ОҒИЗБИРЧИЛИК ФАЛСАФАСИ


ОҒИЗБИРЧИЛИК ФАЛСАФАСИ

меҳр-оқибат ва бахтли кунларимиз моҳиятида акс этади

Шу кунларда қорақалпоғистонликларнинг қадди янада баланд, кайфияти чоғ, хурсандчилигининг чеки йўқ. Бунинг боиси бор, албатта. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 30 март куни Қорақалпоғистонга ташриф буюриб, ҳудудимизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши учун янги босқичга замин яратиб берди.

Янги босқичнинг саккиз муҳим жиҳати

Биринчидан, ташриф доирасида 6 янги корхона ишга туширилди. Мана шу корхона­ларда 1000 дан зиёд доимий иш ўрни ярати­либ, ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экс­портга 20 миллион доллар қўшилади. Бу оддий рақамлар эмас, ҳар бирининг замирида инсон­лар тақдири, оилалар фаровонлиги, жамият ривожи турибди.

Тасаввур қилинг, 1000 дан зиёд доимий иш ўрни, дейиляпти. Бу шунча оиланинг тўкис ҳаёт кечиришига асос, дегани эмасми?! Ҳар бир оиланинг ўртача тўрт-беш аъзоси бўлса, тўрт-беш минг фуқаронинг ҳаёти фаровон кечаётга­нини англатмайдими?!

Иккинчидан, маҳаллаларда муаммо қол­майди. Гап шундаки, давлатимиз раҳбари аҳоли фаровонлигини янада ошириш, халқи­миз бугун ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун Қорақалпоғистондаги 452 маҳалланинг ҳар ­бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратиш бўйича топшириқ берди.

Бунинг қанчалик муҳимлигини Президентимизнинг битта гапи би­лан изоҳлаш мумкин: “…Муаммони маҳалланинг ўзи кўтарсин, ўзига пул берайлик, ўзи назорат қилсин. Шунда сифат ва манфаат бўлади. Одамлар рози бўлади”.

Учинчидан, кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулк бўйича тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилади.

Аҳоли талабини инобатга олиб, жо­рий йилда 4 минг уй-жой қурилади. Бу қорақалпоқ элига Президентимизнинг ташрифидан алоҳида тарихий эсдалик бўлиб қолиши шубҳасиз.

Ўттиз саккиз минг ва тўрт минг – қирқ икки минг. Демак, кадастри йўқ турар жой ва бошқа кўчмас мулкларга ҳужжат қилиниши ҳамда янги уйлар қурилиши шунча фуқаро ва уларнинг яқинлари ҳаётига хотиржамлик, янги орзу-умидлар бағишлайди.

Тўртинчидан, Қорақалпоғистон “ишсизликдан холи ҳудуд”га айланади. Шу мақсадда 193 минг иш ўрни яратиш бўйича топшириқ берилди. Бу, демак, минглаб ёшларнинг мавҳум келажа­ги учун ёрқин йўл очилгани, жамиятда кўтаринки кайфият ҳукм суриб, ҳам­жиҳатлик муҳити шаклланишидан хайрли муждадир.

Бешинчидан, озиқ-овқат маҳсу­лотлари сероблиги ва арзонлиги таъ­минланади. Бу, аввало, яна қўшимча янги иш ўринлари яратилади, дегани­дир. Боиси, озиқ-овқат маҳсулотлари тўкинлигини таъминлаш мақсадида бу йил ҳам аҳолига 6 минг гектар ер май­дони ажратилмоқда. Энди бу ерларда оддий одамлар меҳнат қилиб, ҳам бо­зорлардаги мўл-кўлчилик, арзончилик­ни таъминлайди, ҳам рўзғорини тебра­тади.

Олтинчидан, мактаб таълими, тиббий хизмат қамрови ва сифати яхшиланади, ижтимоий инфратузил­мадаги муаммолар ечимини топади. Замонавий дунёда таълимсиз мақсад­га эришиб бўлмайди, бунинг учун, ав­вало, соғлиқ керак.

Шу маънода, Президентимизнинг Қорақалпоғистондаги мактаблар му­аммоларини ҳал қилиш, ўқитувчи ва ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, тиб­бий хизматни аҳолига яқинлаштириш мақсадини халқимиз ҳамиша миннат­дорлик билан олқишлаб келади.

Бу сафар ҳам шу каби муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Унга кўра, тез кунларда 9 ту­манда янги мактабгача таълим ташки­лотлари қурилиши, мактаб ва шифохо­налар, йўллар таъмирланиши, электр энергияси тақчиллигига барҳам бериш чоралари кўрилади.

Еттинчидан, миллатлараро то­тувлик ва оғизбирчилик янада мустаҳкамланади. Маданият ва санъат соҳаси ривожланади. Ҳаёт яхши ма­ромда кетаётган, дастурхонда камчи­лик йўқ жойда тотувлик бўлади. Унинг акси бўлса меҳрсизлик, оқибатсизлик, тарқоқлик руҳи кузатилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам қаноатда гап кўп.

Қаноат тарбияси маънавий камолот билан уйғун етилади. Адабиёт, санъат, халқ достонларида тараннум этилган аҳиллик, ҳамжиҳатлик, шукроналик ва кенг феъллилик фалсафаси ана шу мақсадга хизмат қилади.

Шу маънода, Президентимизнинг қорақалпоғистонлик ижодкорлар, ма­даният соҳаси вакиллари билан му­лоқоти икки тилли бир халқимизнинг бирдамлиги, жипслигини янада жўшти­риб юборди.

