Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг мажлислар зали сув қуйгандек жим-жит. Бир неча дақиқадан сўнг давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш бошланади.
Йиғилиш Кегейли туманида бўлади, қолган барча туман ва шаҳарларнинг вакиллари видеокузатув орқали иштирок этади.
Шу лаҳзаларда бир қур атрофига разм солган киши барчанинг юзу- кўзларида Президентимиз бу сафар бизни қандай янгиликлар билан сийлайдилар, олдимизга қандай вазифалар қўядилар, деган нозик ҳаяжонларни илғайди.
Бу табиий ҳол. Зеро, мамлакатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан юзма-юз учрашиш мақсадида қайси вилоятга бормасинлар, албатта, қилинган ишларни халқ билан биргаликда муҳокама-таҳлил қиладилар, одамларнинг турмушини фаровон қилиш, иқтисодий ҳолатини юксалтириш бўйича йирик лойиҳаларни ўртага ташлайдилар.
Шу тарзда сўровлар, ҳисоботлар, савол-жавоблар, топшириқлар бошланади…
Бу галги мулоқот аввалгиларидан бошқачароқ бошланди. Тадбир аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Беруний туманидаги “Беруний буғдой кластер” ҳамда “Райҳон аппарел”, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” заводининг учинчи босқичи, Қўнғирот туманидаги “ККРаси кемикал”, Нукус шаҳридаги “Азимут ҳотел”, Тўрткўл туманидаги “Хозагро” вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот бердилар. Бу корхоналарда жами 1100 та доимий иш ўрни яратилади, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.
Президентимиз рамзий тугмани босди, янги корхоналар ишга тушди, қарсаклар янгради.
Қарсаклар янграётганда Президентимизнинг 2019 йил 20 август куни Қорақалпоғистонга қилган ташрифи чоғида айтган бир сўзи эсимга тушди.
– Мен Сизлар билан учрашганда, – деган эди ўшанда давлатимиз раҳбари, – сизнинг қизғин қарсакларингизни кўриш учун эмас, сизларнинг кўзларингиздаги қувончни кўриш учун келаман. Сабаби тарихдан яхши маълум, қорақалпоқ халқи тарихда ҳамма вақт қайғу-алам, оғир дард билан кун кечирган.
Президент бекорга айтган эмасди бу сўзларни. Қорақалпоқ халқи ўтмишини яхши билган, дарду-ташвишларини дил-дилидан ҳис қилган одам айтиши мумкин эди бундай гапларни. Илло, ҳар бир халқнинг узун тарихи, босиб ўтган йўли, бошидан кечирган иссиқ-совуқ кунлари бор. Тўфону бўронлар гирдобида тобланиб-чиниқмаган элат ҳам, миллат ҳам йўқ бу дунёйи дунда. Аммо, ҳеч ким қорақалпоқчалик аччиқ изғиринларга дуч келмаган бўлса керак.
Кечмиши милоддан аввалги асрларга бориб тақалгувчи бу халқ халқ бўлиб шакллангандан бошлаб қайғули дамларга юзма-юз келаверди: зўравонлар қутқусига учради, бир манзилда қўним тополмади, “кўча-кўч”, “қоча-қоч” дейилмиш таҳликалар остида умр гузаронлик қилишга мажбур бўлди. Орол бўйларида балиқчилик, чорвачилик билан тинчгина яшаб юрган, илк манбаларда “қора бўркли”, мўғуллар истеълоси даврида “қавми кулоҳи сияҳ” деб аталган қорақалпоқларни Чингиз лашкарлари Рус чўлларига ҳайдади.
Бундай хўрликларни қорақалпоқнинг улуғ шоири Бердақ шундай ифодалади:
Золимлар тингламас фақирнинг зорин,
Улар ўйлар ўз фойдасин, ўз корин,
Ҳеч қачон золимлар қўлдаги борин –
Эп кўрмаслар бор бўлса-да, халқ учун.
