Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Гулойим” операсининг премьераси бўлиб ўтди.
“Қирққиз” достони асосида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат арбоби Нажимаддин Мухамеддинов томонидан басталанган операнинг либеретто муаллифи Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матякубовадир. Мазкур асарда Гулойим бошчилигидаги қирқ қизнинг озодлик ва хурлик учун курашдаги қаҳрамонлиги тасвирланади.
Опера санъати тарихида илк бор халқ достонларини куйлаган бахши ва жировлар маҳорати симфоник оркестрга ҳамоҳанг жаранглаган 3 актли, 11 картинали эпик опера ўша даврнинг кўриниши, жировнинг “Қирққиз” достонини куйлаши билан бошланади. Дастлабки саҳнада Эрон подшоҳи Нодиршоҳ вазири Қулимбек билан хоразмлик йигит Арислонни асирга олишни, унинг синглиси Олтинойни саройга олиб келишни буюради.
Қалмоқ хони Суртайша билан бўлган жанг майдони. Уларнинг ичида Аллаярбой, унинг йигитлари ҳамда Гулойимнинг онаси Ақсулув ҳам бор. Аллаяр ўзи ўлса ҳам халқини озод этишини сўрайди.
Гулойим қизлари билан Саркопга етиб келади. Суртайша вайрон этган ерларни кўриб, жангга отланади. Саҳнада ушбу жанг кўриниши тасвирланади.
Қоратоғда Гулойим ов овлаб юрган Арислонни кўради. У қизларга жангда ёрдам беришини билдиради. Сарбиноз қаршилик қилса ҳам Гулойим унга ишонади.
Шундан сўнг, Гулойим бош бўлган қирқ қиз Суртайшанинг қўрғонига ҳужум қилади. Узоқ давом этган жангда Гулойим ва унинг қизлари ғалабага эришади. Асирга олинганлар, жумладан ботир қизнинг онаси Ақсулув озод этилади. Арислон энди Хоразмда қолган онаси ва синглиси Олтинойни қутқаришни сўрайди. Энди улар биргаликда Нодиршоҳ аскарларига қарши жангга отланади. Арислоннинг онаси ва синглиси озод қилиниб, Нодиршоҳ билан вазири Қулимбек асирга олинади.
Шундай қилиб, Туркистонда тинчлик ҳукм суради. Арислон билан Гулойим бахтли ҳаёт кечиради.
Операда бош ролларни Меҳрийбон Жиемуратова, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Дарибай Хожамбергенов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Элиза Айтниязова, Айимгул Юсупова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Наўриз Мухаммедяров, Бағдат Абдуллаев, Қорақалпоғистон халқ жирови Бақберген Сиримбетов, “Ниҳол” мукофоти совриндори Саламат Аяпов, Мадияр Бекполатов ҳамда Наўриз Қидирниязов ва бошқалар маҳорат билан ижро этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлишди.
Премьерадан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамраев, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ артисти Р.Абдуллаев, “Гулойим” операси муаллифи, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат арбоби Нажмаддин Мухамеддинов, либеретто муаллифи Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матякубова ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни республикамиз маданияти ва санъати тарихидаги тарихий воқеа билан қизғин табриклади.
Операни саҳналаштиришда мусиқа раҳбари ва дирижёри Қорақалпоғистон халқ артисти Аида Абдуллаева, режиссёрлар Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоблари Баўетдин Баймурзаев ва Бердибай Утебаев, дирижёрлар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Қурбанбай Заретдинов, Байрам Отарбаев, хормейстерлар Айпара Толепова, рассом Тимур Шардеметов, концертмейстер Юлдуз Атаджанова, балейтмейстерлар Ўзбекистон халқ артисти Абибулла Шарипов ва театр ижодий жамоаси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали талаба ёшларининг меҳнатлари алоҳида эканлиги қайд этилди.
Шундай қилиб, театр жамоаси томонидан “Ажиниёз”, “Тўмарис” опералари, “Айжамал”, “Қирққиз” балетларидан кейин “Гулойим” миллий операсининг саҳналаштирилиши санъат ихлосмандлари учун ажойиб совға бўлди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.



