Қорақалпоғистоннинг олис ҳудудларидан бири саналган Бўзатов тумани кейинги йилларда нафақат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари, балки кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан ҳам эътиборни тортмоқда.
Айниқса, 2019 йилда туман қайта ташкил этилгандан сўнг ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган дастурлар изчил амалга оширилмоқда.
Бўзатов тумани тарихига назар ташласак, мазкур туман илк бор 1979 йилда ташкил топган ва 1988 йилда тугатилиб, 1990 йилда яна туман сифатида тузилган. Сўнг 2004 йилда Кегейли тумани таркибига қўшиб юборилган эди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 йил 30 августда Бўзатов туманининг қайта ташкил этилиши ҳудуд ҳаётида янги саҳифа очди. Ўтган давр мобайнида туманнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, ичимлик суви таъминотини кенгайтириш, ички йўлларни таъмирлаш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишлари янги босқичга кўтарилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарори асосида туманда 5 миллиард 500 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу маблағлар аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий ва инфратузилма объектларини яхшилашга йўналтирилди.
Ҳудуд ривожида транспорт инфратузилмасининг аҳамияти беқиёс. Шу мақсадда 2024–2025 йилларда Бўзатовда ички йўлларни яхшилаш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жами 14,7 километр ички йўлларни таъмирлаш, уларнинг қарийб 8 километрини асфальтлаш ва қолган қисмига қум-шағал аралашмаси ётқизиш ишлари белгиланган. Бўзатов шаҳарчаси, Қусханатаў, Еркиндарё, Аспантай ва Кўк сув фуқаролар йиғинларидаги кўчаларнинг босқичма-босқич таъмирланиши аҳолининг кундалик ҳаётидаги қулайликларни сезиларли даражада оширмоқда.
Бунёдкорликнинг энг муҳим мезони — бандлик
Ҳар қандай қурилиш ва янгиланишнинг ҳақиқий самараси одамлар ҳаётида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Бўзатовда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг энг муҳим натижаси аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилганидир.
2025 йилда фойдаланишга топширилган замонавий Бўзатов санаторийси бунинг яққол мисолидир. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 123 миллиард сўм маблағ ҳисобидан барпо этилган олти қаватли мазкур соғломлаштириш муассасасида 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
– 200 ўринга мўлжалланган санаторийда терапевт, невропатолог, кардиолог, гинеколог мутахассислар томонидан ҳаракат-таянч, овқат ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими, асаб ва эндокринологик касалликлар бўйича тиббий соғломлаштириш ва реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда, – дейди «Бўзатов санаторийси» директори Фахриддин Абдуллаев. – Бу ерга келувчилар дастлаб шифокор кўригидан ўтиб, ЭКГ, УТТ ва бошқа диагностик текширувлардан ўтказилади. Шунингдек, нафас олиш тизими касалликларини даволаш учун тузли ғор, оксигенотерапия, гидромассаж, умуртқа чуррасини даволаш, озонотерапия, лазер терапия, карбокситерапия каби физиотерапевтик муолажалар йўлга қўйилган. Асосий даволаш усули сифатида артезиан ер ости суви ҳавзасидан чиқадиган термал, кам минералли, йодли-бромли шифобахш сувдан фойдаланилади.
Санаторийда дам олувчилар учун уч маҳал овқатланиш, кутубхона, бильярд ва стол тенниси хоналари хизмат кўрсатмоқда. Бугунги кунда бу ерга нафақат мамлакатимиз, балки қўшни республикалардан ҳам дам олиш ва соғлиғини тиклаш мақсадида келувчилар сони ортиб бормоқда.
– Олмаота шаҳридан келиб дам оляпман, – дейди Умидгул Қарлибаева. – Бошқа шаҳарлардаги санаторийларда ҳам бўлганман. Лекин бу ердаги шароитлар ва ходимларнинг самимий муносабатидан жуда мамнунман. Ўзимни анча яхши ҳис қиляпман.
