Газетамизнинг 3-саҳифасида сайловолди ташвиқоти доирасида Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурида ижтимоий тенглик ҳамда халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш ҳамда бошқа устувор йўналишлар бўйича ташаббуслари илгари сурилган мақола чоп этилмоқда.
Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилиняпти.
ДАВЛАТ БОШҚАРУВИДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ИШТИРОКИ МУҲИМ МАСАЛА
Ўзбекистонда азал-азалдан жамоатчилик ва фуқаролик институтлари, асосан ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар кўринишида намоён бўлган. Бугунги кунда юртимизда халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган тамойиллари ва меъёрларига тўла жавоб бера оладиган ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини самарали ташкил этишга зарур шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик базаси яратилган.
Бунинг самараси ўлароқ, фуқаролик жамияти институтлари давлат органларининг нафақат ижтимоий шериги, ҳамкори, балки уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширувчи тузилмага ҳам айланмоқда.
Албатта, бу фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишига оид конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтирмоқда. Шу мақсадда 2018 йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Шунингдек, “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ва “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, улар фуқаролик жамияти институтларининг жамиятдаги ролини оширишга хизмат қилмоқда.
Натижада, амалиётда жамоатчилик вакиллари томонидан мансабдор шахслар фаолияти устидан назоратнинг турли янги замонавий шаклларига аллақачон ўтилди. Бугунги кунда ҳар бир мансабдор шахснинг ножўя хатти-ҳаракати жамиятда, шунингдек ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Турли теледастур ва ток-шоулар орқали аҳоли ўз муаммоларини тўғридан-тўғри мансабдор шахслар олдига қўймоқда. Натижада давлат органлари барча учун очиқ тузилмага айланишни бошлади, уларнинг фаолияти ҳақиқий жамоатчилик назорати остига тушмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мазкур ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш тарафдоридир. Ушбу мақсадда аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали ва адолатли шакли сифатида маҳалла тизимини ривожлантириш, маъмурий, ижтимоий, маданий ва бошқа масалаларни ҳал этишда унинг тўлиқ иштирокини таъминлаш лозим.
Бугун маҳалланинг вазифа ва функциялари кенгаймоқда, ҳудудлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда уларга катта ишонч билдириляпти. Шунга монанд тизим фаолиятини тартибга солувчи янги ҳуқуқий асослар ҳам яратилмоқда. Бироқ мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича айрим масалалар бор. Ҳудудларда ижро органлари аҳоли билан яқин ва ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш даркор.
Тан олиш керак, авваллари фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари номигагина фаолият юритарди. Маҳаллаларга бириктирилган давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари турли комиссияларга аъзо бўлсада, комиссия йиғилишларида деярли қатнашмасди. Ҳисоботлар юзаки тайёрланарди. Уларнинг фаолиятини мониторинг қилувчи, такомиллаштирувчи аниқ механизм мавжуд эмас эди.
Сўнгги йилларда маҳалла институти тубдан такомиллаштирилди, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла» тамойили асосида самарали ҳамкорлик тизими яратилди, маҳаллани халқ билан давлат ўртасида ишончли «кўприк» бўлишини амалда таъминлаш, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Аҳолимиз, хусусан партиямиз электорати томонидан «маҳаллабай» ишлаш тизимининг амалиётга жорий этилиши ва аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ва “меҳр дафтари” кабиларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижобий баҳоланмоқда. Ушбу тизимни айниқса энг долзарб бўлган ишсизлик ва камбағалликни бартараф этишнинг ноёб, илғор ва самарали услуби, деб биламиз.
Бир сўз билан айтганда, маҳалла институтининг жамиятдаги роли ва аҳамияти кучайди, аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларининг маҳаллага бўлган муносабати ҳам ижобий томонга ўзгарди.
Ўзбекистон ХДП жамиятда, давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг иштироки муҳим вазифа, деб санаган ҳолда бир қатор таклифларни илгари сурмоқда. Хусусан, қабул қилинаётган қонунлар ва қонун ҳужжатлари, давлат бошқаруви органлари фаолияти натижаларини ошкора ва конструктив муҳокама этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш таклифи илгари сурилмоқда. Бу қонунларнинг турлича талқин қилиниши ҳолатларини камайтиради, давлат бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кенгайтиради.
Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш таклифини Сайловолди дастуримизда илгари сурганмиз.Масалан, шериклик амалиёти орқали аҳолини иш билан таъминлашнинг муҳим йўналиши сифатида фуқаролик жамияти институтларининг кичик ва оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик ва касаначилик ҳамда халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлардаги иштирокини фаоллаштириш мумкин.
Иккинчидан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, ёшларда соғлом ва мустаҳкам оила қуришга интилишни шакллантириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ҳамда ташқаридан кириб келувчи «оммавий маданият» таҳдидлари ва таъсирларидан асраб қолишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга оширса бўлади.
Учинчидан, ногиронларга таълим бериш ва тарбиялаш учун қулай шароитлар яратиш, уларни ҳар хил касбларга ўқитиш, ҳуқуқий билимини ошириш, уларнинг жамиятлари ва уюшмаларини моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш ва самарасини оширишимиз керак.
Тўртинчидан, жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқароларнинг бевосита иштироки даражасини ошириш даркор.
Қолаверса, мамлакат келажаги ёшларники экан, улар мамлакат аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этаётган экан, салоҳиятли ёшларга сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида ишлашни рағбатлантириш зарур. Давлат органлари фаолиятига аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатадиган муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни самарали ҳал қилишни таъминлайдиган замонавий “ижтимоий диагностика” услубларини жорий қилиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Аброр Қурбонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.



