ИЖОДИ МАНГУЛИККА ДАХЛДОР ШОИР


Буюк инсонларнинг номларини тилга олганда, беихтиёр уларнинг туғилиб ўсган замини, она халқи кўз ўнгимизга келади. Сабаби, улар ўзларининг улуғ ишлари, хизматлари билан ўз халқини, юртини дунёга танитади. Ана шундай буюк инсонларнинг бири Ибрайим Юсуповдир. Шоир номи тилга олинганда қорақалпоқ халқи, Қорақалпоғистон ўлкаси, Ўзбекистон гавдаланади. У шеърият орқали халқимиз руҳиятида, ички дунёсида ҳалоллик, тўғрисўзлик, дўстлик, биродарлик, ватанпарварлик, мардлик, пок муҳаббат ва садоқат туйғуларини уйғотди.

Туғилган замини, табаррук Ватани, тарбиялаб вояга етказган юрти, миллати ҳақида ёзмаган, ижод қилмаган шоир йўқ. Бу мавзуда ёзилган асарлар сон жиҳатидан ҳам адабиётда юқори ўринни эгаллайди. Бироқ, бу мавзуни ҳар бир шоир ўзича таърифлайди, ўзича талқин қилади. Лекин, уларнинг кўпчилиги кейинги замон, кейинги авлодлар талабларига жавоб бермай қолади. И.Юсуповнинг эса, Ватан мавзусида ўтган асрнинг 50-60-йилларида ёзилган шеърлари ҳозир ҳам ўқувчилар диққатида, эфир ва саҳналарда янграмоқда. Масалан, унинг «Қора тол» (1955), «Кегейли» (1956), «Ватан» (1963), «Ўзбекистон» (1964) ва бошқа шеърлари таъриф, бағишлов жанрида ёзилган бўлсада ҳали-ҳануз ўз қимматини йўқотмаган.

Ватан мавзусини баландпарвоз, дабдабали қизил сўзлар билан эмас, аксинча, кичик деталлар, тасвирлар билан очиб беришни қорақалпоқ адабиётида ўзгача услуб ва йўналиш сифатида И.Юсупов бошлаб берди. Унинг кўплаб шеърларида туғилиб ўсган она юрт, Ватан мавзуси, бир қарашда биз Ватан деб ҳисобламайдиган, кичик бир тимсоллар, буюмлар, деталлар орқали кўнгилга ёқимли, юракка яқин бўлиб янграйди. Масалан, пошша тўрғай, қирғовул, турналар, ғаққиллаб учиб бораётган ғозлар, шамолдан чайқалаётган салобатли қоратол, қўлларини ёйиб ўсган саксовул, сарғайган саҳро ва бошқа жонли, жонсиз нарсаларнинг ҳар бирига шоир бир неча шеърлар бағишлаган.

Бунга шоирнинг «Қоратол», “Саксовул”, “Қирғовул”, “Қўнғир ғоз”, “Бойўғли”, “Чўгирма”, “Қорақалпоқ ҳақида сўз” каби шеърларини мисол қилишимиз мумкин.

И.Юсуповнинг кўпгина асарларида халқ ва миллат мавзуси, миллий минталитет, инсоний қадриятлар билан уйғунлаштирилади. Бундай мавзудаги шеърларида шоир қорақлпоқ халқининг бағрикенглик, меҳмондўстлик каби фазилатларини очиб беради.

Ёлғиз отин сўйиб берган қўноққа,

Яёв қолиб бу халқ талай ториққан.

(“Қорақалпоқни кўп мақтама

кўзинча” шеъридан)

Қўноқ кутиш – бу ҳам ҳунар,

Гулдай очилар кўнгиллар.

(“Ўзбекистон” шеъридан)

И.Юсупов инсоннинг кўнгил кечинмасини, юрак дардини, қалб тўрида жойланган энг хуфия, энг нозик туйғуларини ҳам куйлайди. Бу муҳаббат туйғусидир. И.Юсупов чин маънодаги муҳаббат куйчиси. Унинг лирик қаҳрамони маъшуқасини чин юракдан севадиган, унинг ишқида куйиб ёнадиган, содиқ муҳаббат эгаси.

Шоир шеъриятида муҳаббатнинг турли мақомлари, ҳаётий мотивлари сезилади: дастлабки илиқ туйғулар, тотли висол, соғинч, айрилиқ, ўкинч, жавобсиз муҳаббат, рашк каби севган юракка хос кечинмалар ифода этилади. Бу фикрларга мисол сифатида шоирнинг «Соғинч», «Булутлар кўп тунаган тоғ», «Анор гуллади», «Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг», «Баҳор ва сен», «Кўнгил осмонида юлдизлар сўлғин», «Гуллар англамас» ва бошқа шеърларини келтириб ўтиш мумкин.

И.Юсуповнинг лирик қаҳрамони тарихий, ижтимоий, ҳаётий ўзгаришларга, ислоҳотларга бепарво қарамайди, уларга ўзининг тарихий, аҳлоқий-тарбиявий, ижтимоий мазмундаги муносабатларини билдириб боради. Бу ўзгаришларни у халқнинг аҳлоқ-одаб меъёрлари, тушунчалари билан баҳолайди. Шоир­нинг фикрича ҳар қандай сиёсий-иқтисодий ўзгаришлар, ислоҳотлар инсон манфаатларига, унинг маиший ва маънавий эҳтиёжларига хизмат қилиши лозим. Бундай мавзудаги асарларидан «Монокультура ҳақида қўшиқ», «Анемия», «Орол элегиялари», «Қайта қуришнинг болаларига», «Виждон монологи» ва бошқа кўплаб  шеърларини келтириш мумкин. Уларда шоир Совет ҳокимияти даврида иқтисодий сиёсат, ишлаб чиқариш муносабатлари, хўжалик бошқаруви усулларининг нотўғри олиб борилгани оқибатида юзага келган қийин ижтимоий ҳолатларни, инсон манфаатлари, ҳаттоки инсон тақдирининг монокультурага айналган, пахтага алоқадор бўлиб қолганини чуқур сиёсий билим, юксак шоирона истеъдод билан очиб беради.

Мустақиллик йиллари И.Юсуповнинг шеъриятида янги босқич бўлди. У янги даврнинг нафасини, танланган йўлни тўғри англади. Ҳар қандай эътиборга молик ўзгаришлар, янгиликлар шоир диққатидан четда қалмади. У Ўзбекистон мустақиллигини, Қорақалпоғистон суверенитетини катта қувонч, билан баланд овозда жўшиб куйлади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг гимни, «Президент», «Икки сўз», «Мустақиллик майдонидан ўтганда», «Саҳро гули» шеърларида мустақиллик тонгига, истиқлол қуёшига қувонган инсоннинг ҳаяжони, шодлик туйғуларини ифода этади.

И.Юсупов теран ўй-фикрли, ғоялари ўткир, ҳаётий масалаларни эстетик, бадиий эмоцияни туйғулар орқали таъсирчан ифодалайдиган моҳир шоир эди. Унинг шеърларидаги сўзлар мавзунинг мазмунига қараб қатъий танлаб олинган. Унинг ­шеърлари бирор сўзи, бирор товушини алоҳида бўлиб олиш мумкин бўлмаган қуйма сатрлардан иборат. Бу сатрларнинг бошқача таҳририни яратиш мушкул иш. Қуйидаги мисраларни айнан қорақалпоқ тилида келтирамиз:

Адамның бир парасы бар:

Оқымай-ақ санасы бар.

От жаққыштан дана шығар,

Сөзге қулақ түре-түре.

Қалаўын тапсаң қар жанар,

Жүйсиз урсаң балта сынар,

Жигит жаслай дилўар болар,

Мәжилиске кире-кире.

Дүнья қуўған байыр өтер,

Ел қыдырған сайыл өтер,

Из қалдырып шайыр өтер,

Сөз маржанын тере-тере.

И.Юсуповнинг шоирлик маҳоратини, улуғлигини англаш учун унга дунё адабиёти даражасида қараш ва баҳолаш керак бўлади. Унинг шеъриятини ҳар томонлама ўрганганда шарқ ва ғарб шеъриятининг ёқимли руҳияти, жупар ҳидини ҳис қилиш мумкин. Шоир шеъриятида Алишер Навойи, Умар Ҳайём, Низомий, Саадий, Ҳофиз, Махтимқули, Ажиниёз, Бердақ ва Абайнинг шеърият бобидаги устозлик мактаби таъсирини кўриш мумкин.

Шунингдек, шоир шеъриятида таниқли рус шоирлари Пушкиннинг сўз сеҳри, Александр Блокнинг лирик қаҳрамони тақдирининг Ватан тақдири билан қўшилиб, уйғунлашиб кетиш мотиви, Сергей Есениндаги муҳаббат тараннуми, Анна Ахматова шеъриятининг ихчамлиги, лаконизми, яъни ҳар бир сўзга, ҳаттоки ҳар бир товушга поэтик юк ортиш маҳорати кўринади.

Шу билан бирга И.Юсупов ўзига замондош таниқли шоирлар ва ёзувчилар Расул Гамзатов, Чингиз Айтматов, Давид Қуғултинов, Қайсин Қулиев, Зулфия, Римма Казакова, Еркин Ваҳидов, Абдулла Арипов ва бошқалар билан дўстлик, қардошлик, устоз ва шогирдлик бобида ўзаро яқин муносабатда бўлди. Улар бир-биридан ижодкорона ўрганди, намуна олди. Шоир уларнинг ҳар бирига илиқ туйғуларга йўғрилган шеърлар битди.

Хулоса қилиб айтганда, И.Юсупов ўзининг шоирлик истеъдодини авайлаб асради. Уни худо берган тақдир деб билди, шоирлик миссиясини умрининг охиригача масъулият билан ўтади. «Ҳақиқий шоирнинг икки ҳаёти бор, бири унинг тириклигидаги, иккинчиси оламдан ўтгандан сўнгги ҳаёти» деган гап бор. Биринчи ҳаёт ҳамма шоирларга тегишли, иккинчи ҳаёт шеърияти асрлар давомида яшайдиган талантли шоирларга хосдир. И.Юсупов тириклигидаёқ энг кўп ўқиладиган, китоблари қўлма-қўл бўладиган шоир бўлди. Оламдан ўтганига ўн бир йил бўлса ҳам унинг китоблари одамлар излаб юрадиган қадрли мулкка, халқимизнинг маънавий хазинасига айланди. Сабаби, И.Юсупов шеъриятини инсонлар шунчаки завқланиш ёки дам олиш учун ўқимайди. Ундан жон озиғини олиб, маънавий юксалади, олий туйғуларни ҳис қилади, ўзини қийнаб юрган саволларига жавоб топади. Шоирнинг китоблари ҳозирги вақтда библиографик қадриятга айналган. Ҳаттоки, унинг 2018 йилда чиққан 3 томлик асарларининг энг сўнгги нашри ҳам қисқа вақт ичида сотилиб, уни китоб дўконларидан топиш қийин бўлиб қолган.

И.Юсупов ўз халқини чексиз севди, халқ ҳам уни севди. Шоир халқдан битмас куч-қувват, жўшқин илҳом олди, шоирдан халқнинг кўнгли озиқланди, маънавий бойлик олди. Шу боис И.Юсупов халқ шоири бўлиб мангу яшайверади.

Қурбанбай Жаримбетов,

Филология фанлари доктори,

профессор, Қорақалпоғистон

Республикасида хизмат кўрсатган

фан арбоби.