– 2010 йили Нукус шаҳридаги 3-сонли тиббиёт коллежини тамомлаб, кўп йиллар ишсиз юрган эдим, – дейди Нурзада Сейилханова. – 2024 йилда ўз мутахассислигим бўйича қайта тайёрлов курсларини тугатдим ва 2025 йилнинг октябрь ойидан бошлаб санаторийда ҳамшира бўлиб ишламоқдаман. Бугун доимий иш ўрни ва барқарор даромадга эгаман. Бизларни иш билан таъминлашга кўмаклашган мутасаддилардан миннатдорман.
Ҳақиқатан ҳам, санаторийда фаолият юритаётган ўрта ва кичик тиббиёт ходимларининг асосий қисми маҳаллий ёшлардан иборат. Бу эса мазкур лойиҳанинг нафақат соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, балки аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Тадбиркорлик ва инвестициялар — иқтисодий ўсиш таянчи
Бўзатовда кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда.
Туманда фаолият юритаётган «Петро Федоров» масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти ҳам диққатга сазовор. Корхона ихтиёридаги 1339 гектар ер майдонининг 582 гектарида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилмоқда. Сўнгги уч йил давомида корхона томонидан 2,9 миллиард сўм даромад олиниб, 1,56 миллиард сўм соф фойдага эришилди.
Шунингдек, 40 гектар ғалла майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинди ва 240 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Бу эса замонавий агротехнологияларни жорий этиш орқали иқтисодий самарадорликни ошириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси асосида банклардан имтиёзли кредитлар олиб, ўзларининг бандлигини таъминлаётган ёшлар кўп. Бўзатов шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи Қияс Кеўлимжаев ва Малика Жолдасбаева, “Қусханатаў” овул фуқаролар йиғинидан Рамберген Хожаниязовлар шулар жумласидандир.
– «Халқ банк»дан 50 млн сўм имтиёзли кредит олиб, унга 13 бош қўй сотиб олдим, – дейди Қияс Кеўлимжаев. – Уларни парваришлаб, яхши боқишим натижасида апрель ойида қўйларимиз қўзилади. Ҳозир уларнинг бош сони 20 га етди. Энди Мўғулистондан келтирилган қўйлардан ҳам сотиб олиб, ишимни янада кенгайтиришни мақсад қилганман.
Ёшлар учун яратилаётган имкониятлар
Бўзатовда аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ёшларни таълим ва спортга кенг жалб этишдир. Бугун туманда 14 та умумтаълим мактаби, 13 та мактабгача таълим муассасаси ва «Баркамол авлод» болалар мактаби фаолият кўрсатмоқда.
Спорт соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. 2020 йилда 1000 томошабинга мўлжалланган замонавий футбол стадиони, 2021 йилда эса янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда ушбу иншоотларда 220 дан ортиқ ёшлар мунтазам спорт билан шуғулланмоқда.
Бу каби лойиҳалар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни турли салбий таъсирлардан асраш ҳамда келажакда рақобатбардош кадрлар сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Бунёдкорлик руҳи бардавом
Бўзатовда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқламоқда: тараққиёт аввало инсон манфаати учун хизмат қилиши билан қадрлидир. Янги йўллар, ижтимоий объектлар, санаторий, спорт иншоотлари ва ишлаб чиқариш қувватлари — буларнинг барчаси аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва бандликни таъминлашга қаратилган.
Энг муҳими, бугун Бўзатовда бунёдкорлик муҳити қарор топган. Ҳар бир амалга оширилаётган лойиҳа ортида ўз юртининг эртанги кунига бефарқ бўлмаган меҳнаткаш инсонлар турибди.
Шу маънода, бугунги Бўзатов ҳақида гап кетганда, “Балли, Бўзатовлик бунёдкорлар!” – деган фикрни баралла айтгимиз келади. Бўзатовда барпо этилаётган ҳар бир иншоот, яратилаётган ҳар бир иш ўрни ва амалга оширилаётган ҳар бир эзгу ташаббус юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиздир.
Ғайрат Отажонов.



