СУВ КЕЛДИ – НУР КЕЛДИ


СУВ КЕЛДИ – НУР КЕЛДИ

Жорий йил охиригача Оролбўйи аҳолисининг 74,3 фоизи тоза ичимлик сув билан таъминланади

Мамлакатимизнинг янги ривожланиш босқичида барча соҳалар қатори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиат ресурсларидан, хусусан, сувдан оқилона фойдаланиш, аҳоли фойдаланадиган ичимлик сув сифатини яхшилаш ва у билан таъминланганлик даражасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда респуб­лика аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлаш бўйи­ча “Қорақалпоқ сув таъми­ноти” масъулияти чекланган жамияти томонидан кўплаб амалий ишлар бажарилмоқда.

Айни пайтда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 71 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йил республика­да лойиҳалаштирилган ва қиймати 211,8 миллиард сўм бўлган, узунлиги 383,8 ки­лометр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 24 та сув иншоотида қурилиш иш­лари режалаштирилган ва бу юмушлар жадал давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022- 2023 йилларда маҳаллалар инфратузил­масини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қиймати 100,4 миллиард сўм бўлган 69 та лойиҳада 342,6 километр ичимлик сув тармоғи ётқизиш ва 17 та сув иншоотида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, лойи­ҳа доирасида 5473 хонадон сув тармоқ­ларига уланиб, сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатиб бериляпти. Бугунги кунгача 51,8 миллиард сўмлик ишлар амалга ошири­либ, 34 та қурилиш иши якунланди.

— Нукус шаҳри аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 74,9 миллиард сўм маблағ эвазига “Нукус” сув тозалаш иншоотини таъмирлашнинг иккинчи босқичи лойиҳаси бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда, — дейди шаҳар сув тозалаш тармоғи бошлиғи Аза­мат Бектурдиев. — Лойиҳа охирига етгач, сув тозалаш қуввати кунига 65 минг куб метрдан 95 минг куб метр­га етади. Бугун­ги кунда биз 350 мингдан зиёд аҳолига ичимлик сув етказиб беряпмиз.

Демак, нуфузи йил сайин ортиб бо­раётган Нукус шаҳри аҳолисига сув етка­зиб бериш имконияти янада кенгаяди ва бу, албатта, сувнинг сифатига ҳам ижо­бий таъсир кўрсатади.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхши­лаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфрату­зилма объектлари ҳамда муҳандислик- коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш мақсадида оқова сув тармоғи ва оқова сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президен­тининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ри­вожланишини таъминлаш чора-тадбир­лари тўғрисида”ги фармонига асосан, ло­йиҳа баҳоси 36,75 миллиард сўм бўлган Кегейли, Қораўзак ва Қонликўл туманла­рида узунлиги 10,73 километр ичимлик, оқова сув тармоқлари ҳамда 3 та оқова сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш ишлари бажарилмоқда.

— Халқаро молия институтлари ишти­рокида “Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудида ичимлик сув таъминотини ривожланти­риш” лойиҳаси асосида “Туямўйин” ва “Тахиатош” сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, “Манғит” сув тоза­лаш иншоотини янгидан қуриш ишлари билан бирга, Амударё, Беруний, Қораў­зак, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукус туманла­рида узунлиги 1236 километр ичимлик сув тармоқлари ҳамда 26 та ичимлик сув иншоотини қуриш, реконструкция қи­лиш ишлари режалаштирилган, — дейди “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори Рўзимбой Сейтов. — Ушбу ишлар бажарилиши натижасида йил якунида ҳудудларда ис­тиқомат қилаётган 75,5 минг нафар ис­теъмолчи қўшимча ичимлик сув билан таъминланади. Ҳудудлардаги 138,6 минг нафар одамнинг сув таъминоти яхшила­ниши баробарида, аҳолининг тоза ичим­лик сув билан таъминланиш даражаси 74,3 фоизга етади.

2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғри­сида”ги Президент қарорида Нукус шаҳ­ри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида бир кеча-кундузда 45,2 минг куб метр сувни тозалаш қувватига эга бўлган 3 та оқова сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш, 28 та оқова сув насос станцияси ва 142,3 километр оқова сув тармоқларини қуриш, реконструкция қи­лиш назарда тутилган.

