МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ҚОНУНИЙ КАФОЛАТЛАНГАН


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасига мувофиқ ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Давлат органлари ва муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсади 2017 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди.

Мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийлик, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги асосий принциплар ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Лекин, мурожаатларнинг турларидан қатъий назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади.

Қонунда мурожаатга қўйилган талаблар ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра, жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Юридик шахснинг мурожаатида эса юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши лозим. Шунингдек, мурожаатда давлат органи, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг элек­трон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши, мурожаатлар ўзбек, қорақалпоқ ва бошқа тилларда ҳам берилиши мумкин.

Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг ­фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Мазкур қонун талабларига риоя этилмаслиги оқибатида мурожаат ононим деб топилиши ва кўрмасдан қолдирилшига асос бўлиши мумкин.

Шунингдек, Қонуннинг 29-моддасида мурожаатларни кўрмай қолдириш асослари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, аноним мурожаатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мазкур Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Қонуннинг 3-моддасида такрорий мурожаат сўзига тариф берилган бўлиб, унга кўра, такрорий мурожаат – айни бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган, унинг аввалги мурожаати юзасидан қабул қилинган қарор устидан шикоят қилинаётган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилаётган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайт­га келиб қонун ҳужжатларида белгиланган кўриб чиқиш муддати тугаган бўлса, илгариги мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги тўғрисида хабар қилинаётган мурожаат ҳисобланади.

Мурожаатлар қонунда назарда тутилган ҳолларда кўриб чиқилиши тугатилиши ҳам мумкин.

Бу қайси ҳолатлар эканлиги қонунда батафсил белгилаб берилган.

Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилиши лозим.

Агар қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган бўлса, мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга, бошқа ташкилотларга ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатларни бериш муддатлари, қоида тариқасида, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахcларининг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.

Давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар шу орган, ташкилот томонидан ёки мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича зиммасига мажбуриятлар юклатилган мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилади.

Давлат органига, ташкилотга келиб тушган мурожаатлар бўйсунув тартибида қуйи турувчи бўлинмаларга ҳам юборилиши мумкин.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатга жавобни давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг мансабдор шахси имзолайди.

Жамоавий мурожаатларга жавоб, агар мурожаатда жавобни бош­қа шахсга юбориш талаб этилмаган бўлса, мурожаат қилувчиларнинг рўйхатида биринчи кўрсатилган шахсга юборилади.

Қонунга мувофиқ, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ҳам белгиланган бўлиб, унга кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Агар, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлса, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 44-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг амал қилиши кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бош­қа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга, давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Шу боис, барча мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳам қайд этилган қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилишини тақозо этмайди.

Демак, мурожаатлар процессуал бўлган ёки процессуал бўлмаган мурожаатлар бўлиши мумкин. Яъни процессуал бўлган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2018 йил 6 июлдаги РС-36-18-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда бошқа қонунлар ҳужжатлари асосида кўриб чиқилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судларига 2019 йилнинг биринчи ярми мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан жами 21 та мурожаат, суд раҳбарияти шахсий қабулларига фуқаролар ва юридик шахслар вакиллари томонидан 67 та ёзма ва оғзаки мурожаатлар қабул қилинди.

Барча мурожаатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси орқали келган мурожаатлар ҳам назоратга олиниб, белгиланган муддатларда мурожаат эгаси билан шахсий қабуллар ташкил қилиниб, муаммолари ижобий ҳал этилиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судларига 2019 йилнинг биринчи ярми мобайнида келиб тушган 4043 та ариза, даъво аризалардан судлар томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида 3279 таси ўз вақтида кўриб чиқилиб, якуний суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир давлат органи, ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари масъулият билан ёндашган ҳолда мурожаатларни қонуний, адолатли ҳал қилишлари лозим. Зеро, инсонга наф келтириш – олий бахтдир!

С.Ниязов,

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди судьяси.