Бир муддат Киев Руси даштлари, Волга -Урал оралиқлари, кейин Иртиш соҳиллари омонат бошпана бўлди қорақалпоқларга. Ундан кейин Сариқамиш, Ўзбўй, Сайхун бўйларида кун кечирган халқ ниҳоят, ер юзининг ярмини айланиб-айланиб, 18-аср ўрталарида, не-не машаққатлар билан яна Жайҳун соҳилларига қайтиб келди. Келди ота маконига. Бироқ, кўч-кўчлар бўронида неча минглаб ўғил-қизларидан бевақт айрилган “қора бўркли”ларнинг манглайига осойишта дамлар ҳали ёзилмаган экан: яна қув-қувлар, ҳайда-ҳайдалар, урушлар, қон тўкишлар… Гапирсанг тилинг, гапирмасанг дилинг куяди. Чор Россияси истеълоси ва шўролар замонида гоҳ Россия, гоҳ Қозоғистон таркибига ўтказиб-қайтарилган “қавми кулаҳи сияҳ”лар, ниҳоят, Ўзбекистон билан бир давлат, бир мамлакат мақомига эга бўлгандан кейингина азалий орзуларига етдилар.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг ҳақ ўз ўзанига қайтди. Айниқса, кейинги 5-6 йил ичидаги ўзгаришлар, қурилаётган бир-биридан кўркам уйлар, маданият-маърифат кошоналари, заводлар, фабрикалар, кўчалар, кўприклар, хиёбонлар, боғлар…
Ҳозир, қарсаклар жаранглаб турган ушбу дақиқаларда, Юртбошимиз қарсаклардан эмас, қорақалпоғистонликларнинг чеҳраю кўзларида ўзи орзу қилган қувонч ёлқинларини кўраётганидан бахтиёр экани сезилиб тургандек эди, назаримда. Ахир, бундай муборак кунларга етиб келиш осон бўлдими?! Неча марталаб ташриф буюрди қорақалпоқ ўлкасига. Ана шу ташрифлар туфайли Қорақалпоқ диёрининг энг олис овулларига янги ҳаёт кириб борди. Биргина Оролни, Мўйноқни бир нафас кўз олдингизга келтиринг? Қанчалар мушкул ва аянчли эди бу ердаги манзаралар. Аэропорт тугул, ёлғизоёқ йўллар ҳам кўмилиб, йўқ бўлиб кетган Мўйноққа Тошкентдан кўтарилган биринчи рақамли борт, яъни Президент учган самолёт 2022 йил 23 февраль куни Мўйноқ аэропортига келиб қўнди. Унгача Президентимизнинг ўзи икки марта – 2018 ва 2019 йилларда Мўйноққа борган, мўйноқлик ёшуллилар, маҳалла раислари, ёшлар билан учрашган, суҳбатлашган, маслаҳатлашган ва ўшанда “маданият Мўйноқдан бошланади” деган ғояни илгари сурган эди. Ташриф чоғи Шавкат Мирзиёевнинг ўзи Орол денгизининг қуриган жойига бориб, вазиятни кўрди.
Бир пайтлар минг-минглаб одамлар фаровон ҳаёт кечирган, тонналаб балиқлар овланган, денгиз ва унга туташ дарёю яйловларда қўй-қўзилар ўтлаб юрган, қушлар сайроғи, ёш-ялангларнинг куй-қўшиқлари жаранглаб турган манзилнинг бундай абгор аҳволини кўриш, унинг келажагини тасаввур қилиш қанчалар мушкул.
Юртбошимиз аҳволни теран баҳолаб, бу даҳшатли муаммони оқилона ҳал қилишни ўйлади. Албатта, шу пайтгача ҳам мазкур фожиани тузатишга оид халқаро режалар, илмий стратегиялар, турли-туман жамғармалар бор эди. Оролни қутқариш ташкилотлари фаолияти тўхтаган эмас, фақат натижа йўқ эди. Президент янги стратегия таклиф қилди. Муаммони ҳал қилиш учун Оролнинг қуриб қолган қисмига ўсимликлар экиб, тузли, заҳарли тўзонни тўхтатиб унинг ўрнига яшил иқтисодиётни ташкил этишни илмий асослаб берди. Жаҳон ҳамжамияти бу фикрни инсоният тарихидаги донишмандликнинг яна бир ютуғи сифатида баҳолади.
Президент ташаббуси билан Оролбўйини одамларга ризқ улашадиган, иш ва даромад манбаига айлантирадиган маконга айлантириш ишлари бошланди. Қорақалпоғистон Республикасининг туманлари муайян вилоятларга бириктирилди. Ўзбекистон оёққа қалқди, Ўзбекистон Орол бўйларини обод қилишга астойдил бел боғлади. Аввало, атрофни, мусаффо ҳавони тозалаш, денгизнинг қуриган тубидан кўтарилаётган миллион-миллион тонна чанг ва заҳарли тузларни камайтириш мақсадида шўрга чидамли ўсимликлар экишга киришилди. Эл бирикса, тоғни талқон, чўлни бўстон қилади. Орол соҳилларида ҳаёт қайнади, минглаб одамлар бел, кетмон кўтардилар, юзлаб тракторлар гуриллаб ер ҳайдади, самолётлар осмондан уруғ сепди. Аввалги 40 йиллар давомида Оролнинг қуриган тубига бор-йўғи 400 минг гектар саксовул экилган бўлса, ана-мана дегунча денгизнинг сув қуриган 2 миллион гектардан ортиқ қисмига саксовул, қорабарақ, қандим, черкез каби чўл ўсимликлари экилиб, тўқайзор барпо этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев бу орада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси сессияларида сўзга чиқди, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Дунё аҳлини яна ва яна Орол фожиаси ва бу фожианинг олдини олишга қаратди. Шу тарзда Орол муаммосига қарши курашда дунёдаги барча давлатлар бирлигини ташкил қилган Траст фондига асос солинди. Халқнинг йўқолиб бораётган умидлари тикланди. Президентимизнинг яна бир ташаббуси билан Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди.
Республиканинг бошқа туманларида ҳам ишлар бир нафас бўлсада тўхтаган эмас. Бухоро вилояти тадбиркорлари Хўжайли, хоразмликлар Шўманой, самарқандликлар Нукус, сирдарёликлар Қонликўл туманларида боғлар, узумзорлар, ихчам иссиқхоналар ташкил қилдилар. Қолган туманларда унданда салмоқли лойиҳалар бажарилди. Жумладан, қорамол, қўй ва эчкиларни кўпайтириш, парранда, қуёнчилик ва асаларичиликни ривожлантириш изга тушди. Бунинг учун хонадонларга қўй ва эчкилар, қуёнлар ва асаларилар тарқатилди. Юз минглаб гектар майдонда “Яшил қопламалар” барпо этилди. Бундай муҳим юмушлар ҳамон шиддат билан давом эттирилмоқда.
Ҳар сафар Қорақалпоғистонга келганида мазкур масалага жиддий эътибор берадиган Президент бу сафар ҳам яна алоҳида тўхталиб ўтди:
– Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижалари барча туманларда кўриняпти ва бу ишлар тўхтамайди.
Президентимизнинг ҳозирги бахтиёр ҳолати яна бир манзарани – 2016 йил 10 ноябрь куни Шўманой туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида айтган мана бу гапларини эсимга туширди:
– Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман. Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз.
Шундай ҳам бўлди. Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига киришганидан бошлаб Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор қаратди. Қорақалпоқ диёрида бошланган ислоҳотларнинг барчаси доимий назоратга олингани боис, лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Шу ўринда айрим фактларга эътибор берамиз. Қаранг, сўнгги олти йил ичида ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Тадбиркорлар сони икки барабар кўпайиб, 46 мингта доимий иш ўрни яратилди.
Илгарилари саноат маҳсулотлари деярли ишлаб чиқарилмаган ўлкада металлургия комбинати, нефт-кимё заводи комплекслари пайдо бўлди, қурилиш материаллари, энергия ресурслари ва бошқа корхоналар бирин-кетин ишга туширилди. Саноатнинг кириб келиши туфайли авваллари кўрсаткичлари энг паст бўлган 6 туманда ишлаб чиқариш 2 – 3 баравар кўпайишига эришилди. Кегейли шундай қолоқ туманларнинг карвонбошиси эди. Илгарилари саноат умуман йўқ бўлган бу туманда астойдил қилинган ҳаракатлар ва ҳудудлараро ҳамкорлик натижасида учта лойиҳа ишга туширилди. “Ақтуба текстиль” шуларнинг биридир. Йилига уч миллион донадан зиёд трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона ишчилари йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мақсадида меҳнат қилишмоқда. Корхона жиҳозларининг ҳаммаси Германия, Япония, Туркия каби давлатлардан олиб келиб ўрнатилган энг замонавий ускуналардир.
