Одил судлов самарадорлигини янада ошириш иқтисодий процессуал ҳуқуқининг бугунги долзарб масалаларидан биридир. Корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳимоя қилиш эса суд ишларини юритишни соддалаштиришга бевосита боғлиқ. Шу туфайли иқтисодий суд ишини юритишда соддалаштирилган тартиб жорий этилди.
Мазкур тартиб жорий йилнинг 21 март кунидан бошлаб қонуний кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан татбиқ этилди.
Иқтисодий процессуал кодекси «Соддалаштирилган тартибда иш юритиш» деб номланган алоҳида 231-боб билан тўлдирилиб, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан-энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса-энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан ошмаса, ушбу даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланди.
Бу корпоратив низолар бўйича ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларга тааллуқли эмас.
Соддалаштирилган тартибдаги ишлар суд муҳокамаси ўтказилмасдан, тарафлар чақирилмасдан ва уларнинг тушунтиришлари эшитилмасдан, даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Шунингдек, иш даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича суд томонидан кўриб чиқилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига ИПКнинг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилганлиги ҳақидаги далиллар илова қилинади.
Ушбу талабларга тўлиқ амал қилинган бўлса, суд иш соддалаштирилган тартибида кўрилиши ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатган ҳолда даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқаради, акс ҳолда даъво аризаси қайтарилади.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига ИПКнинг 149 ва 151-моддаларига амал қилинмаганлиги сабабли 68 та соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги даъво аризалари қайтарилган.
Жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасининг кўчирма нусхаси ўзига топширилган пайтдан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Даъво аризасининг судга юборилиши ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Белгиланган муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, далиллар ва бошқа ҳужжатлар, агар уларни белгиланган муддатда тақдим этишнинг имкони бўлмаганлиги тараф томонидан асослантирилган ва улар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар келиб тушган бўлса, қабул қилинади.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддатини ИПКнинг 164-моддасида назарда тутилган тартибда узайтиришга йўл қўйилмайди.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради ва ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Ҳал қилув қарори ИПКнинг 21-бобида назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, ушбу бобда белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан қабул қилинади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ихтиёрий тартибда ижро этилади.
Кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича қайси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар ихтиёрий тартибда ижро этилмаган бўлса, ўша ҳал қилув қарори тарафларнинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ИПК V-бўлимининг қоидаларига биноан, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозим.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган тартибида кўриш амалиётининг жорий этилиши нафақат мамлакатимиз миллий қонунчилигининг ютуғи, балки республикамизга нуфузли халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликлари томонидан муносиб баҳо берилиши, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида назарда тутилган индикаторлар бўйича ўрнининг яхшиланиши учун муҳим омил ҳисобланади.
Б.Темирханова,
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий
суди раиси.



