ИЛМ ВА ИБРАТ БИЛАН ЎТГАН УМР


Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Ватан тараққиёти, илм-фан ва таълим соҳасига муносиб ҳисса қўшган инсонларни хотирлаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёд этиш алоҳида аҳамиятга эга.

Тенгел Ситмурaтов ана шундай фи­дойи устозлардан бири эди. У 1955 йил 22 сентябрда Қўнғирот туманининг Қўнғирот овул фуқаролар йиғинига қа­рашли Қангли овулида таваллуд топган. Ёшлигидан зукко, талабчан ва изла­нувчан бўлиб вояга етган Тенгелда ҳи­соб-китоб ишларига, хусусан, бухгалте­рия соҳасига қизиқиш эрта шаклланган.

Қишлоқдаги ўрта мактабни тамом­лагач, 1973 йилда Тошкент халқ хўжа­лиги институтига «Қишлоқ хўжалигида бухгалтерия ҳисоби» мутахассислиги бўйича ўқишга кирди. Олийгоҳни аъло баҳолар билан тамомлаган ёш мутахас­сиснинг кейинги меҳнат фаолияти таъ­лим соҳаси билан боғланди.

1977 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг йўлланмаси асо­сида Нукус давлат университетининг «Ҳисоблаш математикаси» кафедраси­га «Бухгалтерия ҳисоби» фани ўқитув­чиси лавозимига ишга қабул қилинди. 1977 йилдан «Агрономия» кафедрасида, 1980 йилдан эса «Бухгалтерия ҳисоби» кафедрасида фаолиятини давом эттир­ди.

Шу тариқа унинг меҳнат фаолияти таълим ва илм билан узвий боғланди. Тенгел Ситмурaтов ўз касбига садоқат билан ёндашиб, бухгалтерия ҳисоби соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш­га муносиб ҳисса қўшди.

Илмий изланишлар ҳам унинг ҳаёти­да муҳим ўрин тутди. 1987 йилда Тош­кент шаҳридаги Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институтида «Солиқ хўжаликларида машина-трактор паркининг самарадор­лигини ошириш» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Илмий-педагогик фаолиятининг самараси сифатида унга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳу­зуридаги Олий аттестация комиссияси қарори билан доцент илмий унвони бе­рилди. Меҳнати «Мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллиги» эсдалик ни­шони, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан муносиб тақдирлан­ган.

2003 йилда «Истеъдод» жамғармаси орқали Малайзияда билим ва тажриба­сини ошириб қайтди. Бу сафар унинг касбий билимларини янада бойитиш ва илғор тажрибалар билан танишишида муҳим аҳамият касб этди.

Тенгел Ситмурaтов университетда бир қатор масъулиятли лавозимларда ҳам фаолият юритди. 1993 йил 28 март­дан «Бухгалтерия ҳисоби» кафедраси мудири, 1994 йилда «Сиртқи ва кечки» таълим бўйича проректор, 1996 йилдан иқтисодий масалалар ва ишбилармон­лик бўйича проректор, 2001 йилда «Мо­лия» факультети декани лавозимларида ишлади.

2005 йил сентябр ойида яна «Бух­галтерия ҳисоби» кафедраси мудири этиб тайинланди. 2008 йилдан «Бизнес ва бошқарув» факультети декани, 2011 йилдан бошлаб эса «Бухгалтерия ҳисо­би ва аудит» кафедраси доценти сифати­да меҳнат қилди.

Унинг илм-фанга қўшган ҳиссаси салмоқли. Тенгел Ситмурaтов 70 дан ор­тиқ илмий ишлар муаллифи бўлиб, бух­галтерия ҳисоби йўналишлари бўйича 20 дан ортиқ дарслик, ўқув қўлланма ва услубий-методик ишларни тайёрлашда ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган. Ўз муаллифлигидаги монографияси ва бир қатор ўқув-услубий қўлланмалари ҳам соҳа мутахассислари, тадқиқотчи­лар ва талабалар учун муҳим манба бў­либ хизмат қилди.

Бироқ устознинг энг катта мероси — унинг шогирдларидир. У дарс жара­ёнида талабалар билан эркин мулоқот қилар, ҳар бирининг билим даражаси ва қизиқишини инобатга олган ҳолда ёнда­шарди. Мураккаб ҳисоб-китобларни од­дий ва ҳаётий мисоллар орқали тушун­тирар, назарий билимни амалиёт билан боғлашга алоҳида эътибор берарди. Шунинг учун ҳам унинг маърузалари ва амалий машғулотлари талабалар хо­тирасида узоқ йиллар сақланиб қолган.

Талабаларнинг корхона ва муасса­саларда ўтадиган диплом олди битирув амалиётларини назорат қилиш, улар­нинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашларига кўмаклашишни ҳам устоз муҳим вазифа деб билган. Бухгалтер ва аудитор кадрларни тайёр­лашда билимни содда, тушунарли тилда етказишга интилган.

Тенгел Ситмурaтовнинг оиласи ҳам унинг ҳаёт йўлининг муҳим қисмидир. Турмуш ўртоғи Урхия Уснатдиновна би­лан бирга тўрт нафар ўғилни тарбиялаб вояга етказди. Фарзандларидан икки нафари илмий даражага эга бўлиб, олий таълим муассасаларида доцент лавози­мида педагогик фаолият юритмоқда.

Бугун устознинг ўзи орамизда йўқ. Аммо унинг номи, илмий ишлари, дарслик ва қўлланмалари, энг муҳими, шогирдлари ва фарзандлари орқали эзгу ишлари давом этмоқда. Зеро, ҳақиқий устознинг умри унинг шогирдлари би­лан боқий.

Тенгел Ситмурaтов мазмунли умри давомида юртимиз тараққиёти, ёш ав­лод таълим-тарбияси, иқтисодий соҳа­да малакали мутахассислар тайёрлаш ва илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди. Унинг ҳаёт йўли касбга садоқат, илмга интилиш ва устозлик масъулия­тини шараф билан адо этишнинг ибрат­ли намунаси бўлиб қолади.

З.ТАЖЕКЕЕВ,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» кафедраси бошлиғи,

мазкур кафедра профессорлари

С.БАЙЖАНОВ,

К.ИСМАЙЛОВ.