Яна бир ибратли томони, корхонанинг ўзида ёшларни касб-ҳунарга қайта тайёрловчи ўқув маркази ташкил этилган. Унда маҳаллалардаги касбга қизиқувчи ишсиз йигит-қизлар малака оширадилар, ҳунар эгаллайдилар…
Ютуқлар албатта қувончли эди. Аммо, Президентимиз улардан қониқмади, қорақалпоқ халқининг дастурхонини янаям тўкин бўлишига асос бўладиган янги ташаббусларни билдирди. Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратиш ва шу йилнинг ўзида унга 250 миллиард сўм маблағ йўналтириш шуларнинг бири эди.
Бир маҳаллага 500 миллион! Энди шу рақамни таҳлил қилишга ҳаракат қилайлик. Агар шу пуллар тўғри сарфланса, қанча ночор оила оғир аҳволдан халос бўлиши, қанча ишсизлар ишли, қанча оилалар эса кичик-кичик тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади. 452 та маҳалланинг ҳар бирида, борингки, 10 тадан одам ишли бўлганда ҳам неча юз кишининг қозони қайнайди.
Иккинчи ташаббус – кадастрсиз уйлар тилга олинганда кўплар жойларидан туриб кетдилар. Қарангки, Қорақалпоғистонда 38 мингта уй-жой ва кўчмас мулклар кадастр қилинмаган экан. Давлат раҳбари соҳа мутасаддиларига бу масалани тезкорлик билан бажариш вазифасини топширди.
Уй-жой муаммоси Қорақалпоғистон учун ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Шу йилнинг ўзида 4 мингта уй-жой қурилиши ва шунга қўшимча, замонавий лойиҳа асосида яна 4 мингта якка тартибда уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилиши аҳолини беҳад хурсанд қилмаслиги мумкин эмасди, албатта.
Қорақалпоғистонда ишсизлик муаммоси ҳал бўлмаётгани, ҳозир 72 минг расмий ишсиз борлиги давлатимиз раҳбарини қаттиқ ташвишлантирди. Бунинг устига ҳар йили 43 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Президент томонидан мана шулар ҳисобга олиниб, 193 минг иш ўрни яратиш ва Қорақалпоғистонни “ишсиздан холи ҳудуд”га айлантириш вазифаси қўйилди. Йиғилишдан сўнг Президентимиз Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрда миллатлараро тотувликка бағишлаган маданий тадбирда иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, Президентнинг бу тадбирда иштирок этиши ҳечам тасодифий эмасди. Шавкат Миромонович қорақалпоқ халқининг ўзига хос маданияти, гўзал адабиёти, рангин санъатига талабалик йилларидаёқ меҳр қўйганини кўп марта тилга олган, ташрифларининг бирида эса: “Ёшликда, талабалик даврида институтимизда ўтказиладиган турли тадбирлар, байрамларда қорақалпоғистонлик ёшлар жуда фаол қатнашар эдилар. Айниқса, Жиззах, Сирдарё вилоятларига пахта теримига чиққанларимизда, ишдан кейин, кечқурунлари гулхан атрофида қорақалпоқ қизларимиз, йигитларимиз Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ каби шоирлардан шеър ўқиб, қўшиқ айтиб, рақсга тушганларида барчамиз қойил қолар эдик.
Мен ўшанда “Бўзатов”, “Айдинлар”, “Дембермес” деган қорақалпоқ қўшиқларини биринчи марта эшитиб, ўзимни бамисоли сеҳрланиб қолгандек ҳис қилганимни ҳозир ҳам яхши эслайман”, дея ифтихор билан эътироф этган эди.
Саҳнада Президент ёшлигида суюб ардоқлаган “Шағала”, “Дембермес”, “Нигарим” каби куй-қўшиқлар ижро этилди. Алишер Навоий, Бердақ, Махтумқули, Абай, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов ижодидан намуналар ўқилди.
Мамлакатимиздаги энг қадимий театрлардан бири бўлган, не-не истеъдодли санъаткорлар, театр арбобларини камолга етказган ушбу маскандаги учрашув ва мулоқотларда давлатимиз раҳбари миллий шарқона қадриятларимизни улуғловчи асарларни кўпроқ қўйиш, вилоятлар бўйлаб гастролларга чиқиб, ёшларни театрга қайтариш, маданиятни бойитиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув ва мулоқотларда кексаю ёш – ҳамма ўлкада ҳаёт манзаралари бутунлай ўзгариб бораётганини ғурур билан таъкидладилар.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Қўнғирот сода заводи, дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлмиш Устюрт газ кимё мажмуасининг кенг кўламда фаолият юрита бошлагани, Нукус халқаро аэропортида амалга оширилган модернизация ишлари, қамишни қайта ишлаб, қурилиш материаллари тайёрлайдиган корхоналарнинг кўпайиши, қизилмия плантацияларининг кенгайиб бораётгани, замонавий автоматлашган цемент, лак-бўёқ заводлари ишга туширилиши ва бошқа катта ҳажмдаги лойиҳалар кимни қувонтирмайди, ҳайратлантирмайди, дейсиз.
Агар Бердақ бобо ҳаёт бўлганида, бундай тарихий эврилишларни кўриб:
Шоир эдим, кўзим кўрганин ёздим,
Кўнглимнинг билганин, сезганин ёздим,
Замон жафосидан сарғайдим, оздим,
Келурми, деб, яхши кунлар халқ учун,
деб қон-қон йиғламаган, аксинча, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповдек:
Меҳнат деса енг шимарган полвондай,
Аравада тоғ келтир де, келтирар.
Дўстлик деса, юлдуз топиб олгандай,
Оқ кўкрагин эзгуликка тўлдирар,
дея ҳайқирган бўлар эди.
Илло, ўтмишда кўп азоблар кўрган қорақалпоқ халқи юксалишнинг баланд чўққилари томон дадил бораётир. Танти халқнинг келажаги эса янада порлоқ. Барча соҳалардаги ўзгаришлар шундай шитоб билан ривожланиб боряптики, яна 5-10 йилдан кейин бу томонларга келган киши қорақалпоқ заминини таниёлмайди. Шундай, қорақалпоқликлар хонадонига қувонч ва бахт, Орол бўйларига қушлару чорлоқлар, Қизилқум чўлларига сайғоқлару тувалоқлар, кўлларига ноёб балиқлар қайтмоқда.
Қанча-қанча асарлар ёзилади, кинолар яратилади, достонлар тўқилади, қўшиқлар куйланади бу эл, бу замин ҳақида ҳали.
Мен ҳам мақолага сиғмаган туйғуларимни шеърда ифодалашга ҳаракат қилдим:
Гоҳ бахтли энтикиб, балқди қуёшинг,
Жайхунга сиғмай гоҳ оқди кўз ёшинг,
Эҳ! Не-не ғамларни кўрди бу бошинг,
Бирда шам, бирда чўғ, бирда чақмоғим–
қорақалпоғим.
Балки Авестодан қадимдир шонинг,
Номинг қорақалпоқ, туркийдир қонинг,
Тошдан-да қаттиқдир ҳар тишлам нонинг,
Қурдошим, элдошим, уруғ-аймоғим –
қорақалпоғим.
Кимлардир қашқирдек таладилар хўп,
Кимлардир қозонинг яладилар хўп,
Курашдинг гоҳ ёлғиз, гоҳида тўп-тўп,
Кўкламга етолмай қувраган боғим –
қорақалпоғим.
Кезиндинг гоҳ Эдил, гоҳи Ёйиқда,
Ёвлар ҳужум қилди очкўз айиқдай,
Кунлари тўфонда қолган қайиқдай,
Бўронда, довулда улғайған тоғим –
қорақалпоғим.
Ул қора кунларинг армондир энди,
Сену мен – бир улуғ карвонмиз энди,
Жасур Юртбошимиз сарбондир энди,
Овулим, бовурим, кўзим, қароғим –
қорақалпоғим.
Оролга қайтмоқда эрка чорлоқлар,
Ёшариб бормоқда кентлар, қишлоқлар,
Устюртда порлаган ёрқин чироқлар,
Энди ўчмагайдир – ўчмас чироғим –
қорақалпоғим.
Гулларга кўмилгай чўлларинг энди,
Қуёшга кўмилгай йўлларинг энди,
Юлдузга етгайдир қўлларинг энди,
Эй, меҳри булоғим, қалби қайноғим–
қорақалпоғим.
Абдусаид Кўчимов.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