— Биз Нукус шаҳрида бир кеча-кундуз­да 30 минг куб метр сувни тозалаш қув­ватига эга бўлган оқова сувни тозалаш иншоотини қуриш, 16 та насос станцияси ва 88 километр узунликдаги оқова сув тармоқларини қуриш ишларини олиб бор­моқдамиз, — дейди Рўзимбой Сейтов. — Шу билан бирга, Тахиатош туманида бир кеча-кундузда 8 минг куб метр сувни тозалайдиган 8 та оқова сув насос стан­цияси ва 33,6 километр узунликда сув тармоқлари тортилади. Хўжайли тума­нида эса сув тозалаш иншоотини қуриш билан бирга, 4 та насос станцияси, 20,7 километр сув тармоқларини қуриш ва ре­конструкция қилиш ишлари бажарилади.

“Қорақалпоқ сув таъминоти” масъу­лияти чекланган жамияти ер усти ва ер ости сув манбаларидан фойдаланиб, аҳолини тоза ичимлик сув билан доимий равишда таъминлаб келмоқда. Қорақал­поғистондаги 3 та йирик — Туямўйин, Та­хиатош ва Нукус сув тозалаш иншоотла­ри шу жамиятга қарашлидир.

— Ичимлик сув аҳолига етиб боргун­гача уч босқичда тозаланади. Дастлаб тиндирилади, фильтрланади ва сўнгра зарарсизлантирилади. Бу ишлар “Қо­рақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти кимёвий бактерио­логик лабораториясида амалга оши­рилади, — дейди лаборатория кимё муҳандиси Айзада Ҳакимова. — Шун­дай лабораториялар Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида мавжуд бўлиб, сувнинг сифатини ях­шилаш учун хизмат қилмоқда.

Республика пойтахти аҳолисини ичим­лик сув билан таъминловчи Нукус сув тоза­лаш иншооти Дўстлик каналидан сув ола­ди. Иншоотда сув тиндириш, фильтрлаш ва зарарсизлантириш босқичларидан ўтка­зилиб, истеъмолчиларга етказиб берила­ди. Сув ҳовузларда тиндирилиб, лойлиги ҳисобга олинган ҳолда коагулянт (алюми­ний сульфат) билан қайта ишланади. Шун­дан сўнг фильтрлаш босқичига ўтказилиб, кварц қуми ёрдамида фильтрланади.

Фильтрланган сув ёпиқ резервуарлар­га йиғилади ва микроорганизмлардан тозалаш мақсадида тегишли бирикма би­лан зарарсизлантирилади, шундан сўнг насос иншоотлари орқали истеъмолчи­ларга етказиб берилади.

— Ичимлик сув сифатини назорат қилишда Ўзбекистон давлат стандарти “Ичимлик сув” гигиеник талаблар ва си­фатини назорат қилиш O‘zDSt 950-2011 нормаларига мувофиқ текшириб борила­ди. Сув таркибидаги эриган кальций ва магний тузлари йиғиндиси сувнинг уму­мий жипслиги дейилади. Сув таркибидаги катионлар ва анионлар одам организмида энергия ҳамда кислород алмашинувида қатнашади. Буларнинг нормадан кўп ёки ҳаддан ташқари оз бўлиши инсон сало­матлигига тескари таъсир кўрсатади, — дейди марказий лаборатория бошлиғи Гулсара Ерниязова. — Етказиб берила­диган ичимлик сув сифати корхонадаги 1 та марказий ва 19 та ҳудудий кимё бак­териологик лабораториялари томонидан 26 турдаги кимё-бактериологик ташхис­лар асосида текширилади. Лаборатория­лар замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлашда санитар-гигиеник томондан назорат қилишни янада кучай­тириш мақсадида махсус дастурлар дои­расида ўтган йиллар давомида Чимбой ва Бўзатов туманларида янги лаборатория­лар қурилди, Кегейли, Хўжайли, Тахтакў­пир туманларидаги лабораторияларда реконструкция ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди.

Қайд этилганидек, соҳада олиб бори­лаётган ишлар натижасида жорий йил охирига қадар Оролбўйи аҳолисининг 74,3 фоизини марказлаштирилган ичим­лик сув тармоғи билан қамраб олиш на­зарда тутилган. Шунингдек, оқова сув тармоқларини янгилаш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилиши режалашти­рилган.

 

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ.