўқувчига 86 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бермоқда. Ўқитувчилар ва ўқувчилар ҳар йили “Билимлар беллашуви”, “Фан олимпиадаси”, “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” каби танлов ва спорт мусобақаларида иштирок этиб, фақат туман босқичида эмас, балки республика миқёсида ҳам ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
Болаларни китоб ўқишга қизиқтириш, ахборот кутубхона фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Кегейли туманидаги 9-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Нурсулиў Қоқанова “Энг яхши китобхон” танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичида биринчи ўринни эгаллаб, Президент совғаси-“Спарк” автомашинаси билан тақдирланди. Шу куни танлов ғолибига республикамиз раҳбари номидан телевизор совға қилинди.
— Юртимиз ёшлари орасида китобхонликни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди 1-сонли умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ва тарбия ишлари бўйича ўринбосари Айпарша Қудайбергенова. — Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ўзи таълим олган мактабига келиб, бир нечта номдаги китобларни совға қилиши бунинг ёрқин ифодасидир. Уларнинг барчаси ўқувчиларимиз излаб, катта қизиқиш билан мутоала қиладиган китоблардир.
Бундан ташқари мактабимизга 60 дона парта, 120 дона стул, битта синф учун комплект 19 дона компьютер, принтер ва бир дона электрон доска, 10 дона доска, 10 дона стеллаж, спорт инвертарлари совға қилинди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун чексиз миннатдорлик билдирамиз.
Мактаб кутубхонасига топширилган ушбу китоблар ўқувчиларнинг маънавий интеллектуал салоҳияти, онг-тафаккури ва дунёқарашини кенгайтиришга, уларнинг келажакда комил инсонлар бўлиб етишиши ҳамда ёшлар орасида китобхонлик маданиятини янада оширишга хизмат қилади.
Д.Абибуллаев,
ҚХА шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