Саккизинчидан, қорақалпоқ ёшла­ри ташаббуслари кенг қўллаб-қув­ватланади. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкин, қорақалпоқ ёшлари ҳамиша Президент эътибори ва ғамхўрлиги остида. Бу борада бизнинг фарзанд­ларимизга ҳамма ҳавас қилса арзийди.

Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида ҳам анъанага кўра, Қорақал­поғистон ёшлари ҳаёти билан қизиқ­ди. Уларга янги иш ўринлари яратиш, ғоялари, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида топшириқлар берди. Демак, қорақал­поқ ёшларини яна янги умидбахш лойиҳалар рўёби кутмоқда.

Ҳаётдан рози бўлиб яшашнинг мустаҳкам асоси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг Қорақалпоғистон Республикаси­га ташрифидан кутилаётган элимиз тараққиётининг саккиз муҳим асоси­ни санадик. Улар шунчаки тасоди­фий эмас эди. Стратегик аҳамиятли ташаббус ва ­топшириқлар негизида халқимиз хоҳиш-иродаси ва янги мил­лий давлатчилигимиз тамойиллари­нинг буюк қудрати турганини ҳис этиш қийин эмас.

Бу ўринда гап халқимиз хоҳиш-иродаси ва янги давлатчилик тамойиллари ҳақида борар экан, ўз-ўзидан конституциявий ислоҳотлар моҳияти билан юзма-юз келамиз.

Мақоламиз биринчи қисмида Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши асоси — “ишсизликдан холи ҳудуд” ҳақида айтдик. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ана шу механизмнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини кўриш мумкин. Масалан, меҳнат ҳуқуқлари борасида нафақат ҳар кимнинг муно­сиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳуқуқи, балки хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шарои­тида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда адолатли ҳақ олиш, ишсизликдан қонунда белгилан­ган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқи, шу­нингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб тур­муш даражасини таъминлаш зарура­ти ҳисобга олинган ҳолда белгилани­ши мустаҳкамланмоқда. Бу ниҳоятда адолатли ва халқчил мезондир. Чунки инсон иш билан таъминлансаю, би­роқ хавфсиз, қулай меҳнат шароитига эга бўлмаса, оладиган иш ҳақи ўзи ва оиласининг яшаши, эҳтиёжлари учун етмаса, албатта, бу ҳолат унда на­фақат ўз ҳаётидан, балки жамиятдан норозилик кайфиятини уйғотади.

Юқорида бу йил Қорақалпоғистон­да 4 минг уй-жой қурилиши ҳақи­да айтиб ўтган эдик. Бу ҳам бежиз эмас, чунки унинг ҳуқуқий асоси янги таҳрирдаги Конституцияда ўз аксини топмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, сайлов­чилар ҳам айнан уй-жой масаласида жуда кўп мурожаат қилади. Тўғри, мамлакатимизда кейинги йилларда ёш оилаларни, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларни, хотин-қизларни уй билан таъминлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, самара­ли натижаларга эришилмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда 50 минг оила учун квартиралар олишга шароит яратиб берилгани бунинг мисолидир. Лекин мамлакатимизда аҳоли сони ўсиши баробарида оилалар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу ўз-ўзидан уй-жойга бўлган эҳтиёжни оширади. Шу боис, бу йил юртимизда 90 минг оилани уй-жойли қилиш режалашти­рилаётган бўлса, яқин 2-3 йилда бу кўрсаткични 200 мингга етказиш мақ­сад қилинмоқда.

Шу жиҳатдан янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириб, уй-жой­га бўлган ҳуқуқнинг амалга оширили­ши учун шарт-шароитлар яратиши, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳти­ёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан бел­гиланиши назарда тутилаётгани жуда қувонарлидир. Шунингдек, ҳеч ким суд­нинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда на­зарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопла­ниши таъминланиши бугунги кун учун ниҳоятда долзарб масала.

Янги таҳрирдаги Конституцияда “Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожланти­риш юзасидан чоралар кўради”, деб аниқ белгиланиши Қорақалпоғистон халқини рози қилиш учун кейинги йил­ларда амалга оширилган кенг кўлам­ли ишларнинг янада юқори даражага кўтарилишига ҳуқуқий асос яратади.

2022-2023 ўқув йилида қорақал­поғистонлик 500 йигит-қиз олий таъ­лим муассасаларига қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилингани, пенсия ва нафақа олувчилар, но­гиронлиги бўлган фуқаролар учун темир йўл ва авиабилетлар сотиб олишда 50 фоизлик имтиёз жорий этилгани, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари берилгани, мактабларда бошланғич синф ўқув­чилари бепул овқат билан таъминла­наётгани каби кўпгина чора-тадбир­лар одамларнинг миннатдорлигига сабаб бўлмоқда.

Шу жиҳатдан, янги таҳрирдаги Конституциямизда алоҳида бобнинг оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишланиши ва унда давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижти­моий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши белгиланаёт­гани оилапарвар ва болажон халқимиз­нинг айни кўнглидаги иш бўлди. Чунки ҳар бир фарзанд оилада камол топади. Унинг мурғак болалиги, орзуларга бой ўсмирлигию, ҳаётга илк қадам қўядиган ёшлиги ўзи туғилиб ўсган оиласи бағри­да ўтади. Шундай экан, оила ва унинг аъзолари манфаатлари ажралмас ва яхлитдир.

Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз ифодасини топ­ган ижтимоий масалаларга оид ҳуқуқий асосларнинг ўзи инсоннинг қадр топиб, ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади. Шу боис, уни бутун халқимиз қўллаб-қувватлаяпти.

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.